Анъанавий халқаро анжуман – Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумида 200 нафардан зиёд хорижий мутахассис иштирок этмоқда. Улардан бири – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов. Ҳамдўстлик вакили анжумандан кутилаётган натижа, қабул қилинажак ҳужжатлар ва тузилманинг экология йўналишидаги фаолиятига алоҳида тўхталди:
– Тадбирда муҳокама қилинаётган масалалар нафақат долзарб, балки чинакам ҳаётий аҳамиятга эга. Атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва табиий-иқлим барқарорлиги ўртасидаги мувозанатни топиш инсон тириклигининг муҳим шартига, фаровон турмуш калитига айланмоқда.
Инсониятнинг барқарор ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган иқлим ўзгариши саломатлик, сув ва озиқ-овқатдан фойдаланиш, хавфсиз, тоза ва соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу маънода ўз айбимиз туфайли экологияда юз бераётган ҳалокатли ўзгаришлар кўламини англаб етиш жуда муҳим.
Бутун дунё мамлакатлари қатори Ҳамдўстлик аъзолари ҳам иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга қаратилган узоқ муддатли стратегик дастурлар қабул қилмоқда. Бу жараёнда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами талаби ва ҳуқуқи алоҳида эътиборга олинмоқда.
Бу муаммони фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, яъни инсон учун қулай яшаш шароити яратиш, салбий ўзгаришларнинг олдини олиш, барқарор ривожланишни таъминлаш орқали муваффақиятга эришиш мумкин.
Шу боис ҳам “Атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ҳамкорлик қилиш, экологик хавфсизликнинг кенг кўламли халқаро тизимини шакллантиришда иштирок этиш” Ҳамдўстлик давлатларининг умумий мувофиқлаштирувчи институтлари орқали тенг ҳуқуқли асосда амалга ошириладиган қўшма фаолият сифатида МДҲни тузиш тўғрисидаги Битимга киритилган.
МДҲ давлатлари Давлатлараро экологик кенгаши шундай мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. Тузилма аъзолари ташаббуси билан Ҳамдўстликда табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик, экологик маданиятни шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, “яшил иқтисодиёт”га ўтишни рағбатлантириш каби турли масалаларга тааллуқли иқлим кун тартибига доир, атроф-муҳитдан фойдаланишни такомиллаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинган.
Хуллас, атроф-муҳитга салбий таъсирни самарали камайтириш, табиий мажмуаларни тиклаш, биология ва ландшафт хилма-хиллигини сақлаш, иқлимга таъсирни минималлаштиришда давом этиш бутун дунё ҳамжамияти каби МДҲ мамлакатлари олдидаги муҳим вазифа.
МДҲнинг 2030 йилгача иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга ошириш тадбирлари режасида табиий ресурслардан самарали фойдаланишга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Экологик тоза ёнилғи турлари, ноанъанавий ва тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, энергетикани инновацион ривожлантириш ва ушбу соҳада илғор технологиялар яратиш шулар жумласидан.
Экология масаласини таълим ва маданий дастурларга киритиш, тўпланган тажрибани замонавий илмий билим билан интеграция қилиш жамиятда инсонни табиий тизим ва биохилма-хилликни сақлаш, табиат билан уйғун яшашга ундайдиган қадриятлар тизимини шакллантириш имконини беради.
Шундан келиб чиқиб, Ҳамдўстликда аҳоли, айниқса ёшларни экологик тарбиялаш масаласига алоҳида урғу берилади. 2030 йилгача бўлган даврда халқаро ёшлар ҳамкорлиги Стратегиясига мувофиқ, ёшларда соғлом турмуш тарзи кўникмасини, экологик онгни ва ижобий ижтимоий мотивни шакллантириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
МДҲга аъзо давлатлар барқарор ривожланишини, аҳоли ҳаётда юқори сифатли саломатликни фақат атроф-муҳитни соғломлаштириш орқалигина таъминлаш мумкин.
Умумий вазифамиз – атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва келгуси авлод учун асраш. Ишончим комилки, форумда кўриб чиқиладиган масалалар атроф-муҳит муҳофазасини меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, сув ресурсларини комплекс бошқариш, фойдали қазилмалар конларини ўзлаштиришда экология хавфсизлигини таъминлаш, техноген экологик ва бошқа табиий офатлар оқибатини юмшатиш бўйича тўпланган тажрибани умумлаштириш имконини беради.
Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 20.06.2024
- Кўришлар: 1307
- Чоп этиш