Президент қарорлари – амалда
Боболардан қолган минг йиллик гап бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Агар ҳавода чанг бўлмаганида инсон минг йил умр кўриши мумкин эди.
Чанг – ҳавода муаллақ турадиган зарралар. У ҳар қандай модда ва жисмлардан ажралиб чиқади. Кўзга кўринар-кўринмас бўлгани билан тузилиши қаттиқ бўлади. У шунинг учун ҳам кислород билан яшайдиган барча жонзот учун зарарли.
Бир замонлар ҳавони ифлослантирувчи моддалар, асосан, органик эди. Бу моддалар табиатнинг ўзидан – ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва бошқа тирик организмлардан ажралиб чиқарди. Бугун дунёда саноат ва бошқа соҳалар йилдан-йилга ривожланмоқда. Бу эса табиатга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Ҳавода энди ноорганик, яъни турли қаттиқ моддалар, минерал ва металлардан ажралиб чиқадиган зарралар ҳам кўпаймоқда.
Ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқорилаб, экологик вазиятнинг ёмонлашиб бораётганлиги Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Бу, юқорида таъкидланганидек, табиий омиллар, саноат, транспорт ва маиший чиқиндилар натижасида юзага келмоқда. Масалага қўл қовуштириб, жим қараб турилгани йўқ. Имкон қадар турли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 сентябрда “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Мазкур ҳужжат билан атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024-2030 йилларга мўлжалланган Миллий дастур тасдиқланди. Ушбу дастур доирасида бир қатор муҳим йўналишлар белгиланди.
Дастурда чанг ва қум бўронларининг олдини олиш ва оқибатларини юмшатишда илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ҳудудларда яшил қопламаларни кенгайтириш вазифаси устувор деб қайд этилди.
Қурилиш майдонларидаги чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.
– Қарорда 2025-2028 йилларда чанг бўронларини прогнозлаш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилган, – дейди иқлимшунос, география фанлари бўйича фалсафа доктори Эркин Абдулаҳатов. – Бу тизим табиий офатларни олдиндан билиш ва аҳолини вақтида огоҳлантириш имконини беради. Экологик таълимни кучайтириш вазифаси қўйилгани эса аҳоли билимини ошириш билан бирга, экологик жараёнларда фаол иштирок этишга ундайди. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва келажак авлодларга тоза ва соғлом муҳит қолдиришда ушбу чора-тадбирлар катта аҳамиятга эга.
Бугун ҳавонинг сифатини мониторинг қилишда замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда. Хусусан, замонавий автоматик стационар асбоб-ускуналар ишлатилмоқда. Бунда ҳар ўн дақиқада ҳаво сифат даражаси таҳлиллари амалга оширилади. Шунингдек, Гидрометеорология хизмати агентлиги “Замин” фонди кўмаги ёрдамида республикамизнинг ҳар бир вилояти марказларига ана шундай стационар постлар ўрнатди. Тегишли платформа – monitoring.meteo.uz орқали исталган киши шаҳарларнинг ҳаво сифат даражаси рухсат этилган меъёрга нисбатан ўзгаргани билан боғлиқ кунлик маълумотларни кўриб бориши мумкин. Янги қарор билан бундай лойиҳалар кўлами анча кенгаяди.
Сир эмас, баъзан-баъзан пойтахтимиз ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида “пешқадам” бўлади. Энди бу борадаги масалани юмшатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, келаётган йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрининг ўн иккита туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш ишлари бошланади. 2026 йилнинг бошидан эса аҳолининг кенг қатламлари ва жамоатчиликни атмосфера ҳавосининг сифати бўйича ишончли маълумотлар билан таъминлаш мақсадида шаҳардаги махсус мониторларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси маълумотлари эълон қилиб борилади.
Мутахассислар Тошкент шаҳри ҳавосини ифлослантиришда иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарида фойдаланилаётган ёқилғи турини ҳам сабаб сифатида кўрсатишади. Шу жиҳатни инобатга олиб, 2030 йилдан бошлаб пойтахт ва унга туташ вилоят ҳудудларида жойлашган ана шундай корхоналарга ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.
Тошкент шаҳрига туташ туманларда жойлашган мингдан ортиқ иссиқхоналарда фойдаланилаётган кўмирнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш чораси кўрилади. Бунинг учун уларга чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади. Бу эса тадбиркорлардан маблағ талаб қилади. Шунинг учун ускуналарни ўрнатишда иссиқхона хўжаликларига субсидия ажратиш механизми жорий қилинади.
Дарахтлар – табиатнинг ўпкаси. Кейинги йилларда мамлакатимизда яшил майдонларни кўпайтириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Қарорда бу борадаги ҳаракатларга алоҳида урғу берилди. Бу бўйича катта иш бошланади. Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларида 2025-2030 йиллар давомида “яшил белбоғ” ва “яшил боғлар” барпо этиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Кўзга кўринмас зарралар ортидан пайдо бўлаётган улкан муаммоларни ҳал этиш йўлидаги ҳаракатлар янги босқичга кўтарилаётгани қувонарли. Ишлар самара бериши учун эса барчамиз табиатни севиш ва асраш йўлида якдил бўлишимиз керак.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 584
- Чоп этиш