Тўртинчи миллий ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича жамоатчилик эшитувига бағишланган брифинг

Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳи доирасида Ўзбекистон Республикасининг Тўртинчи миллий ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича жамоатчилик эшитувига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва “UPR INFO” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда вазирлик ва идоралар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилот раҳбарлари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.

Брифинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Матилда Богнер сўзга чиқди.

Акмал Саидов ўз нутқида бугунги кунда давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш борасида, хусусан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа барча йўналишларида кенг қамровли самарали чоралар кўрилганини таъкидлади. Ушбу ислоҳотлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий шарҳ бўйича Ишчи гуруҳининг 44-сессиясида Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузаси кўриб чиқилиши асносида хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланганлиги эътироф этилди.

Универсал даврий шарҳ мажбуриятлари ҳукуматлар томонидан ихтиёрий равишда қабул қилиниши, ҳурмат қилиниши ва миллий даражада амалга оширилиши кераклигига эътибор қаратилди. Олдинги даврларда бўлгани каби, Ўзбекистон универсал даврий шарҳ тавсияларини кўриб чиқишга ижобий ёндашди.

Универсал даврий шарҳ конструктив жараён бўлиб, унинг ёрдамида ҳар бир давлат инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларини бажариш бўйича амалга оширилган ҳаракатларни эълон қилиши мумкин. Универсал даврий шарҳ орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажриба намуналари бутун дунё бўйлаб ҳавола этилади. Ҳозирги вақтда бошқа шунга ўхшаш универсал механизмлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Универсал даврий шарҳ доирасида ҳам миллий ҳисоботи кўриб чиқилаётган давлат, ҳам тавсия этувчи давлат сифатида 18 йилдан ортиқ тажрибага эга. Мамлакатимиз универсал даврий шарҳ тавсияларини бажаришга катта аҳамият беради.

А.Саидов Тўртинчи миллий ҳисоботни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлагани учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасига чуқур миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Универсал даврий шарҳ тавсияларини бажаришга ҳамиша хайрихоҳ эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Матилда Богнер маърузасида ўзи бошқараётган Минтақавий ваколатхона Ўзбекистон ҳукуматига Универсал даврий шарҳ бўйича тавсияларни амалга ошириш ва миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, М.Богнер Ўзбекистонга Универсал даврий шарҳнинг 4-цикли доирасида берилган тавсияларнинг барчаси муҳим эканлигини қайд этди. Бинобарин, мазкур тавсиялар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва миллий қонунчиликни қабул қилишдан тортиб, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши чоралар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини қондириш амалиётини ўзгартиришгача бўлган кенг кўламли масалаларни қамраб олган.

Маълумот учун: Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи томонидан 6 ноябрдан – 17 ноябрга қадар ўтказиладиган сессияда миллий маърузалари кўриб чиқиладиган 14 давлатдан бири ҳисобланади. Мамлакатимизнинг Универсал даврий шарҳ бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи миллий маърузалари 2008 йил декабрь, 2013 йил апрель ва 2018 йил май ойларида кўриб чиқилган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech