Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) веб-сайтида эълон қилинган ҳисоботга кўра, келгуси беш йил ичида глобал ҳарорат саноатдан олдинги кўрсаткичдан вақтинча 1,5 даражага ошиб кетиши кутиляпти.
80 фоизни ташкил қиладиган бу эҳтимолий миқдор инсоният сайёрамиздаги иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувида белгиланган мақсадга тобора яқинлашаётганидан огоҳлантиради. Шу боис ҳарорат беш йилда эмас, балки ўнлаб йиллар давомида, узоқроқ муддатда ошишига эришиш лозим.
Тахминлар 2024-2028 йиллар оралиғида ўртача глобал ҳарорат 1850-1900 йиллардагидан 1,1-1,9 даража юқори бўлишини кўрсатмоқда. Ҳозирча 2023 йил рекорд даражадаги энг иссиқ мавсум сифатида қайд этилган.
Иқлим бўйича Париж келишуви 2015 йил декабрда Франция пойтахтида бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциянинг 21-конференцияси якуни бўйича қабул қилинган. Ҳужжатни 175 давлат имзолаган. ЖМТ маълумоти келгуси беш йилда глобал ҳарорат рекорд даражага етиши мумкинлиги келтирилган. Бунга антропоген омил, яъни иссиқхона гази ва табиий омил – океан оқими даврининг Ла-Нинёдан Ал-Нинёгача ўзгариши сабаб бўлади. Айни ҳодиса нафақат сайёрамиздаги ўртача ҳароратга, балки ёғингарчилик тартибига ҳам таъсир қилади. 2023 йил ёзда бошланган оқим фазаси ўзгаришининг ўзига хос хусусияти шундаки, Ла-Нинё пайти иссиқлик атмосферадан океанга интенсив равишда тушади, Ал-Нинё даврида эса оқим океандан атмосферага кўчади.
С.Раҳимов,
ЎзА
- Қўшилди: 11.07.2024
- Кўришлар: 1414
- Чоп этиш