“Китай” журналида “Ўзбекистон аёллари – мамлакатдаги демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчилари” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Нашр қайд этишича, мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгликни таъминлашга қаратилган янги механизмни назарда тутувчи асосни мустаҳкамлаган. Асосий Қомуснинг 58-моддасида давлат хотин-қизлар ва эркаклар учун жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятни таъминлайди, дейилган.
– Хотин-қизлар улуши тадбиркорликда 37 фоиз, сиёсий партияларда 46, олий таълим муассасаларида 48 фоизга етди, – деб ёзади журнал. – Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Шунингдек, мақолада хотин-қизларнинг сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратиш муҳим йўналишга айлангани таъкидланган. 2017 йил 102 400 нафар аёл олий ўқув юртига ўқишга кирди, 2023 йилга бу сон қарийб 5 баробар ошди. Айни тизимни давлат томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Ватандошлар ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, бу борада қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Жумладан, 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имконият кафолати тўғрисида”ги қонун айни соҳадаги муносабатлар тартибга солинишини назарда тутади. Ҳужжат янги тушунчалар моҳиятини очиб берган.
– Ўзбекистонда аёлларнинг ҳам ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳам оиладаги мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дея хулоса қилади муаллиф. – Бу аёлларга нисбатан юксак ишонч ифодаси, уларнинг давлат ва жамият тақдирига дахлдор вазифаларни амалга оширишдаги иштироки муҳимлиги эътирофидир.
ЎзА
- Қўшилди: 11.03.2024
- Кўришлар: 1986
- Чоп этиш