УМР ЗАРВАРАҚЛАРИ

Ёшлик давримизда — ўтган асрнинг 60-70 йиллари телевизорда сиёсий шарҳловчи Собир Қурбоновнинг телекўрсатувлардаги чиқишларини кўриб улғайганмиз. Вақти келиб, тақдир тақозоси билан Собир Шералиевич раҳбарлигида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида, у киши мудирлик қилган Мафкуравий масалалар бўйича бўлимда ишлаш насиб этди. Бугунги кунга келиб, устоз Собир Қурбонов табаррук 90 ёшни нишонлаш арафасида турибдилар.

 

Бухорода туғилиб ўсган Собир Қурбонов 1953 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тугатиб, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг тарих факультетига кириб, уни 1958 йилда муваффақиятли тамомлайди. Илк меҳнат фаолиятини Бухоро давлат педагогика институтида ўқитувчиликдан бошлайди. Кейинчалик илмий иш билан шуғулланиб, тарих фанлари номзоди даражасига, доцент унвонига сазовор бўлади. Қатор йиллар Ўрта Осиё политехника институтида (ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети) талабаларга тарихдан дарс беради, кейинчалик Марказқўмнинг Лекторлар гуруҳи раҳбари, Хоразм вилоят партия қўмитасида мафкуравий ишлар бўйича котиб, Ўзбекистон Матбуот қўмитасида раис, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбари лавозимларида ишлайди. Ўзбекистон телерадиокомпаниясида сиёсий шарҳловчи бўлиб фаолият юритади.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан кейин, Собир Шералиевич Халқ демократик партиясини тузишда фаол иштирок этди, партия марказий аппаратида қатор йиллар самарали фаолият кўрсатди ва шу ердан пенсияга чиқди. Пенсияда бўлишига қарамай, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувида бир муддат фаолият юритди.

— Донишманд шоир Абдулқодир Бедилнинг “Илм — инсоният гавҳаридир” деган фикрини яхши тушуниб етган раҳматли отам ҳаётдан кўз юмаётганларида, ёнларида ўтирган онамга мени кўрсатиб: “Муҳаббат, ўғлимни ўқит...”, деб васият қилган эканлар. Онам менга ҳамиша отамнинг шу сўзларини эслатиб турардилар. Падари бузрукворимнинг бу васияти менинг ҳаётимда ҳақиқий маёқ бўлди, — дейди Собир Қурбонов. — Болалигимнинг энг ширин хотиралари ҳовлимизга туташ кутубхонада кечган. Маҳалламиздаги “Тагманбофон” масжиди қаршисидаги кўчада Камол ака Хайруллаев деган институт домласи яшарди. Ёши катта, сочларига оқ оралаган, баланд бўйли ва гавдали Камол домла кўчамиздан ўтаётганида кутубхона қоровули Бобо асос (унинг асл исми Восе бўлиб, қонун-қоидаларни билгани учун унга шу номни берганлар) у кишини менга кўрсатиб: “Собир, кўрдингми, ана шу Камол ҳам оддий киши эди, бозорда сабзи-пиёз сотарди. Ўқиб, институтни битирди, катта домла бўлиб, папка кўтариб юрибди. Сен ҳам яхши ўқисанг, вақтингни беҳуда ўтказмасанг, айрим жўраларингга ўхшаб кўчада санғиб юрмасанг, қимор ўйнамасанг, албатта, хат- саводли, катта одам бўласан,” деб насиҳат қилар эди. Университетни битириб келиб, Бухоро давлат педагогика институтида ўқитувчилик қилганимда агропедагогика факультети декани, педагогика фанлари номзоди, доцент Камол Хайруллаев билан ишлашга муяссар бўлдим. Кейинчалик фаолиятимни пойтахтда давом эттирдим. Пойтахтда яшаб, ишлашнинг афзалликларидан бири, бу — таниқли одамлар билан учрашиш, мулоқот ва ҳамкорлик қилишдир. Шу туфайли мен кўплаб давлат ва жамоат арбоблари, маданият, санъат, фан ва адабиёт намояндалари билан танишиб, мулоқот қилиш имкониятига муяссар бўлганман.

Собир Қурбонов 1968 йилда Марзқўмда давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов қабулида бўлганини ҳаётидаги энг муҳим воқеа сифатида эслайди.

