Сенат аъзоси Фарҳод Боқиевга кўра, аҳоли сонининг мунтазам ортиб бораётганлиги туфайли жамоат транспортига қўйилган талаб кучайган, бироқ баъзи жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қоляпти. Айрим ҳайдовчиларда муомала маданиятининг етарли эмаслиги ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётгани эса мутасадди ташкилотларга мурожаатлар сонининг ортишига олиб келмоқда.
Сенатнинг ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев Транспорт вазирига аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан сенатор сўрови юборди.
Сенатор сўровида қайд этилишича, аҳоли сонининг мунтазам ортиб бораётганлиги туфайли жамоат транспортига қўйилган талаб кучайган, бироқ баъзи жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қоляпти. Хусусан, ҳудудларда жамоат транспорти воситалари сони етарли эмас ва белгиланган ҳаракат жадвалларига риоя этилмайди, бу эса муаммоларни янада кўпайтирмоқда.
Шунингдек, айрим транспорт воситаларининг эскиргани ва техник ҳолатининг талабга жавоб бермаслиги ҳаракат пайтида бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши эҳтимолини ошираётгани, шу билан бирга, атроф муҳитнинг ифлосланиши ортиб, тирбандликлар кун сайин долзарб муаммога айланаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар учун автотранспорт воситаларига чиқиш учун махсус мосламаларни ўрнатиш ишларига етарли эътибор берилмаётгани, шаҳарлараро жамоат транспортидаги ҳамда бекатларни реконструкция қилиш каби масалаларда сақланиб қолаётган муаммолар кўрсатиб ўтилган.
Сенатор сўровида ҳудудлардаги жамоат транспортлари учун яратилган шароитлар, транспорт воситаларининг техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб бериши, кунлик йўлкира ҳақи режа-топшириғини бекор қилиш, шаҳарлараро жамоат транспортлари қатновини яхшилаш, чипталар сотилиши ва соҳа шаффофлигида ўз ечимини кутаётган ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш каби масалаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилиши ҳамда соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиришга оид тегишли таклифлар тақдим этиш сўралган.
Kun.uz
- Қўшилди: 24.01.2024
- Кўришлар: 2525
- Чоп этиш