Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов 2025-2028 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. БМТнинг мазкур органига Ўзбекистондан биринчи марта вакил сайланди.
29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси бўлиб ўтди. Сессия доирасида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди.
Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат – Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д’Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Корея Республикаси, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борди.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод –академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олди.
Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз вакилининг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланиши тарихий воқеа сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди.
БМТ Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида амалга оширилган аниқ чора-тадбирлар – болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ижобий натижаларга эришилганини, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги барча масалалар юзасидан очиқ мулоқотга тайёрлигини эътироф этади, дея таъкидланган "Дунё" ахборот агентлигининг айни мавзудаги хабарида.
Ўзбекистон БМТнинг нуфузли шартномавий органига сайланиши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорлик қилиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этади.
Шу билан бирга, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзолик мазкур тузилма доирасида қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш ва бу борада илғор тажриба алмашиш имконини беради.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари қўмитаси – БМТнинг мустақил экспертлардан иборат органи бўлиб, 1977 йилда таъсис этилган. Унга аъзо давлатлар томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилишини мониторинг қилади. Қўмита фаолияти инсоннинг барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.
Қўмита таркиби 18 аъзодан иборат бўлиб, иштирокчи давлатлар уларни ўз фуқаролари орасидан сайлайди. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга 173 та давлат аъзодир. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилган.
«ТОНГ ЮЛДУЗИ» газетасининг 2024-йил 24-сони
- Қўшилди: 11.06.2024
- Кўришлар: 1437
- Чоп этиш