«Бундан ўттиз уч йил олдин ўта оғир ва мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритилган миллий истиқлолимиз бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари илҳомлантирмоқда».
Ушбу ҳаётий фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида таъкидланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан мухбиримиз айни шу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.
Мустақиллик нима?
– Давлатимиз раҳбарининг қарори муқаддимасида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида мустақил давлат бўлиб, дунёга очилиб яшаш, эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт ва шараф, шу билан бирга, улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этаётганлигимиз алоҳида эътироф этилгани бежиз эмас, – дейди А.Саидов. – Чунки дунёнинг умумий сиёсий-ижтимоий жараёнлари нуқтаи назаридан қараганда, бундан роппа-роса 33 йил олдин Ўзбекистоннинг тинч парламент йўли билан давлат мустақиллигига эришиши тарихий муқаррар ҳодисадир.
Шунинг учун ҳам 1991 йил 1 сентябрдан бошлаб жаҳон сиёсий харитасида янги мустақил давлат – Ўзбекистон Республикасининг пайдо бўлиши тасодиф ёки фавқулодда бир воқелик ҳисобланмайди. Аксинча, ушбу оламшумул воқеа она заминимизда асрлар оша ўзбек халқи ва ўзбек халқи билан яшаб ва меҳнат қилиб келаётган мамлакатимиз халқларининг асрий орзуси рўёбга чиқиши, олиб борилган машаққатли, аксарият ҳолларда фожиали курашининг муносиб маҳсулидир.
Юртимизда 1990 йил 20 июнда – “Мустақиллик декларацияси”, 1991 йил 31 августда – “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари ҳақида”ги конституциявий қонун Ўзбекистон парламенти томонидан қабул қилинган. Шу тариқа 1991 йили 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни, деб эълон қилинди.
Халқимизнинг, буюк аждодларимизнинг асрлар оша орзу қилиб келган ёруғ ниятлари амалга ошди.
Мустақил Ўзбекистон – инсоният руҳининг улуғворлиги ва ақл зиёсининг рамзи, умумбашарий тафаккур бешикларидан бири бўлмиш серқуёш диёр.
Мустақил Ўзбекистон – ноёб маданият ва юксак маърифат, Шарқ турмуш фалсафаси, инсонпарварлик руҳи билан йўғирилган адабиёт ва нафис санъатнинг азалий ва абадий ватани.
Мустақил Ўзбекистон – буюк кўҳна тарихи ҳозирги замон тараққиёти билан ўзаро узвий боғлиқ бўлган истиқболи порлоқ мамлакат. Унинг маънавий, маърифий ва тарихий салоҳияти жаҳон ҳамжамиятида тобора муносиб ўрин эгалламоқда.
Мустақил Ўзбекистон – Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ватани, жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир боболаримизнинг киндик қони томган муқаддас заминдир.
Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!
– Шу кунларда жойларда «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари бошлаб юборилди. Бундай ишларнинг натижадорлиги ҳақида нима дейсиз?
– Саволингизга амалий мисоллар билан жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан. Гап шундаки, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самаралари туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи сезиларли даражада юксалди.
Эътибор беринг: халқаро ҳамжамият билан кенг кўламли ҳамкорлик ҳисобига Ўзбекистон 2024 йилнинг ўтган даврида бир қанча муҳим ва салмоқли ютуқларга эришди.
Биринчидан, 2024 йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида Ўзбекистон вакили 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. Шу орқали Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди.
Иккинчидан, 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси асосида “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан қабул қилди.
Резолюцияда Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақадаги гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши курашиш билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланган. БМТ расмий ҳужжатида Ўзбекистоннинг янги сиёсати натижасида минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учинчидан, 2024 йил 7 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессиясида Ўзбекистон илк маротаба Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплади ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди.
Бу ютуқ Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида, ХМТ томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита фаол иштирок этишига қулай имконият яратади.
Тўртинчидан, 2024 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни”ни белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди.
Ушбу резолюцияда Ўзбекистон раҳбариятининг умумий хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш учун ҳамжиҳатлик руҳини ривожлантириш, амалий ҳамкорликка интилиш, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш йўлида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга қаратилган ғоялари ўз ифодасини топган.
Бешинчидан, 2024 йил июнь ойида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига ўтказилган сайловда Ўзбекистон 185 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланиб, ЭКОСОСга сайланди. Мамлакатимиз ўз тарихида илк бор ушбу тузилмага аъзо бўлди. Бинобарин, БМТ доирасида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, шунингдек, атроф-муҳитни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда ЭКОСОС муҳим ўрин тутади.
