ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МАРКАЗИНИНГ 2024 ЙИЛ 1-ЯРИМ ЙИЛИДА АМАЛГА ОШИРГАН ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН
АХБОРОТ
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар доирасида қонунчилик, ҳуқуқ амалиёти ва халқаро ҳамкорлик бўйича изчил ишлар давом этмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан воситаларини барпо этиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат органлари ходимлари ва аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тизимли фаолият йўлга қўйилган.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самаралари туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи сезиларли даражада юксалди. Халқаро ҳамжамият билан кенг кўламли ҳамкорлик туфайли Ўзбекистон бир қанча ютуқларга эришди.
Буни 2024 йилнинг ўтган даврида қўлга киритилган муҳим натижалар яққол тасдиқлайди.
Биринчидан, 2024 йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. Шу орқали Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди.
Иккинчидан, 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси асосида “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан қабул қилди.
Резолюцияда Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақадаги гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши курашиш билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланган. БМТ расмий ҳужжатида Ўзбекистоннинг янги сиёсати натижасида минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учинчидан, 2024 йил 7 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессиясида Ўзбекистон илк маротаба Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплади ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди.
Бу ютуқ Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида, ХМТ томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита фаол иштирок этишига қулай имконият яратади.
Тўртинчидан, 2024 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни”ни белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди.
Ушбу резолюцияда Ўзбекистон раҳбариятининг умумий хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш учун ҳамжиҳатлик руҳини ривожлантириш, амалий ҳамкорликка интилиш, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш йўлида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга қаратилган ғоялари ўз ифодасини топган.
Бешинчидан, 2024 йил июнь ойида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига ўтказилган сайловда Ўзбекистон 185 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланиб, ЭКОСОСга сайланди. Мамлакатимиз ўз тарихида илк бор ушбу тузилмага аъзо бўлди.
Бинобарин, БМТ доирасида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, шунингдек, атроф-муҳитни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда ЭКОСОС муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон томонидан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсиялари фаол амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини тайёрлаш ва БМТнинг шартномавий қўмиталарида кўриб чиқиш натижаларини депутатлар ва сенаторлар томонидан мунтазам эшитиб бориш, БМТ шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаларининг Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши амалиёти такомиллашмоқда.
Жорий йил 18 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти” эшитилди. Ахборотда 2023 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясининг ижроси тўғрисидаги маълумотлар қамраб олинган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари самарали бажарилишига қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг қабул қилинганига тўрт йил тўлди. Ушбу дастурий ҳужжатда белгиланган вазифалар изчиллик билан бажарилмоқда.
Айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 67 банди (85%) бўйича ижро муддати якунланди. Шундан:
- 6 та банд бўйича ижро муддати узайтирилди;
- 64 та банд (82 %) бажарилди;
- 14 та бандни (18 %) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда;
- “Йўл харитаси”нинг 11 та банди муддати ҳали якунланмаган.
2024 йилнинг 1-ярмида Миллий стратегия доирасида 5 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилинди. Жумладан ўтган даврда:
- “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги;
- “Халқаро меҳнат ташкилотининг иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги;
- “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли конвенциясини (Женева, 1981 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар қабул қилинди.
Ҳисобот даврида Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган инсон ҳуқуқлари бўйича 4 та Миллий ҳаракатлар режаси ижроси мониторинг қилиб борилди. Бу борадаги ахборотлар ҳар чоракда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясига тақдим этилиши таъминланди. Жумладан:
- БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг жами 43 та бандида белгиланган вазифалардан 22 та банди (50%) бўйича ишлар бажарилган. Шундан – 16 та банд (40%) бўйича ишлар давом этаётган бўлса, яна 5 та (10%) бандни бажариш муддати ҳали келмаган.
- БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида 69 та банддан 29 таси (40%) бажарилди. Қолган 40 та банд (60%) ижроси доирасидаги ишлар давом этмоқда.
- БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича 34 та бандида кўрсатилган тавсияларни амалга оширишга қаратилган 126 та вазифадан 49 таси (40%) бўйича ишлар тўлиқ бажарилди. Айни вақтда 77 та вазифани (60%) амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда.
- БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси жами 100 та банддан иборат. Ўтган даврда мазкур Миллий ҳаракатлар режаси бўйича ишларнинг 5 фоизи бажарилди. Миллий ҳаракатлар режасидаги топшириқларнинг 30 фоизи яқин орада ижро этилади. Режада белгиланган 65 фоиз ишларни бажариш муддатлари ҳали келмаган.
Маълумки, 2024 йил 22 март куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси доирасида Универсал даврий ҳисобот бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи тасдиқланди. Мамлакатимиз Универсал даврий ҳисобот тавсияларини мунтазам бажариб келмоқда.
Ўзбекистон миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мослаштириш бўйича ўз мажбуриятларида собитқадамдир. Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва “UPR INFO” (Универсал даврий ҳисобот-ИНФО) халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорлигимиз алоҳида аҳамият касб этади.
Ўтган даврда ўзаро ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий ҳисоботи бўйича Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузасига оид тавсиялар юзасидан 3 та тадбир ва 1 та брифинг ташкил этилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди. Ҳозирги вақтда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан бирга ушбу тавсиялар бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Миллий марказ 2024 йилнинг ўтган даврида халқаро ташкилотларнинг ҳамда ҳамкор хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботларида тақдим этилган маълумотларга шарҳлар тайёрлаш ишини давом эттирди. Хусусан, ушбу йўналишда 2 та шарҳлар тайёрланди. Яъни, бу ўринда:
- “Human Rights Watch” халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2023 йил учун ҳисоботи;
- шунингдек, АҚШ Давлат департаментининг “2023 йил учун Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботи” бўйича тайёрланган шарҳлар ҳақида сўз бормоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Миллий марказ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш ишларини давом эттирди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги ижроси мониторинг қилинди. Бу борада бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган бўлиб, айни йўналишдаги айрим тафсилотлар ҳақида қуйида сўз боради.
Биринчидан, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларининг бажарилиши устидан мониторинг ўтказиш мақсадида Миллий марказ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.
Режа асосида 2024 йил 15-16 май кунлари Қарши шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш ҳолати” юзасидан мониторинг ўтказилиб, Қарши шаҳридаги халқаро темир йўл вокзали ҳамда автобус ва автобус бекатлари, шунингдек олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар ўрганилди.
Мониторинг якунлари бўйича маълумот ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар Олий Мажлис палаталари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш, Транспорт вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдим этилди.
Маълумот учун: Мониторинг якунлари бўйича маълумот ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ-266-сон, 18.07.2024 й.) қабул қилинди. Қарорга кўра, 2024 йил 1 октябрдан:
- реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;
- ҳар йили “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
Иккинчидан, 2024 йил 1-ярмида жазони ижро этиш муассасаларида суд ҳукми билан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга, тергов ҳибсхоналари ҳамда махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Шу мақсадда Миллий марказ томонидан аввало Соғлиқни сақлаш ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, “Барқарор ривожланиш маркази”, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи шакллантирилди.
Мониторинг тадбирлари Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни сақлаш муассасаларида ўтказилди. Бу жараёнда жами 21 та жазони ижро этиш муассасасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиёти ўрганилди.
Мониторинг ташрифи давомида озодлиги чекланган шахслар учун яратилган шароитларни атрофлича ўрганишга асосий эътибор қаратилди. Бунда, жумладан, озодлиги чекланган шахсларнинг даволаниши, дам олиши, озиқ-овқатининг сифати, меҳнат шароитлари, муассаса ходимларининг уларга нисбатан муомаласи, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалалар мониторинги ҳақида сўз бормоқда.
Бундан ташқари, тергов ҳибсхоналарида сақланаётган иши судда кўрилаётган, дастлабки тергов даврида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган аёллар ва вояга етмаган шахслар билан алоҳида ҳамда бирма-бир учрашув ва суҳбатлар уюштирилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари доирасида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мониторинг якунларига кўра Жиззах вилоят суди, Жиззах вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига тавсия хатлари киритилди.
2024 йилнинг ўтган даврида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус тартиб-таомиллари (процедуралари) билан амалий ҳамкорлик изчил давом эттирилди.
Ўзбекистон томонидан БМТнинг айни соҳага масъул махсус маърузачиларига мамлакатга ташриф юзасидан доимий таклифнома тақдим қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Миллий марказга 2024 йилнинг ўтган даврида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачилар кўтарган масалалар ва якка тартибдаги мурожаатлар бўйича жами 20 та ҳужжат келиб тушди. Мазкур масалалар юзасидан тегишли маълумотнома тайёрланиб, Махсус маърузачиларга тақдим этилди.
Миллий марказга 2024 йилнинг ўтган даврида жами 712 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида келиб тушган (707 та) мурожаатларга қараганда 0,7% кўпдир.
Мурожаатларнинг 21 таси аноним ҳисобланганлиги сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига асосан кўрилмасдан қолдирилди.
Марказ қабулхонасида ўтган даврда 350 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган. Шундан 275 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари бўйича иш олиб борилган. Жумладан:
- 75 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган;
- 691 нафар фуқаронинг мурожаатлари тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган, шундан 126 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Мурожаатларнинг 275 таси (39,7%) фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 416 таси (60,2%) алоқа воситалари (асосан почта алоқа тармоғи орқали), 14 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали, 95 таси Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.
Таҳлилларга қараганда, мурожаатлар муаллифларининг 303 нафари (43,8%) эркак, 354 нафари (51,2%) аёл жинсига мансуб. Шунингдек, 34 таси (4,9%) жамоавий келиб тушган мурожаатларни ташкил қилади.
Мурожаатларнинг 601 таси (87%) ариза, 88 таси (12,7%) шикоят ва 2 таси (0,3%) таклифлардир.
Мазкур мурожаатлар 2023 йилнинг шу даврида келиб тушган мурожаатлар билан ҳудудлар кесимида таққосланганида:
биринчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларидан мурожаатларнинг ортгани;
иккинчидан, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолисидан мурожаатларнинг камайгани кузатилди.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2024 йил дастлабки 6 ойи давомида 200 дан ортиқ тавсия тақдим этилди. Уларнинг кўриб чиқилиши натижасида 18 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди, 25 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида амалий кўмак берилди.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг ўтган даврида телефон орқали мурожаат қилган 1650 нафардан ортиқ фуқаролга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бу ўринда оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигига эътибор қаратиш лозим.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, Миллий марказ томонидан 2024 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида жами 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизага тортилди.
Шундан: 23 та қонун, Президентнинг 2 та фармони ва 4 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10 та қарори, 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича 90 дан ортиқ таклиф билдирилди.
Ҳисобот даврида Миллий марказ 2 та қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларга мувофиқлиги юзасидан хулоса берди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар ҳам тайёрланиб, тегишли тартибда тақдим этилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, Миллий марказ томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига расмий шарҳ бериш юзасидан мурожаат тайёрланди. Айни мурожаат Конституциявий судга тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Миллий марказ томонидан 50 дан ортиқ ўқув, ахборот-маърифий ва маънавий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди.
Манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича 10 та ўқув курси, 10 та семинар-тренинг, 20 та давра суҳбати ҳамда 2 та конференция ҳамда 10 та ахборот-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан жами 1400 га яқин вакил иштирок этди.
Миллий марказ ходимлари халқаро ҳамкорлар ҳамда вазирлик, идора ва ташкилотлар ўтказган 10 та конференция ва 10 та давра суҳбатида ҳам фаол қатнашди.
Хусусан, 2024 йил 5-6 март кунлари Тошкент шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари: халқаро андозалар ва миллий амалиёт” мавзусида икки кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди. Тренингда асосий эътибор ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва илғор амалиётларни ўрганишга қаратилди.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини миллий ва халқаро даражаларда янада самарали амалга оширишга ёрдам берадиган аниқ стратегия ва услублар атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу тадбирда Олий Мажлис палаталари, Олий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, манфаатдор вазирликлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари, илмий ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтларининг 45 нафар вакили иштирок этди.
Шунингдек, 2024 йил 19 апрель куни Миллий марказ, Транспорт вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими иштирокида “Ҳайдовчилар ва кондукторларга ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Тошкент шаҳридаги автобус парклари ҳайдовчилари ва кондукторлари, шунингдек, ташкилотчи идорлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари – жами 50 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Миллий марказ томонидан Тошкент вилоятида 2024 йил 30 апрель – 3 май кунлари “Нельсон Мандела қоидалари” халқаро ўқув дастури билан танишиш бўйича ўқув қўлланмаси асосида қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш” мавзусида тўрт кунлик ўқув курси ўтказилди. Мутахассисларни тайёрлашга оид мазкур тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Бунда Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари вакилларини қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича халқаро стандартлар билан таништиришга эътибор қаратилди. Тренинг давомида ушбу йўналишда фаолият олиб борадиган ташкилотларнинг 35 нафар вакили иштирок этди.
Шу билан бирга, Тошкент вилояти (30 апрель – 1 май), Қорақалпоғистон Республикаси (21-22 май) ва Хоразм вилоятида (23-24 май) миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди. Машғулотларда ҳар бир ҳудуддан ички ишлар (50 нафар) ва прокуратура (10 нафар) тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 180 нафар ходими қатнашди.
Бундан ташқари, 2024 йил 14-15 май кунлари Тошкент шаҳрида “Аёллар етакчилигини рағбатлантириш” мавзусида тренинг бўлиб ўтди. Миллий марказ томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, жумладан, иқтисодиёт, сиёсат, таълим ва маданият соҳаларида хотин-қизлар мавқеини оширишга қаратилган инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди.
Ўз навбатида, 2024 йил 14-17 май кунлари “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида ўқув курси ташкил этилди. Бунда Миллий марказ мутахассислари томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформадаги ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Ўқув дастури тингловчилари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этган давлат органлари ва ташкилотлар мутахассисларидан иборат бўлди. Машғулотларда 20 дан ортиқ вазирлик ва идора ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган анъанавий халқаро анжуманнинг навбатдагиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ташкил этилди. Форум “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзусига бағишланди ва 2024 йил 13-14 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилди.
Президентимиз Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, “Экологик инқироз барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди. Глобал миқёсда қашшоқлик муаммолари кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда”.
Форум БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Ф.Эберт ва К.Аденауэр жамғармалари кўмагида ташкил этилди. Анжуманда 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари, мустақил экспертлар оф-лайн ва он-лайн форматларда иштирок этди.
Самарқанд форумида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк, Инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Астрид Пуентес Риано, Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Анн Марие Скелтон ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси раиси Лаура-Мария Крачунеан-Тату ҳамда БМТнинг 7 та халқаро тузилмаси вакиллари иштирок этди.
Самарқанд форумида, шунингдек, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ, ШҲТ, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси ва 20 дан ортиқ хорижий давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари раҳбарлари, 30 нафардан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва иқлим масалалари бўйича етакчи хорижий эксперт, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари, бизнес доиралар вакиллари қатнашди. Тадбирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис палаталари, вазирликлар, олий таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Самарқанд форумида эркин ва қизғин мунозараларга бой 3 та ялпи мажлис ташкил этилиб, унда 70 дан зиёд халқаро, хорижий ва миллий экспертнинг маърузалари ва фикр-мулоҳазалари эшитилди. Форум доирасида Миллий марказ ва Туркия Бош омбудсмани ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ҳисобот даврида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг таклифига асосан конференция ва семинарларда иштирок этиш мақсадида Миллий марказ ходимларининг хорижий давлатларга 10 дан ортиқ ташрифи амалга оширилди. Ўз навбатида, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг 20 га яқин эксперти Миллий марказга ташриф буюрди.
Жорий йилда халқаро ҳамжамият томонидан инсон ҳуқуқларига доир 3 та шартнома қабул қилинганлигининг юбилей саналари кенг нишонланмоқда. Бунда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш муҳим ҳисобланади.
Шу муносабат билан Миллий марказ томонидан вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 3 та тадбирлар дастури лойиҳалари тайёрланди. Булар:
– Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 45 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури;
– Қийноқларга қарши конвенция қабул қилинганлигининг 40 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури;
– Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури лойиҳаларидир. Ушбу ҳужжатлар 2024 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия йиғилишида тасдиқланди.
Ҳисобот даврида Миллий марказ ҳузуридаги Илмий кенгашнинг 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари” ихтисослиги бўйича 1 та диссертация ҳимояси бўлиб ўтди. Докторант ва мустақил тадқиқотчилар учун малакавий имтиҳонлар ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти такомиллаштирилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари ҳамда олий ўқув юртлари ахборот-ресурс марказларига жами 83 номдаги 450 нусхада ҳуқуқий адабиёт беғараз тақдим этилди.
Миллий марказ томонидан ҳисобот даврида – 14 та рисола, инсон ҳуқуқлари бўйича 1 та халқаро ҳужжатлар тўплами нашрга тайёрланди.
Миллий марказ томонидан аҳоли, айниқса болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий онги ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишга қаратилган 2 та республика танловига старт берилди. Булардан бири – Болалар омбудсмани, “Тонг юлдузи” ва “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови бўлса, иккинчиси – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлар агентлиги, Ёшлар иттифоқи билан биргаликда ташкил этилаётган “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танловидир.
Ҳисобот даврида Миллий марказ муассислигида нашр этиладиган даврий орган – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ижодий жамоаси “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси ғолиби бўлди.
Ўтган даврда Миллий марказ фаолиятини тарғиб этишга қаратилган 2 минг 845 та ахборот ташкилот расмий сайтининг “Марказ янгиликлари” рукнига жойлаштирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон теле-радио каналлари, газеталар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва веб-сайтларда жами 670 га яқин ахборот эълон қилинди. Бу ахборотларнинг муайян қисми инглиз ва рус тилларида ҳам кенг тарқатилди.
- Қўшилди: 24.07.2024
- Кўришлар: 1376
- Чоп этиш