Инсонга унинг ҳуқуқларини аниқ ва кенг тушунтириб бериш учун расмий ҳужжатларнинг шарҳларига таянишнинг ўзи етарли эмас. Бунда юридик энциклопедия ва ҳуқуқий атамалар изоҳли луғати каби қомусий китоблар ҳам баъзан кифоя қилмайди.
Ҳуқуқ соҳасини том маънода чуқур тушунтириш ва атрофлича тарғиб этиш учун уни тарихий, фалсафий, маънавий ва адабий нуқтаи назардан ҳам талқин қилиш тақозо этилади. Бу борадаги муваффақият, ўз навбатида, шундай қамровдор талқинга асосланган асарларни ёзадиган, таҳрир қиладиган ва нашр этадиган баркамол мутахассисларнинг қобилияти ҳамда салоҳиятига бориб тақалади.
Таниқли публицист ва адабиётшунос олим Маҳмуд Сатторов (тахаллуси: Маҳмуд Саттор) – худди шундай серқирра салоҳиятга эга ва ўз касбининг моҳири бўлган зиёли инсон эди. У қисқа умри давомида мавзуси ғоят ранг-баранг, мазмуни эса бири-биридан қизиқарли кўплаб китоблар ёзиб қолдирди.
Маҳмуд Сатторов 1948 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида таваллуд топган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги – Ўзбекистон Миллий университети) Ўзбек филологияси факультетини 1971 йили тугатган. Шундан сўнг 1971-1974 йилларда – ўрта мактаб ўқитувчиси, 1974-1987 йилларда – “Ўқитувчи” нашриёти муҳаррири, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. Ўз навбатида, 1985 йили “Ўзбек халқ ижодиётида тарихийлик ва замонавийлик” мавзусида филология фанлари номзоди илмий даражаси бўйича диссертация ёқлагач, 1987-2002 йилларда Маданият институти доценти мақомида талабаларга дарс берган.
Умрининг охирги йилларида таниқли адиб ва олим Адлия вазирлигининг “Адолат” нашриёти директори лавозимида хизмат қилди. Бу даврда унинг ижодий ва ташкилий саъй-ҳаракатлари эвазига, айтиб ўтганимиздек, ҳуқуқ соҳасини теран тарғиб этишга қаратилган кўплаб тарихий-фалсафий, маънавий-маърифий ва адабий-бадиий асарлар нашрга тайёрланди ҳамда чоп этилди.
Хусусан, “Адолат” нашриёти 2006 йили нашрдан чиқарган “Истиқлолнинг залворли қадамлари: ҳуқуқий демократик давлат сари”[1] китоби шулар жумласига киради. Маҳмуд ака муҳаррирлик қилган ушбу китоб муаллифи – таниқли давлат ва сиёсат арбоби ҳамда малакали ҳуқуқшунос Бўритош Мустафоевдир.
Маълумки, Б.Мустафоев турли йилларда Бош прокурор, Адлия вазири, Марказий сайлов комиссияси раиси, Конституциявий суд ва Олий суд раиси каби юқори лавозимларда хизмат қилган. Бинобарин, унинг китобида юртимизда истиқлолнинг дастлабки даврида қонун устуворлигининг жорий этилиши, бу борада масъул давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар салмоқли ҳаётий мисоллар орқали очиб берилган.
Жуда яхши эслайман: Маҳмуд ака умрининг сўнгги йилларида чиқарган асари – “Кул устида чўғ” китобига камина ҳам тақриз ёзиб, матбуотда эълон қилдирган[2]. Ўша китоб халқимизнинг атоқли шоир-ёзувчилари, турфа зиёлиларининг адабиёт ва санъат, илм-фан йўлидаги фидойи хизматлари тўғрисидаги очерк, мақола ҳамда эсселардан ташкил топганди.
Китобнинг “Озод фикр” деб номланган биринчи боби Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли публицист ва адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов хотирасига бағишланган ўнта эссени ўзида мужассам этган. Муаллифнинг ана шу эсселаридан бирида Озод аканинг ҳаёти ва фаолиятига: “илмни адабиётга боғлади, адабиётни маданиятга боғлади, ўтган асру тузумнинг энг яхши анъаналарини янги, истиқлол тузумига олиб ўтди", деган лутф мисолида юксак баҳо берилади.
Тўпламнинг кейинги боби – “Абдулла Орипов гурунглари” йигирмага яқин мухтасар эсседан иборат. Бу бадиаларда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов ҳаётидан жонли лавҳалар, ижоди, устозлар билан учрашувлари, хорижга сафарлари билан боғлиқ қизиқарли ва ибратли воқеалар қаламга олинган.
Шу ўринда “Шоир айтмоқчи...” номли эссе Абдулла Орипов шеьрияти моҳиятини очиб бериш, шоир ижодини илмий-адабий талқин ва таҳлил этиш борасидаги ўзига хос ёндашув, ўзбек адабиётида мазмун жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ҳам янги жанр – кашфиёт эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Китобнинг “Фазилат аҳли” номли охирги бобидаги мақола ва очеркларда қомусий олим, муаллиф таърифи билан айтганда, “сўнгги жадид – янги Насафий" Бегали Қосимов, таниқли шарқшунос Шорасул Зуннун, йирик фольклоршунос Малик Муродов, олим ва ношир Наримон Ҳотамов, ҳуқуқшунос олимлар Зоидбек Иномжонов ва Ғафур Абдумажидов, атоқли шоир Нормурод Нарзуллаев ва ёзувчи Тоғай Мурод каби зиёлиларимизнинг ҳаёти, ижоди, илмий кашфиётлари ҳақида ўқувчиларга ўзига хос содда ва равон тилда ҳикоя қилингани диққатга лойиқдир.
Маҳмуд аканинг мазкур адабий-публицистик асарига “Сўз шарафи” деган сўнгсўз ёзган таниқли журналист-педагог Сайди Умр қайд этганидек, “муаллиф қаҳрамонига айланган сиймо ҳаётдан ўтган бўлса қайта тирилиб, жонланади, ҳаёт бўлса ижтимоий шахс сифатида жуда эътибор топади. Чунки Маҳмуд Сатторов қаламида бу сиймоларнинг энг нозик, фақат ўзигагина тааллуқли ўзига хос хусусиятлари очиб берилади”.
Маҳмуд Сатторнинг ижоди ҳақида фикр билдирган бошқа зиёлилар ҳам адибнинг мушоҳада кўлами кенг ва ранг-баранглигини ҳақли равишда эътироф этганлар. Чиндан ҳам, унинг қаламига мансуб китоблар орасида, хусусан:
- “Миркарим Осим” (ҳаммуаллифликда, 1977 йил) – тарих;
- “Ватан осмони" (1983) – бадиий публицистика;
- “Олис юлдузлар жилоси” (ҳаммуаллифликда, 1984 йил) – адабиётшунослик;
- “Ўзбекнинг гапи қизиқ” (1994; 2011) – тилшунослик;
- “Тоғлар гавҳари" (ҳаммуаллифликда, 2001) – геология-минералогия;
- “Доира сеҳри” (2002) – санъатшунослик;
- “Инсон эрки – олий ҳуқуқ” (2003) – ҳуқуқшунослик;
- “Ўзбек удумлари” (2003) – элшунослик ва фольклор-этнография;
- “Ўзбек нима дейди” (2015) – миллий маърифат мавзуларидаги асарлар бор. Уларнинг аксарияти аллақачон ўзбек китобхони кутубхонасидан жой олиб улгурган.
Маҳмуд ака билан ҳаёт йўлларида бир неча бор юзма-юз учрашиш ва гурунглашиш имконига эга бўлганмиз. Шундай мулоқотлардан бири “Ўзбек удумлари” китобининг битилиши жараёнларига тўғри келганди.
У киши айни мавзудаги китобига ҳаётий маълумотларни жамлаш ишлари якунига етаётгани ва халқимизга хос ноёб анъана ва таомиллар ҳамда миллий урф-одатлар ҳақида билганларимни сўзлаб беришимни сўраган. Мен ўшанда Қашқадарё вилоятига сафарларим давомида бир неча бор Қарши тумани қишлоқларида дуч келганим “ҳайров” удуми ҳақида гапирганман.
Отам раҳматликнинг касб-кори мироблик бўлгани учун ўшанда дашт одамларининг кеч кузда ариқларни янгидан қазиш ва сув йўлини созлаш билан боғлиқ ибратли удумини қизиқиш билан ўргангандим. Маҳмуд ака эса ўзи қашқадарёлик бўлса ҳам, ушбу удумдан бехабар экан. Бу ҳолатни иккимиз “ҳайров” удуми асосан суғорма деҳқончиликка таянган дашт ҳудудларигагина хос эканлиги билан боғлиқ, деб талқин этганимиз кечагидек ёдимда.
Орадан маълум бир вақт ўтгач, Маҳмуд ака билан яна кўришдик. Муаллиф ўзининг “Ўзбек удумлари” китоби нашр этилганини билдириб, бир нусхасини каминага совға қилганди. Китобдан “ҳайров” удуми билан боғлиқ мухтасар маълумот ҳам жой олгани мени жуда қувонтирди ўшанда.
Қуйида айни шу маълумотни тўлиқ келтираман:
“...Мамлакатимизнинг жанубий вилоятлари – Қашқадарё, Сурхондарёда ҳашарга ўхшаш яна бир одат мавжуд. Бу «ҳайров» деб аталади. Бу тадбир – ҳашар баҳордамас, қора тирамоҳ – қишда ўтказилади. Қишлоқ-шаҳарларга обиҳаёт олиб келадиган бош ариқ ҳашар йўли билан лой-гилдан тозаланиб, йилда бир бор амалда қайта ковланади. Бу маросим ўтадиган куни ёшу қари ҳашарга – тўғрироғи, ҳайровга чиқади. Ҳатто йўлдан, кўприкдан ўтаётган йўловчи ҳам отдан тушиб, қўлига белкурак олиб, ариқ қазиган.
Яна бир қизиқ жойи – ариқдаги ҳайровчилардан бири кўприк устига чиққан йўловчига белкурак учида нон «узатган». Неъматдан кўзига суртиб, тотинган шахс бу рамз ила ўзини курашга чорлаётганликларини дарҳол тушунган.
Айтишларича, оппоқ соқолли чол кўприкка яқинлашганда, бир ёш йигит ўзига хос ҳазил қилмоқчи бўлиб, кекса йўловчига нон тутган. Чол удумни бажаргач, эшакдан тушиб, бамайлихотир ечиниб, ёлғиз яктак-лозимда бир белбоғ билан қолган. Йигит ҳайратланиб, бу чувак чол билан курашишини ҳам, курашмаслигини ҳам билмай турганида, мўйсафид оҳиста йигитни даст кўтариб айлантирган ва курагини ерга теккизган. Бўлган кулги, бўлган қийқириқ.
Ҳайров тадбири иштирокчилари ичаклари узилгунча роса кулишган. Шундан халқимизда «синамаган отнинг сиртидан ўтма», «кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни» деган мақоллар мавжуд”[3].
Шу биргина жонли мисол орқали Маҳмуд аканинг ҳам адиб, ҳам олим, ҳам ношир, ҳам тадқиқотчи мақомидаги холис ҳамда ишчан ижодий қиёфасини кўз ўнгимда яққол кашф этганман. Яъни, унинг китоблари – шунчаки ўйлаб топилган қуруқ уйдирмалар, столда муккадан кетиб ўтирганча тўқилган бўлмағур сафсаталар ёки бошқаларнинг асарларидан чалакам-чатти “кўчирилган” ғализ ва ишончсиз жумлалар йиғиндиси эмас, асло!
Аксинча, Маҳмуд ака Сатторовнинг асарларида ҳаётнинг ўзидан, шу ёруғ дунёда шахсан гувоҳи бўлган ва у билан елкама-елка яшаган инсонлардан тўғридан-тўғри сўраб-суриштирилган ва теран таҳлил қилиб ўзлаштирилган жонли лавҳалар битилган. Шунинг учун бу китоблар – ибратга бой, нодир тажрибаларга тўла ва тенгсиз билимлар манбаидир.
Дарвоқе, Маҳмуд Сатторов деярли барча китобларига “Миллатнинг кенжа бўғинига” деган доно бағишловни гоҳ тагсарлавҳа, гоҳ чорлов, гоҳ тилак кўринишида битиб қолдирганига кўп бор гувоҳ бўлдим. Бу ҳам, бир томондан, Маҳмуд аканинг ҳақиқий миллатсеварлиги ва ватанпарварлигини англатса, иккинчи томондан, у киши ўз замонасининг том маънодаги ҳалол ва жонкуяр зиёлиларидан бири бўлганлигини тасдиқлайди.
Мухтасар айтганда, зиёлиларимиз орасида атоқли олим Бегали Қосимов – сўнгги жадид адабиётшунос, журналистларнинг оқсоқол устози Бойбўта Дўстқораев – сўнгги жадид муаллим, профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом – сўнгги жадид таржимашунос сифатида улуғланиши бор гап. Бу – ўта муносиб ва ҳар қанча таҳсинга сазовор эътирофдир.
Демак, қанчадан-қанча атоқли жадид аждодларимизни қатағонга дучор этган собиқ мустамлака тузумининг сўнгги қақшатқич даврларида ҳам ўз соҳасининг камтар ва камёб асл жадидлари сафимизда – ёнгинамизда биз билан ҳамнафас яшаб ўтганлар. Маҳмуд Сатторов – ана шундай фидойи жадидларимиздан бири бўлса, не ажаб!..
Акмал САИДОВ,
академик
«Инсон ва қонун» газетасининг 2024 йил 23 июль кунги 29 (1441)-сони
[1] Қаранг: Бўритош Мустафоев. Истиқлолнинг залворли қадамлари: ҳуқуқий демократик давлат сари. – Т.: “Адолат”, 2006. – 302 бет.
[2] Қаранг: Акмал Саидов. Ҳаётни мунаввар этиб.../ “Моҳият” газетаси, 2008 йил 26 сентябрь.
[3] Қаранг: Саттор, Маҳмуд. Ўзбек удумлари. – Т.: “Адолат”, 2004. – 55-56-бетлар.
- Қўшилди: 24.07.2024
- Кўришлар: 1292
- Чоп этиш