Бугун дунёнинг турли минтақаларида кечаётган беқарорлик, мураккаб геосиёсий жараёнлар, кескинлик ва жаҳон миқёсида кучайиб бораётган иқтисодий тангликлар шароитида фаол ташқи сиёсат орқали халқаро майдонда миллий манфаатларни самарали илгари суриш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистоннинг тамомила янгича мазмун касб этаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсати туфайли мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланмоқда.
Бу жараёнда мамлакат парламенти ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, йирик халқаро парламент тузилмаларининг тўлақонли аъзоси сифатида нуфузли анжуманларга мезбонлик қилиб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.
Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган Халқаро парламент форуми ҳамда Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари 14-саммитининг муваффақиятли ўтказилгани бунга ёрқин мисол бўла олади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдирган эди.
Швейцариянинг Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ) бош котиби Мартин Чунгонг ва Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўртасида ПИнинг 150-юбилей ассамблеясини 2025 йил Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жаҳондаги 180 та парламентни бирлаштирган ушбу нуфузли тузилма ўзининг юқори органи Ассамблеяни парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси мавжуд бўлган мамлакатларда ўтказади.
Ассамблеянинг илк бор Марказий Осиё минтақасида, Ўзбекистонда ўтказилиши эса Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини тасдиқлайди.
Минтақамизда парламент йўналишидаги бундай кенг кўламли тадбирнинг илк бор ўтиши Ўзбекистон парламентининг БРМни амалга оширишдаги фаол иштироки, норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартларига мос равишда такомиллаштирилиши, парламент даражасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглиги масалаларини илгари суриш, Ёшлар парламенти доирасида ёшларни қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб этилиши билан изоҳланади.
Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясининг мамлакатимизда ўтказилиши парламентлар ўртасида халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон парламенти фаолияти билан танишиш, 2030 йилгача бўлган стратегияни амалга оширишда парламентларнинг иштирокини кенгайтириш, БРМ эришиш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар имкониятларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашда парламентлар ҳамкорлигини кўриб чиқиш имконини беради.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 27.03.2024
- Кўришлар: 1914
- Чоп этиш