СТРАТЕГИЯ ВА ЁНДАШУВЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ УЧУН ҚУЛАЙ МАЙДОН

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми:

 

Шу йил 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтади. “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш” мавзулига бағишланган ушбу анъанавий халқаро анжуманда муҳокама қилинадиган масалаларнинг аҳамияти ва мунозаралардан кутилаётган натижалар хакида Инсон хунуклари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТнинг Инсон хунуклари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов газетамизга батафсил маълумот берди.

— Бугунги кунда бутун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган сайёравий кўламдаги учта таҳдид — иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши инсонларни улар эга бўлган асосий ҳуқуқлар билан таъминлаш йўлида жиддий тўсиқ яратмоқда.

Иқлим ўзгаришлари ва экология муаммолари инсоннинг яшаш, соғлиғини сақлаш, овқатланиш, тоза сув истеъмол қилиш, хавфсиз тураржойга эга бўлиш каби асосий ҳуқуқларига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатаётгани учун, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳит — бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Марказий Осиё минтақаси ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда.

Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Мамлакатимиз 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган. Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган мамлакатларнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади.

Иқлим бўйича илк глобал битим ҳисобланувчи 2015 йил 12 декабрда қабул қилинган Париж битими Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжат глобал исишнинг олдини олиш учун глобал ҳаракат режасини белгилаб беради. Битим табиий ёқилғилардан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, албатта. Бироқ барча мамлакатлардан ҳавони ифлослантиришни камайтириш, технологик қайта қуролланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш кераклиги сўралади. Бундан ташқари, энергия қувватларини етказиб беришда ҳам аста-секин қайта тикланувчи энергияга ўтилиши лозим.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларига дахлдор бир қанча янги ташаббусларни илгари сурганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни вақтда халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги ушбу ташаббуслар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.

Мамлакатимизда БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича резолюциясини хаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чоратадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ишлар давом эттирилмоқда.

Давлатимиз ва жамиятимиз экологик муаммоларни ҳал этишда дунё ҳамжамиятининг куч ва имкониятларини бирлаштириш, саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарур деб ҳисоблайди. Шу боис Президентимизнинг бу борадаги изчил сиёсати асосида:

биринчидан, жамиятимизда, айниқса, маҳаллаларда табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш маданиятини шакллантиришни умуммиллий амалий ҳаракатга айлантириш;

иккинчидан, экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларни, хусусан, “Яшил макон 2” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш;

учинчидан, сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисмини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтириш;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, соҳага янги инновацион агротехнологияларни кенг жорий этиш, яратилаётган янги деҳқон хўжаликларини ҳақиқий ер эгасига айлантириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Янада муҳими, экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.

Асосий Қонунимиз “Муқаддима”сида эътироф этилганидек, биз “мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб”, ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.

Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: “Ҳар ким кулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга”, деб қайд этилган.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури — 2017 — 2021   йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси,

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал дастурларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра кўпроқ эътибор қаратилган.

Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижроси доирасида Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи 2021 йилда “Экология ҳукмки ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайди.

Маълумки, COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал берди. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва бажарилиши зарур даражада таъминланмасдан қолди.

Она заминимиз сув захираларини оқибатини ўйламасдан исрофгарчилик билан сарфлаш, табиат ва биохилма-хилликка мунтазам зиён-заҳмат етказиш, Ер ва коинотни чиқиндихонага айлантириш, ана шу салбий жараёнлар асносида кутилажак турли офатларга қарши кураш имкониятларининг чекланишига бевосита сабабчи бўлиш — буларнинг барчаси инсоният бошига янгидан-янги балолар ёғдирмоқда. Боз устига экологик офатлар мавжуд таҳдиду хатарларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.

БМТ Университети ҳамда Атроф-муҳит ва инсон хавфсизлиги институтининг “2023 йилдаги табиий офатларнинг ўзаро боғлиқликдаги хатарлари” номли маърузасида шу ҳақда сўз борган. Ҳисоботда сайёрамизда истиқомат қилаётган жами инсонларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатадиган глобал хатарларнинг ўзаро уйғун олтита омили санаб ўтилган.

Булар:

  • биохилма-хиллик барҳам топишининг тезлашиши;
  • шу билан боғлиқ ҳолда экотизимнинг издан чиқиши;
  • ер ости сувларининг кескин пасайиши оқибатида сув захираларининг камайиб кетиши;
  • тоғ музликларининг эриши;
  • коинотда чиқиндиларнинг кўпайиши;
  • об-ҳавонинг ҳаддан ортиқ исиб кетиши.

Ушбу салбий омилларнинг ўзаро омихталигида юзага келаётган иқлим инқирози ва турли экологик офатларнинг оқибатларидан ҳар бир инсон азият чекмоқда. Шу маънода, бўлажак Самарқанд форумининг асосий мақсади — иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдан иборат эканлиги айни муддаодир.

Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади. Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади.

Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. Янада муҳими, Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасидаги мунозаралар мавжуд экологик муаммолар ечимига нафақат миллий ва минтақавий даражада ёндашиш, балки бу долзарб масалаларга яна бир бор халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш имкониятини яратиши муқаррар.

«Халқ сўзи».

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech