Тарих шундан далолат берадики, инсоният ўзининг тараққиёт босқичларида доимо мулоқот қилиш, бирга яшаш қонун-қоидаларига муҳтож бўлган. Инсонлар бунинг учун зарур бўлган қонун-қоидаларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилган.
“Конституция” атамаси ҳуқуқий тушунча сифатида узоқ йиллар давомида турли маъноларда қўллаб келинган. Аслида “constitutio” сўзи лотинча бўлиб, “Тизим, тартиб ўрнатиш, тузилиш, тузук” деган луғавий мазмунларни беради. Ҳозирги пайтда жаҳонда 200 дан кўпроқ давлатнинг ва 300 га яқин Федерация субъектининг конституциялари амал қилади.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Конституция ва қонун устунлиги тамойили, бу барқарор тараққиётнинг асосий мезонидир”.
Республикамиз Конституциясининг яқин тарихига назар ташласак, Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди.
Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Лойиҳа 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессияси муҳокамасига киритилди ва янги Конституция қабул қилинди.
Дарҳақиқат, тарихий жараёнларни кузатар эканмиз, Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат сифатида шаклланиб борганини кўриш мумкин.
Янги таҳрирдаги Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлди. 2022 йил 25 июнидан 5 июлга қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Конституциянинг бу матни олим ва мутахассислар томонидан кабинетларда яратилмади. Балки даставвал икки босқичда халқнинг фикри, таклифлари ўрганилди.
Шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланди. Авваллари Конституция қабул қилишда дастлаб лойиҳа ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига қўйилган. Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Мазкур Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ кафолатланиши қайд этилди. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида муҳим қадам саналади.
Нодира РАСУЛОВА,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти, тарих фанлари номзоди
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 240
- Чоп этиш