Албатта, ана шу залворли натижаларни халқимиз, жумладан ёшларимиз орасида кенг тарғиб этишимиз керак. Бундай марраларни забт этишда Истиқлол бизга бемисл имкониятлар берганлигини очиқ ва ҳаққоний эътироф этишимиз фарзу қарздир.
Мустақиллик ва инсон ҳуқуқлари
– Президентимизнинг мазкур қарорида, жумладан, юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари етакчи ўринда турадиган ижтимоий давлат ва халқпарвар жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган тарихий ишлар, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан эришилаётган улкан натижаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз боради. Бу ютуқларда Сиз раҳбарлик қилаётган Миллий марказнинг ўрни қандай?
– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар доирасида қонунчилик, ҳуқуқ амалиёти ва халқаро ҳамкорлик бўйича изчил ишлар давом этмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан воситаларини барпо этиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат органлари ходимлари ва аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тизимли фаолият йўлга қўйилган.
Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари самарали бажарилишига қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг қабул қилинганига тўрт йил тўлди. Ушбу дастурий ҳужжатда белгиланган вазифалар изчиллик билан бажарилмоқда.
Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 67 банди, яъни 85 фоизи бўйича ижро муддати якунланди. Шундан:
- 6 та банд бўйича ижро муддати узайтирилди;
- 64 та банд бажарилди;
- 14 та бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда;
- “Йўл харитаси”нинг 11 та банди муддати ҳали якунланмаган.
Жорий йилнинг 1-ярмида Миллий стратегия доирасида 5 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилинди. Жумладан, ўтган даврда:
биринчидан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги;
иккинчидан, “Халқаро меҳнат ташкилотининг иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги;
учинчидан, “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли конвенциясини (Женева, 1981 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар қабул қилинди.
Парламент ва инсон ҳуқуқлари
– Миллий марказнинг Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятига яна қандай амалий мисоллар келтириш мумкин?
– Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсиялари фаол амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини тайёрлаш ва БМТнинг шартномавий қўмиталарида кўриб чиқиш натижаларини депутатлар ва сенаторлар томонидан мунтазам эшитиб бориш, БМТ шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаларининг Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши амалиёти такомиллашмоқда.
Жорий йил 18 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти” эшитилди. Ахборотда 2023 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясининг ижроси тўғрисидаги маълумотлар қамраб олинган.
Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган инсон ҳуқуқлари бўйича 4 та Миллий ҳаракатлар режаси ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Бу борадаги ахборотлар йил бошидан буён ҳар икки чоракда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясига тақдим этилиши таъминланди.
Биринчидан, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг жами 43 та бандида белгиланган вазифалардан 22 та банди, яъни 50 фоизи бўйича ишлар бажарилган. Шундан – 16 та банд доирасидаги ишлар давом этаётган бўлса, яна 5 та бандни бажариш муддати ҳали келмаган.
Иккинчидан, БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида 69 та банддан 29 таси бажарилди. Бу – мазкур Миллий ҳаракатлар режасининг 40 фоизи бажарилди, деганидир. Қолган 40 та банд ижроси доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Учинчидан, БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича 34 та бандида кўрсатилган тавсияларни амалга оширишга қаратилган 126 та вазифадан 49 таси бўйича ишлар тўлиқ бажарилди. Айни вақтда 77 та вазифани амалга ошириш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Демак, ушбу Миллий ҳаракатлар режаси бўйича 60 фоиз ишлар олдимизда турибди.
Тўртинчидан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси жами 100 та банддан иборат. Ўтган даврда мазкур Миллий ҳаракатлар режаси бўйича ишларнинг 5 фоизи бажарилди. Миллий ҳаракатлар режасидаги топшириқларнинг 30 фоизи яқин орада ижро этилади. Режада белгиланган 65 фоиз ишларни бажариш муддатлари ҳали келмаган.
Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳамкорлик
– Миллий марказ томонидан БМТ билан ҳамкорлик доирасида, хусусан, Универсал даврий ҳисобот бўйича йил бошидан буён қандай амалий ишлар бажарилди?
– Авваламбор, 2024 йил 22 март куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси доирасида Универсал даврий ҳисобот бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи тасдиқланганига эътибор қаратиш ўринлидир. Мамлакатимиз Универсал даврий ҳисобот тавсияларини мунтазам бажариб келмоқда.
Ўзбекистон миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мослаштириш бўйича ўз мажбуриятларида собитқадамдир. Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва “UPR INFO” (Универсал даврий ҳисобот-ИНФО) халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорлигимиз алоҳида аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, ўтган даврда ўзаро ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий ҳисоботи бўйича Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузасига оид тавсиялар юзасидан 3 та тадбир ва 1 та брифинг ташкил этилди. Ҳозирги вақтда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан бирга ушбу тавсиялар бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ва кучли ижтимоий сиёсат
– Жорий йилнинг ўтган даврида Миллий марказ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилиши юзасидан қандай мониторинг ишларини амалга оширди?
– Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги ижроси мониторинг қилинди. Бу борада бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган бўлиб, айни йўналишдаги айрим тафсилотлар ҳақида қуйида сўз боради.
Биринчидан, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларининг бажарилиши устидан мониторинг ўтказиш мақсадида Миллий марказ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновaциялар вазирлиги, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциaцияси, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциaцияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.
Режа асосида 2024 йил 15-16 май кунлари “Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш ҳолати” юзасидан мониторинг ўтказилиб, Қарши шаҳридаги халқаро темир йўл вокзали ҳамда автобуслар ва автобус бекатлари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар ўрганилди.
Мониторинг якунлари бўйича маълумот ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар Олий Мажлис палаталари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш, Транспорт вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдим этилди.
Иккинчидан, 2024 йил 1-ярмида жазони ижро этиш муассасаларида суд ҳукми билан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга, тергов ҳибсхоналари ҳамда махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Шу мақсадда Миллий марказ томонидан аввало Соғлиқни сақлаш ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, “Барқарор ривожланиш” маркази, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи шакллантирилди.
Мониторинг тадбирлари Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни сақлаш муассасаларида ўтказилди. Бу жараёнда жами 21 та жазони ижро этиш муассасасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиёти ўрганилди.
Бундан ташқари, тергов ҳибсхоналарида сақланаётган иши судда кўрилаётган, дастлабки тергов даврида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган аёллар ва вояга етмаган шахслар билан алоҳида ҳамда бирма-бир учрашув ва суҳбатлар уюштирилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари доирасида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мониторинг якунларига кўра Жиззах вилоят суди, Жиззах вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига тавсия хатлари киритилди.
– Ўтган даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган яна қандай муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди?
– Миллий марказга келиб тушган 712 та мурожаат кўриб чиқилди, 350 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинди. Телефон орқали мурожаат қилган 1 минг 650 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўтган даврда жами 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизага тортилди.
Миллий марказ томонидан 50 дан ортиқ ўқув, ахборот-маърифий ва маънавий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан жами 1 минг 400 га яқин вакил иштирок этди.
Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди.
Миллий марказ ходимлари халқаро ҳамкорлар ҳамда вазирлик, идора ва ташкилотлар ўтказган 10 та конференция ва 10 та давра суҳбатида ҳам фаол иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўтказилди. Форум “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзусига бағишланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти такомиллаштирилди. Жойлардаги ахборот-кутубхона марказлари ва олий ўқув юртларининг ахборот-ресурс марказларига 83 номдаги 450 та ҳуқуқий адабиёт беғараз тақдим этилди.
Ҳисобот даврида 14 та рисола, инсон ҳуқуқлари бўйича 1 та халқаро ҳужжатлар тўплами нашрга тайёрланди.
Инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишга қаратилган 2 та республика танловига старт берилди.
Хулоса қилиб айтганда, юртимиз ҳаётининг барча жабҳалари қатори инсон ҳуқуқларига тааллуқли қамровдор янгиланишлар ҳам, бир томондан, юртдошларимизнинг тўкис ва бахт-саодатли яшашини таъминлашга қаратилган бўлса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларига қатъий содиқ бўлган Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга бевосита хизмат қилади.
Президентимиз таъкидлаганларидек, “Айнан мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Дунё бизни янгитдан таниди ва тан олди. Ер юзидаги турли давлатлар ва халқлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларимиз тобора кенгайиб, юртимизнинг халқаро майдондаги мавқеи ва нуфузи ортиб бормоқда”.
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 3 август кунги 156 (8779)-сони
- Қўшилди: 05.08.2024
- Кўришлар: 1222
- Чоп этиш