Ҳар бир фуқаро қулай атроф-муҳит ва унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга

Атроф-муҳит инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсир қилувчи муҳим омилдир. БМТ маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 30-40 фоизи атроф-муҳит ҳолатига боғлиқ.

Қулай атроф-муҳит табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.  

Шу боис, кўпгина ривожланган давлатларда ҳам ушбу муаммо кенг муҳокама этилмоқда ҳамда экология, атроф-муҳит муҳофазасига оид янги нормалар конституцияларга киритилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг  49-моддасида ҳам Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича давлат томонидан чоралар кўрилиши мустаҳкамлаб қўйилган.  

Пойтахтимизда “Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, халқаро экспертлар, экологлар иштирок этди.  

Семинар давомида Ўзбекистондаги асосий экологик муаммолар, бу муаммоларни ёритишда юзага келадиган қийинчиликлар, бу борада ҳукуматнинг фуқаролик жамияти билан янада самарали ҳамкорлик қилиши каби масалалар муҳокама қилинди.  

Тадбирда Бутунжаҳон экологик хартиясининг қабул қилиниши, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт кўчати экилиши, БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини “экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциясининг қабул қилиниши ва бошқа ислоҳотлар қайд этилди. Қонунчиликда ҳар бир фуқаронинг қулай атроф-муҳит ва унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳуқуқи мустаҳкамланган ва ҳар бир фуқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мажбур экани белгилаб қўйилган.  

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сувни тежовчи ва энергосамарадор технологияларни татбиқ этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, экологик тоза транспортлар сонини ошириш ва яшил майдонларни кўпайтириш орқали “яшил ўсиш” тамойиллари интеграцияси устида иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда экологик муаммолар муҳокамасига жамоатчилик кенг жалб қилинган. Бу аҳолининг экологик билимларини ва уларнинг атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммолардан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech