Ёшлар ва глобал чақириқлар: барқарорлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш

Марказий осиё ёшлар форумининг биринчи ялпи мажлисида шу ҳақда сўз борди. Бунда, аввало, Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар соҳасида яна бир муҳим ташаббус – БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилгани таъкидланди. Ушбу ташаббус минтақа ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг яққол намунасидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2023 йил 15 сентябрда Марказий Осиё давлат раҳбарлари ёшларни жамиятнинг маданий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига янада кенг жалб этиш учун шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган “Ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим”ни имзоладилар. Ушбу минтақавий ҳужжатни қабул қилишдан мақсад ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Биринчи ялпи мажлисга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Матилда Богнер, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлар агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттахонова модераторлик қилди.

БМТТДнинг зўравон экстремизмнинг олдини олиш масалалари бўйича халқаро эксперти Жозеф Гайт, халқаро эксперт Дамир Тузмухаммедов, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси Отабек Шавкатов, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича фаоллар – Алия Турдиева (Қирғизистон) ва Фируза Расмухамедова (Ўзбекистон), Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа менежери Бобуршоҳ Алимовнинг маърузалари тингланди.

 Маърузачилар қайд этганларидек, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларидан самарали фойдаланиш учун муҳим бўлиб, бағрикенглик, камситмаслик, тенглик, низоларнинг олдини олиш, ва зўравон экстремизмга қарши курашишга ёрдам беради. Самарали инсон ҳуқуқлари таълими нафақат инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида билим беради, шунингдек, кундалик ҳаётда инсон ҳуқуқларини илгари суриш, ҳимоя қилиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантиради.

Иштирокчилар ёшларнинг замонавий жамиятдаги асосий ролини муҳокама қилдилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ёшлар ўртасида зўравон экстремизмга қарши кураша оладиган, хабардор ва фаол фуқароларни шакллантиришга қандай ёрдам бериши мумкинлиги кўриб чиқилди.

Келгусида ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги амалий ишлар ва сиёсий ташаббуслар учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган қарорлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун амалий таклифлар илгари сурилди. Давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва ёшлар ташкилотлари ўртасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Сўзга чиққанларнинг фикрича, ёшларни уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ва режалаштириш жараёнларига жалб этиш жуда муҳим. Навқирон инсонларнинг тенг имкониятларини таъминлаш, салоҳиятини ўстириш ва ҳаётини фаровонлаштиришга қаратилган дастур ҳамда лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва ривожлантирилишини рағбатлантириш зарур.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

«Дунё» АА

БРМ

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech