“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва халқ хизматидаги давлат бошқаруви

15 сентябрь – Халқаро демократия куни

 

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасида халқимизнинг демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби қадриятларга содиқлиги ифода этилган. Ижтимоий адолат тамойили мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Демократия тамойилларига асосланган фуқаролик жамиятини барпо этиш шароитида ижтимоий адолат инсониятнинг олий маънавий қадриятларини тасдиқлайди. Шунингдек, бу қадриятларнинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ролини таъминлайди.

Шу маънода, 2023 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилингани алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ушбу дастуриламал ҳужжатда халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш ҳамда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш каби бир қанча муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Фикримизча, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси айнан Халқаро демократия куни арафасида тасдиқлангани замирида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Бинобарин, 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси демократия тамойилларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида 15 сентябрни – Халқаро демократия куни сифатида нишонлаш бўйича резолюция қабул қилган.

Мазкур сана тарихи, аслида, 1997 йилга бориб тақалади. Ўша йилнинг сентябрь ойида Парламентлараро иттифоқ томонидан Демократия тўғрисидаги умумжаҳон декларация қабул қилинган. Ушбу Декларация демократия тамойилларини, демократик давлатнинг унсурлари ва белгиларини ҳамда демократик давлат ва жамиятнинг халқаро тавсифини ўзида акс эттиради.

Шу муносабат билан Бош Aссамблея резолюцияси асосида 15 сентябрь куни халқаро сана сифатида таъсис этилган. БМТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ва нодавлат ташкилотлар, алоҳида шахсларга мурожаат қилиниб, жамоатчиликнинг демократияга оид билимлари, унинг асл маъно-мазмунидан хабардорлигини ошириш мақсадида ушбу кунни дунё миқёсида нишонлаш таклиф қилинган.

Ўтган даврда ҳар йили Халқаро демократия кунини маълум бир мавзуга бағишлаган ҳолда, демократияни тарғиб қилиш бўйича турли ташаббусларни илгари суриш яхши анъанага айланди. Бу йилги Халқаро демократия кунининг мавзуси “Келгуси авлод имкониятларини кенгайтириш” деб номланди.

Бунда ёшларнинг демократияни ривожлантиришдаги муҳим ролига урғу берилмоқда. Навқирон авлод вакиллари дунёсига чуқур таъсир кўрсатадиган қарорларда ёшларнинг овози бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланмоқда.

Сир эмаски, ҳал қилинмаган можаролар, иқлим ўзгариши таҳдидининг кучайиши ва молиявий тартибсизликлар бутун дунёда демократия учун доимий хавф туғдирмоқда. Пандемия ва ундан кейинги иқтисодий таназзул даври эса ёшлар учун бир қанча муаммоларни, хусусан, уларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари йўлида муайян қийинчилик ва тўсиқларни келтириб чиқарди.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилги Халқаро демократия кунида бугун ва келажакда демократияни таъминлашда болалар ва ёшларнинг муҳим ролига эътибор қаратилмоқда. Аслида, “Келгуси авлод имкониятларини кенгайтириш” шиорининг туб моҳияти шунда.

Халқаро демократия куни дунёда демократия ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш учун яхши имконият ҳисобланади. Демократия нафақат мақсад, балки жараён ҳам бўлиб, халқаро ҳамжамият, давлат ҳокимияти органлари, жамият ва алоҳида фуқароларнинг ҳар томонлама иштироки ва қўллаб-қувватлаши билан дунёнинг ҳар бир бурчагида ҳар бир инсон учун демократия ғояларини амалга ошириш мумкин.

Эркинлик ғоялари, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, умумий сайлов ҳуқуқига асосланган даврий ва ҳаққоний сайловлар тамойили демократиянинг муҳим хусусиятлари ҳисобланади. Ўз навбатида, демократия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва самарали амалга ошириш учун табиий шароитларни таъминлайди.

Ушбу қадриятлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз аксини топган. Демократиянинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, чинакам демократик давлатларнинг устунлари бўлган сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролар эркинликлари тўпламини ўзида мужассам этган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда янада чуқур очиб берилган.

Ўзбекистон шу кунга қадар демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича нуфузли ташкилотларнинг 80 дан ортиқ халқаро шартномаларига қўшилган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидалари Ўзбекистон Конституциясида, шунингдек, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлайдиган миллий қонунчилик нормаларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлигининг асосини инсонпарварлик ва адолат, инсон ҳуқуқлари, унинг шаъни ва қадр-қиммати каби умуминсоний тамойиллар ташкил этади. Ижтимоий адолат инсоният тарихида асрлар мобайнида шаклланган муҳим ижтимоий ғоя ва халқнинг доимий орзуси бўлиб, жамиятда рўй бераётган ислоҳотлар даврида унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Жамиятимизда рўй бераётган демократик ўзгаришлар эса бу эзгу тамойиллар ҳаётга изчилллик ва қатъият билан татбиқ қилинаётганининг ёрқин далили сифатида эътирофга лойиқ. Бунга куни кеча Президентимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси яққол мисолдир.

 

Ҳусниддин Холмаматов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech