Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва миллий механизмлари

9 июль куни пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан  шу мавзуда уч кунлик ўқув курси бошланди. Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва  Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўқув курси Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ижроси доирасида ўтказилмоқда. Маърифий тадбир БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллигига бағишланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўқув курси тингловчиларига йўллаган видеомурожаатида мамлакатимизда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини таъкидлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”. Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ушбу муҳим масала теран акс этган.

Ўз навбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқларга барҳам бериш ҳамда ҳар қандай зўравонликларнинг олдини олиш бўйича қатор қонунлар қабул қилинган. Уларнинг ижроси бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни алоҳида қайд этиш лозим. Бинобарин, аёлларни жамият ва давлат бошқарувига жалб этиш масаласи жуда муҳим.

Чунки хотин-қизлар жамият ҳаётида ва давлат ишларида қанчалик фаол бўлса, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўғри англаб етса, бугун тараққиётимизга тўғоноқ бўлиб турган айрим ижтимоий муаммоларга шунчалик тезроқ барҳам берилади. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, хотин-қизлар – миллат оналаридир.

Хотин-қизлар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур. Шундай экан, жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратиш олдимизда турган янги устувор вазифалардан ҳисобланади.

Ўқув курсининг очилишида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Муқаддам Расулованинг видеомурожаати ҳам намойиш этилди. Унда тингловчиларга ўқув курсидан кўзланган устувор мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича тушунча берилди.

Ўқув курсидан кўзланган асосий мақсад – Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш  маркази ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларига оид халқаро ва миллий механизмлар, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари юзасидан билимларини оширишдир.

Машғулотлар давомида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини таҳлил қилиш ва бу борада зарур кўникмаларни шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Машғулотларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ёрдамчиси Ойбек Аҳмадов “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги маърузаси билан давом эттирди.

Ўз навбатида, Миллий марказ етакчи мутахассиси Дилноза Раҳматжонова “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари: халқаро ва миллий механизмлар” мавзусида маъруза қилди.

Ўқув курсининг биринчи куни қизғин савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Машғулотларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказлари директорлари ҳамда ушбу Марказ ҳуқуқшунослари – жами 42 нафар иштирокчи онлайн қатнашмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech