Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг янги босқичига асос солинди. Бу борада ўтган бир йил ичида қатор муҳим натижаларга эришилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида болалар масаласига алоҳида устуворлик берилди. Алоҳида боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишланди.
Президентимизнинг “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Болалар омбудсмани институтининг ташкил этилиши жамият учун болалар муаммоларига эътиборнинг муҳим кўрсаткичи сифатида намоён бўлди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ўтган 2023 йилда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу йўналишдаги ислоҳотларни мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам бўлди.
Мазкур қонун билан амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, бундай қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланиб, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди. Болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ўзгартиришлар киритилди.
Мажлисда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиқиш давомида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан берилган бир қатор таклиф ва тавсиялар ишчи гуруҳ йиғилишларида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти ҳужжат матнида акс эттирилди.
Хусусан, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи субъектлар қаторига Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ҳам киритилди. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт жорий қилиниб, болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда. Ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан берилиши ва зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилиши белгилаб қўйилмоқда.
Таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланадиган шахсларнинг доираси кенгайтирилмоқда.
Хусусан, қасддан одам ўлдирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик, худди шунингдек уни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этганлик, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналарни ташкил этганлик ёки сақлаганлик каби ҳолатлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Ота-оналарнинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши кераклиги белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонунига тегишли қўшимча киритилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Телеграм канали
- Қўшилди: 31.05.2024
- Кўришлар: 1488
- Чоп этиш