Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ХХ асрнинг энг муҳим ҳужжатларидан биридир. У 350 дан ортиқ тилган таржима қилинган. Декларация қабул қилинганига 75 йил бўлганига қарамасдан, бугунги кунгача у давлатлар, шахслар ва нодавлат ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятининг асоси ҳисобланади.
Мазкур ҳужжат дунёнинг деярли барча мамлакатлари томонидан ратификация қилинган ва бошқа ҳеч қайси халқаро ҳужжат бундай шарафга даъво қила олмайди. Чунки унда сайёрамизда яшаётган ҳар бир инсоннинг, у қаерда туғилгани, яшаётгани, қайси миллатга мансублиги, қандай тилда сўзлашиши, диний эътиқодидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани белгиланган.
1948 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бугунги кунда маълум бўлган инсон ҳуқуқлари тушунчасининг туб моҳиятини очиб берди. Декларация турли сиёсий тизимларга эга бўлган давлатларда инсон ҳуқуқларини бир хилда тушуниш учун зарур шарт-шароитларни яратиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида стандартлаштиришга асос солди.
Декларациянинг тарихий аҳамияти
1943-1945 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини ишлаб чиқиш жараёнида Инсон ҳуқуқлари декларациясини ишлаб чиқиш зарурлиги масаласи кўтарилган. Нима учун айнан шу пайтда инсон ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилиш механизмини яратиш муаммоси бунчалик долзарб аҳамият касб этди ва уни янги халқаро ташкилотни яратиш билан боғлаш қанчалик асосли эди?
Бунинг сабаби Декларация Муқаддимасида баён қилинган. Жумладан, унда инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсоният виждони қийналадиган ваҳшиёна ишлар содир этилишига олиб келганини, кишилар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлигига эга бўладиган ҳамда қўрқув ва муҳтожликдан ҳоли шароитда яшайдиган дунёни яратиш, инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан ҳимоя этилиши зарур эканлигини эътиборга олиб, барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида айни Декларация ишлаб чиқилгани таъкидланган.
Нацистлар Германиясининг Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ваҳшийликлари жамоатчиликка маълум бўлгач, БМТ Низомида инсон ҳуқуқларини етарлича аниқ белгиланмаганлиги, ҳали ҳимоя қилиниши лозим бўлган жиҳатлар жуда кўплиги аён бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, БМТ Низомида "инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" каби атамалар ишлатилмаган, фақат "инсон ҳуқуқларига ҳурматни рағбатлантириш ва ривожлантириш" жумласигина қўлланган. Ушбу ҳолатда шахснинг ҳуқуқларини батафсил санаб ўтадиган ва тавсифлайдиган умумжаҳоний бир ҳужжат зарур эди.
Шу маънода, Декларацияни Иккинчи жаҳон уруши давомида содир бўлган ваҳшийликларга халқаро ҳамжамиятнинг жавоби сифатида тушуниш мумкин. Дунёнинг ярми вайронага айланган, миллионлаб одамлар ҳалок бўлган, инсоният ҳаёти издан чиққан ўша даврда Декларация бундай даҳшатли ҳаракатларнинг такрорланишига ҳеч қачон йўл қўймаслик учун халқаро мажбуриятни белгилаб берди.
Шундай қилиб, тарихда биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича нормалар умумлаштирилиб, 30 та моддадан иборат ягона ҳужжат шаклига келтирилди. Шундан:
- 3 та моддада – эркинлик ва тенгликнинг асосий тамойиллари;
- 21 та моддада – фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар;
- 6 та моддада – ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар;
- 1 та моддада – шахснинг мажбуриятлари белгиланди.
Декларациянинг ҳуқуқий аҳамияти
Бугунги кунда деярли барча ҳуқуқшунос олимлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини инсон ҳуқуқларини универсаллаштиришнинг асоси деб билади. Чунки биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар айнан шу ҳужжатда бирлаштирилиди.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжат, ўзининг тавсиявий характерга эга эканлигига ҳамда сиёсий хусусиятига қарамасдан, бутун халқаро ҳамжамият томонидан халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни келтириб чиқарадиган ҳужжат сифатида тан олинган. У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизимини ривожлантиришда янги саҳифа очган ҳужжатдир.
Декларация ҳар қандай демократик жамиятда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларнинг ҳурмат қилиниши ва уларга амал қилиниш даражасини аниқлаш учун мезон вазифасини бажаради. Унга барча давлатлар ва халқлар бажариши лозим бўлган вазифа сифатида қаралади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, унинг номидан кўриниб турибдики, универсалдир. Яъни, ундаги нормалар дунёнинг барча мамлакатларидаги барча одамларга тегишли.
Декларациянинг асосий тамойил ва қоидалари жаҳондаги аксарият давлатларнинг Конституцияларидан жой олди ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчилиги ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди ва миллий ҳуқуқнинг таркибий қисмига айланди. Хусусан, ҳозирги вақтда 1948 йилдан кейин қабул қилинган 100 дан ортиқ давлатларнинг миллий Конституцияларида Декларация қоидаларига уйғун ва ҳамоҳанг кўплаб моддалар мавжуд.
Декларация инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа кўплаб халқаро мажбурий аҳамиятга эга бўлган пакт ва конвенцияларни, хартия ва бошқа шартномаларни ишлаб чиқиш учун асос яратди. Шу нуқтаи назардан, у барча мамлакатларда рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши керак бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича универсал стандартлар учун аниқ “йўлчи юлдуз” вазифасини бажарди, десак, ўринли бўлади.
Декларация инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро нормаларни яратиш бўйича ҳуқуқ ижодкорлигининг бошланғич нуқтаси бўлгани учун ҳам унда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ифодалаш мумкин эмас. Айнан шу омил кейинчалик 1966 йил 16 декабрда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг қабул қилинишига сабаб бўлди.
Мазкур пактларда Декларацияда назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлар янада аниқлаштирилди ҳамда тўлдиради. Улар Декларациядан фарқли равишда мажбурий характерга эга. Дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу икки пактнинг иштирокчилари ҳисобланади, бу уларга ушбу пактларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш мажбуриятини юклайди.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ҳамда унинг иккита қўшимча протоколи, шунингдек, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро биллни ташкил этади.
Декларациянинг Ўзбекистон ривожланишида тутган ўрни
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Зеро, демократик, ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини жамиятни ривожлантириш ва давлат қурилишининг, бутун ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгилади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик нормаларида ўз ифодасини топган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистонда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш йўлида катта аҳамият касб этди. Эндигина мустақилликка эришган Ўзбекистон ўз Конституциясини, ундаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи нормаларни шакллантиришда Декларация дастуриламал вазифасини бажарган.
Таъкидлаш жоизки, 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган иккинчи бўлимида Декларациянинг деярли барча норма ва қоидалари ўз ифодасини топган бўлса, жорий йилнинг 30 апрелидаги референдум натижасида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституцияда Декларация билан бирга, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт нормалари ҳам анча кенг ўрин олди.
Шу маънода, бугунги кунда Ўзбекистон Конституциясини Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл нормаларини ўзида мужассамлаштирган етук ҳуқуқитй ҳужжат сифатида эътироф этиш мумкин.
Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз тарихида биринчи марта Декларацяининг 1-моддасида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларининг табиий хусусиятини эълон қилди. Конституциянинг 19-моддасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши белгилаб қўйилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияси 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги ҳамда миллий қонунчиликка нисбатан устун аҳамиятга эгалиги тан олингани, айниқса, диққатга сазовордир.
Шу билан бирга, Конституциямизнинг 19-моддасида Ўзбекистонда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан эътироф этилиши ва кафолатланишининг белгиланиши, Декларациянинг инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган норма сифатида мамлакатимизда тўғридан-тўғри амал қилиши назарда тутилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда БМТнинг бошқа ҳужжатлари қатори Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш Халқро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан йўллаган мурожаатида барча давлатларни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигинг 75 йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол ҳаракатларни амалга оширишга, ушбу соҳада юзага келган муаммоларни ҳал қилишга чақирди.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” фармони қабул қилинди. Фармон билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ушбу Фармон назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланиши бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ва тизимлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уни тарғиб қилиш, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ёрдам беради.
Мухтасар айтганда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ахлоқий, ҳуқуқий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, инсон ҳуқуқлари концепциясини доимий равишда кенгайтириш ва такомиллаштириш учун катта аҳамиятга эга ҳужжатдир. Бинобарин, агар 75 йил ортга назар солсак, 1948 йилда қабул қилинган Декларациянинг сезиларли ютуқларни қўлга киритганига гувоҳ бўламиз.
Декларация орқали миллионлаб одамларнинг кундалик ҳаёти яхшиланди, сўзлаб бўлмайдиган азоб-уқубатларнинг олди олинди ва адолатли дунёнинг пойдевори қўйилди. Декларациянинг вақт синовидан ўтганлиги, тенглик, адолат ва инсон қадр-қимматининг кафолатловчи нормалари унинг умумбашарий табиатидан далолат беради.
Шундай экан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги муносабати билан барчамиз бирлашишимиз ва бор кучимизни мамлакатимизда инсон қадр-қиммати ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга, ушбу соҳадаги муаммоларни ҳал этишга, Декларацияда белгиланган тамойил ва қадриятларни жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётига янада кенг жорий этишга сафарбар этишимиз даркор. Шундагина мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя рўёбга чиқиб, Ўзбекистонимиз инсон ҳуқуқлари тўла қарор топган давлатлар қаторидан жой олажак.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош юрисконсульти
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 12 июль кунги 137-сони
- Қўшилди: 12.07.2023
- Кўришлар: 6463
- Чоп этиш