— Бу учрашув менинг ҳаётимда катта аҳамиятга эга бўлди, — дейди у. — Биринчи Котибнинг хонаси олтинчи қаватда экан. Бизни ичкарига таклиф этишди. Хона анча катта ва ёруғ бўлиб, ўнг томонда, деразага яқин жойда узун стол қўйилган. Столнинг юқори қисмида Шароф Рашидов, у кишидан чапда мафкуравий ишлар бўйича котиб ўтирибдилар. Шароф Рашидович ўрнидан туриб, ҳар биримиз билан қўл бериб кўришгандан кейин, ҳаммани ўтиришга таклиф этди. “Биз сизларнинг ҳужжатларингиз, иш фаолиятингиз ҳақидаги маълумотномалар, билдирилган фикрлар билан танишиб чиқдик, – деди Шароф Рашидович. — Биз билан ишлашга рози экансизлар, яхши. Сизларга катта ишонч билдириляпти. Марказқўм ходими деган юксак ишончни иш билан, намунали юриш-туришингиз билан оқлайсизлар, деган умиддамиз. Марказқўмда кўпдан бери хизмат қилаётган ходимлар тажрибасини ўрганишга, одамлар билан яхши муомала қилишга, камтар бўлишга, кибрдан сақланишга ҳаракат қилинг”. Айтишим керакки, Шароф Рашидов ўрни келганда раҳбарларни камтар бўлишга, одамлар билан яхши муомала қилишга, кибр-ҳаводан сақланишга, билдирилган катта ишончни меҳнат билан оқлашга ҳамиша даъват этарди.

Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгач, Компартия тугатилди ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясини ташкил этиш бўйича қизғин ишлар бошланди. Собир Шералиевич янги партия дастури, Уставини яратиш ишларига жалб қилинди ва партиянинг биринчи Қурултойини тайёрлашда фаол иштирок этди. Унинг бевосита иштирокида собиқ “Совет Ўзбекистони” газетаси “Ўзбекистон овози” газетаси номи билан янги партиянинг нашрига айланди. Кейинчалик “Голос Узбекистана” газетаси ташкил этилди, “Мулоқот” журнали ҳам шу партиянинг нашрига айланди. Янги партия кадрларининг турли шаклларда ўқувлари, семинарлари, тажриба алмашувлари йўлга қўйилади. Бу ишларнинг ҳаммасида С.Қурбоновнинг катта ҳиссаси бор. Собир Шералиевичнинг номи Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Эҳтиром китоби”га киритилиши бежиз эмас.

Собир Қурбонов Феруза ая билан ибратли, намунали оила қўрғонини бунёд этиб, Фарҳоджон, Нодирбек ва Ферузахонни эл-юртга хизмат қиладиган, ўз соҳасини яхши биладиган инсонлар этиб тарбиялашди. Юзлаб шогирдларга устозлик қилган, эндиликда эл-юртимиз ардоғида 90 ёшни қарши олаётган Собир Қурбонов атрофидаги одамлар учун ҳамиша маърифат зиёсини улашди.

— Йигирма йил Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг марказий бўғинида мафкуравий ишлар билан шуғулландим, — дейди у. — Бир қанча Давлат мукофотларига сазовор бўлдим. Демак, мен шунчалик умргузаронлик билан вақт ўтказмадим, бутун ҳаётим давомида халқим, юртимга наф келтиришга ҳаракат қилдим. Бошқалар қатори мен ҳам она Заминдан, миллий маънавият, маданият ва умуминсоний қадриятлардан озиқландим, буюк бобокалонларимизнинг панду насиҳатлари, пурҳикмат ўгитларини дилимга жо қилиб яшадим. — Китоблар — менинг ишончли ёрдамчиларим, таянчим. Мен ҳаётимни китобсиз тасаввур эта олмайман. Ҳа, фан-техника ва интернет асрида ҳам илм, маънавият ва маданиятнинг китобсиз бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида китобнинг ролини ошириш, китоб ишлаб чиқариш ва уни тарқатишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, китобсеварлик маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор бераётгани мени беҳад қувонтиради. Негаки, китобсеварлик уруғларини болалар қалбида боғча ёшидан сепиш энг яхши самара беради. Оила, боғча, мактаб ва университетда ўғил-қизларимизни тақдирлаганда, энг азиз совға китоб бўлмоғи даркор. Мен ўзим ҳозир ҳам дўсту яқинларга китоб совға қилиш одатини тарк этганим йўқ. Бугунги кунда ҳаётим, ярим асрдан ортиқроқ меҳнат фаолиятим, оилам ҳақида ўйласам, мен бекорга яшамадим, дейишга ҳақлиман. Оллоҳ берган буюк неъмат — умрдан имконият борича фойдаланиб, ҳалол меҳнат билан топган ризқ-рўз, обрў-эътибор ва дўстлар учун Яратганга чексиз шукроналар айтаман.

 

 

Носир ТОИРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech