“ЛЕВ ТОЛСТОЙ ҲИКМАТЛАРИ” КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

2024 йил 23 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида академик Акмал Саидовнинг “Лев Толстой ҳикматлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбири “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган IV Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган ушбу адабий анжуманда Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, “Янги аср авлоди” нашриёти директори Эркин Абдураҳмонов, шунингдек, Лев Толстой асарларини ўзбек тилига таржима қилган таржимонлар, адабиётшунос олимлар, педагоглар, талабалар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Академик Акмал Саидов илмий-ижодий фаолияти маҳсули бўлган китоблари орқали мамлакатимизда интеллектуал иқлим яратишга катта ҳисса қўшмоқда, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров. – “Лев Толстой ҳикматлари” китоби жуда улкан меҳнат, изчил изланишлар натижасидир. У китобхон халқимизни даҳо адиб Лев Толстой ижодига янада яқинлаштиришга ҳисса қўшади. Шу билан бирга, ҳар бир ҳикмат муайян изоҳ ҳам талаб қилади. Агар ҳикматли фикрлар Лев Толстой асарининг қайси саҳифасидан олингани ҳам кўрсатилса, унинг мағзини чақишга қизиққан китобхон учун айни муддао бўлади. Китобнинг кейинги нашрларида мана шу жиҳатга эътибор қаратилишини таклиф қиламан

Тадбирда таъкидланганидек, академик Акмал Саидов томонидан нашрга тайёрланган “Лев Толстой ҳикматлари” китобида улуғ рус адиби ва мутафаккири Л. Н. Толстойнинг ўзбек тилига таржима қилинган барча асарларидан саралаб олинган ҳикматли фикрлар жамланган.

Панд-насиҳат ва танбеҳ, фавқулодда ўхшатиш ва ноодатий ёндашув руҳидаги ушбу ҳикматлар зукко китобхонни беэътибор қолдирмайди, денгиздан томчи мисол китобхон қалбига кириб бориб, уни келгусида адиб асарларини тўлиқ ҳолда мутолаа қилишга ундайди.

Шунингдек, ушбу нашрда Хитой фалсафий мактабининг асосчиларидан бири, донишманд Лао Цзенинг Л. Н. Толстой томонидан сараланган ҳикматлари ҳам китобхонлар эътиборига ҳавола этилган. Л. Н. Толстой ҳаёти ва ижодий фаолиятининг асосий саналари, шу билан бирга ёзувчининг ўзбек тилига таржима қилинган асарлари рўйхати хронологик тартибда келтирилган.

– Ушбу китобдан ўрин олган ҳикматларнинг бир қисми журналимизда ҳам нашр этилган, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Улар инсонни фикрлашга, оламга Лев Толстой нигоҳи билан назар ташлашга ундайди. Айниқса, ёш авлодни китобхонликка ўргатишда муҳим аҳамиятга эга.

Китобда жаҳон адабиётининг ёрқин вакили Л. Н. Толстой ҳаёти ва ижоди тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилган.

Барча халқларнинг севимли адиби, бетакрор истеъдод соҳиби Лев Николаевич Толстой 1828 йил 9 сентябрда Россия империяси Тула губерниясининг Ясная Поляна ер мулкида граф Николай Ильич Толстой ҳамда графиня Мария Николаевна Толстая оиласида таваллуд топган.

Л. Н. Толстойнинг адабий мероси ниҳоятда улкан. У 170 га яқин асар ёзиб қолдирган. Асарлари ҳозирга қадар дунёнинг деярли барча мамлакатларида 436 миллиондан кўпроқ нусхада нашр этилган.

Илк бор ўн икки ёшида “Азиз холажон” (“Милой тетеньке”) шеъри билан ижод оламида тетапоя қилган Л.Н. Толстой “Оилавий бахт” (1859), “Уруш ва тинчлик” (1863 – 1869), “Анна Каренина” (1873 – 1877), “Тирилиш” (1889 – 1899) каби романлар, “Болалик” (1852), “Ўсмирлик” (1854), “Ёшлик” (1857), “Икки гусар” (1856), “Катта ер эгасининг тонги” (1856), “Поликушка” (1862), “Казаклар” (1863), “Иван Ильичнинг ўлими” (1884 – 1886), “Крейцер сонатаси” (1887 – 1889), “Сергий ота” (1890 – 1898), “Ҳожимурод” (1896 – 1904) каби қиссалар, “Иқрорнома” (1882), “Ҳаёт йўли” (1910) каби диний-фалсафий асарлар, “Севастополь ҳикоялари” (1855 – 1856), “Уч ўлим” (1859), “Кавказ асири” (1872), “Базмдан сўнг” (1903) каби баркамол ҳикоялар, шунингдек, кўплаб фалсафий-ахлоқий ҳикоя, эртак ва масаллар, педагогик-дидактик асарлар, пьеса ва шеърлар, публицистик мақолалар билан жаҳон адабиёти хазинасини бойитган.

Бугунги кунда Л.Н. Толстойнинг деярли барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Лев Толстой ижодини халқимизга ўзбек тилида етказишда Абдулла Қаҳҳор, Кибриё Қаҳҳорова, Мирзакалон Исмоилий, Холида Аҳророва, Озод Шарафиддинов, Уйғун, Наби Алимуҳамедов, Мирсаид Сиддиқ, Иброҳим Назир, Ҳаким Сатторий, Саид Азим Усмоний каби таржимонлар катта ҳисса қўшганлар.

“Лев Толстой ҳикматлари” китобида Л. Н. Толстойнинг ҳозирга қадар ўзбек тилига таржима қилинган барча асарларидан саралаб олинган афоризмлар жамланган.

– Бугунги тезкор замонда аксарият ёшлар қисқа ҳажмли матнларни мутолаа қилишни афзал кўришади, – дея таъкидлади “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф. – Шу нуқтаи назардан, “Лев Толстой ҳикматлари” китоби айни вақтида нашр этилган. Китобда буюк адиб Лев Толстойнинг бутун фаолияти ва ижоди қамраб олинган. Унинг ҳар бир асарига алоҳида диққат билан эътибор қаратилган. Бу асарларнинг ўзбек тилига таржима қилиниши, шунингдек, унинг таржимонлари ҳақида ҳам муфассал маълумот берилган.

Китоб тақдимоти йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech