30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига
қарши курашиш куни
Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар хорижга чиқишининг қонуний тартиби йўлга қўйилди, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилди. Шу асосда тадбиркорлик, тижорат ишлари, сайёҳлик, ўқиш ёки ишлаш мақсадида хорижий давлатларга бораётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси тўлиқ таъминланмоқда.
Аммо дунё жамоатчилигини глобал муаммо сифатида ташвишга солаётган — одам савдоси каби иллатларнинг учраб туриши ўта ачинарлидир. Нега деганда, одам савдоси туфайли жисмоний шахснинг товарга айланиши мазкур қилмишнинг нақадар хавфлилиги ва ўта жирканчлигидан далолат беради.
Миллат ҳам, чегара ҳам танламайдиган ушбу ижтимоий хавфли қилмиш туфайли ёш болалар ҳамда аёлларнинг ҳам одам савдоси қурбонига айланаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди. Шу маънода, одам савдосига қарши курашиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг долзарб фаолият йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас.
Бунинг далили сифатида БМТ одам савдосига қарши курашиш юзасидан глобал режа қабул қилганини айтиш мумкин. Ушбу ҳужжатда барча давлатлар ҳамкорлигини таъминлаш масаласи олға сурилган, замонавий қулликни йўқ қилиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти бирлашишга даъват этилган.
Пойтахтимизда 2024 йил 29 июль куни ўтказилган “Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар” мавзусидаги конференцияда Ўзбекистон бу борада эришган ютуқлар ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил этилгани диққатга лойиқ.
Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Т.Нарбаеванинг конференция иштирокчиларига мурожаатида таъкидланганидек, охирги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Бунинг натижасида турли хавф-хатарларга, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш йўналишида сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилди, охирги 5 йилда ушбу йўналишда 40 тага яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда одам савдосига қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришнинг ташкилий, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, мазкур йўналишларда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг Одам савдоси ва учинчи шахслар томонидан фоҳишабозликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясига 2003 йил 18 декабрда қўшилган. Ўз навбатида, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни амалга киритилган.
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган юртимизда одам савдоси жиноятига қўл урган кимсаларга нисбатан судлар томонидан қонуний ва адолатли жазо тайинламоқда. Натижада қилмишга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.
Бундан ташқари, миллий қонунчиликни одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, қисқа даврда:
- мажбурий меҳнатга барҳам берилди;
- одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар тизимлаштирилди;
- хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди;
- ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди;
- халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди.
Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳолангани ва бошқа давлатлар учун намуна сифатида эътироф этилгани таҳсинга сазовор.
Айни чоғда, Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш ва юртимизнинг барча ҳудудларида оммалаштириш, меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро стандартларни кенг жорий қилиш ҳамда одам савдосига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини алоҳида тилга олиш мақсадга мувофиқ. Чунки ушбу ҳужжатнинг туб моҳияти мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган бугунги саъй-ҳаракатлар, авваламбор, халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилганлигини назарда тутади.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ижобий имижини халқаро майдонда фаол илгари суриш масаласи тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун одам савдоси, мажбурий меҳнат ва коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш каби соҳаларда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг фаол ҳамда намунали аъзоси сифатида ўзини кўрсатиши керак.
Президентимиз Фармонида белгилаб берилган чора-тадбирларни амалга оширишдан кўзланган мақсад ҳам шундан далолат бериб турибди. Ушбу ҳужжат одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан янгича тизимини яратиш учун хизмат қилмоқда.
Бинобарин, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ҳам кечаги услуб, қотиб қолган қарашлардан воз кечиш фурсати аллақачон етган эди. Бугун одамлардан, Интернетдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Жойларда гоҳ тиббиёт ходимлари, гоҳ ўқитувчилар, гоҳида эса тарбиячилар турли хўжалик ишларига мажбурий равишда жалб этилгани ҳақидаги хабарлар қулоғимизга чалиниб қолади.
Бундай маълумотларнинг бири тасдиғини топмаётган бўлса, тасдиғини топган ҳолатларда тегишли масъул шахслар қонун олдида жавобгарликка тортилмоқда. Қачонки, жойларда ҳар бир катта-кичик раҳбар бу масалада ҳам янгича фикрлаб, бугунги ислоҳотлар талабига мос иш олиб борса, шунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ишларимиз самарадорлиги янада юқори бўлади.
Дарвоқе, 30 июль куни – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишлаб муҳим ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш яхши анъанага айланди. Бундай учрашув ва мулоқотлар доирасида миллий, хорижий ва халқаро экспертлар айни мавзуда ўзаро фикр алмашишларига қулай шароитлар яратилмоқда.
Шу ўринда 2023 йили “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” тўпламининг ўзбек тилидаги нашри чоп этилгани ва айни санада ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилганини эслатишни муҳим, деб топдик.
Мазкур қўлланма Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) томонидан тайёрланган. Китобнинг ўзбек тилига таржимаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан амалга оширилди.
Маълумки, 2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур Ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. 2013 йилда эса 30 июль – БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.
ЕХҲТ/ДИИҲБ 2008 йилда бир қанча мамлакатларда одам савдоси жабрдийдалари ва ноқонуний иммигрантларни келиб чиқиш мамлакатларига қайтариш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш ташаббусини бошлаб берди. Бунда одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш жараёнларининг турли жиҳатлари ва ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартлари ва мажбуриятларига бу жараёнларнинг қанчалик мувофиқлигини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Натижада аксарият мамлакатларда бу борада фойдаланиш имконияти бўлган дастуруламал кўрсатмаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланди. Жумладан, ҳукумат органлари ва фуқаролик жамияти субъектлари учун одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш жараёнида қўллаш мумкин бўлган стандартларга талаб кучли экани ойдинлашди.
ЕХҲТ/ДИИҲБ томонидан мазкур тўплам айни шу муаммони ижобий ҳал этиш мақсадида тайёрланган. Қўлланма ЕХҲТ минтақасида жабрдийдаларни қайтариш соҳасидаги сиёсат, тартиб ва амалиётни қўллашга кўмаклашиш учун одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш жараёнида иштирок этаётган манфаатдор томонларга мўлжалланган.
Қўлланманинг биринчи қисмида тақдим этилган етти дастуруламал принцип ЕХҲТ минтақасида қўлланиладиган халқаро нормалардан келиб чиқади. Ҳар бир принцип қисқа баён этилган ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти учун асосий омиллар ва тавсиялар кўрсатилган. Иккинчи қисмда ушбу дастуруламал принциплар учун асос бўлган халқаро-ҳуқуқий нормалар ҳақида атрофлича тушунча берилган.
Қўлланма одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилишни яхшилашга кўмаклашишга даъват этилган. Шу боис ушбу нашр давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун зарур манба ҳисобланади. Тўплам жабрдийдаларни қайтариш масаласига қонунчилик ёки дастурий сиёсий ёндашувларни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган давлат тузилмалари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда кейинги даврда жиноятчиликни, жумладан, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларига барҳам бериш борасида давлат даражасида улкан миқёсдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Зеро, инсон ҳуқуқлари муқаддасдир. Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланганидек, мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 30.07.2024
- Кўришлар: 1249
- Чоп этиш