Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Клаус Михел: “Таълим соҳасида ҳамкорлик ҳамиша яхши натижа беради”

“AVESTOS GmbH” компанияси Германиядаги касб-ҳунарларни хорижликларга ўргатиш концепциясини жорий қилиш билан шуғулланади. Бунда эса хорижий мамлакатларда немис модели бўйича касбий таълим олиш имкониятини яратиш кўзда тутилади.

Жорий йилнинг бошида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Саксония федерал ўлкасининг Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ҳунармандлар палатаси вакиллари билан учрашувлардан сўнг янги концепция ишлаб чиқилди.

Унга асосан Ўзбекистонда Германия стандартлари бўйича ўқувчиларни касбий таълимга тайёрлаш моделини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқдик. Яъни, Қашқадарё вилоятига бориб, жойлардаги таълим шароити ва имконияти билан танишдик. Ўрганишлар натижасида Германиянинг бу тизимини Ўзбекистонга кирита оламиз, деган хулосага келдик. 

Шу тариқа, жорий йилнинг июнь ва сентябрь ойларида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган иккита касб, яъни қурилиш ва металлга қайта ишлов бериш соҳасидаги касб-ҳунарлар бўйича пилот лойиҳани амалга оширишга қарор қилинди. Касб-ҳунар мактабларига қўйиладиган талабларни инобатга олган ҳолда, Европа малака даражасининг 4-даражасига тенг келадиган қурувчи-уста мутахассислиги бўйича уч йиллик ҳамда металлга ишлов бериш йўналиши бўйича уч ярим йиллик ўқишни ташкил этишни режалаштирдик. 

Касбий таълим тизимига Германия стандартларини киритиш учун, албатта, ўқув муассасаси бир томондан тегишли моддий-техник базага эга бўлиши ва талабга мос жиҳозланган, шунингдек, немис модели бўйича ўқитадиган ўқитувчилар билан таъминланган бўлиши лозим. Шу мақсадда ўзбекистонлик ўқитувчиларни Лейпциг шаҳрига тўрт ҳафталик малака ошириш курсига таклиф қилдик. Улар германиялик касб таълими ўқитувчиларига қўйилган кўникма ва малакаларни ўргангандан сўнг Ўзбекистонда немис модели бўйича касбга ўқитиш ҳуқуқини олади.

Айни пайтда ўзбекистонлик  бир гуруҳ касбий таълим ўқитувчилари Германияда малака оширмоқда. 

Лойиҳамиз қисқа вақт ичида амалга ошаётганидан жуда хурсандман. Ўзбекистондаги мазкур икки касб-ҳунар мактабида ушбу касблар бўйича ўқитишнинг бошланиши орқали касбий таълим соҳасида Германия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги учун тамал тоши қўйилади. Битирувчиларга немис стандартларига мувофиқ касб ўрганганлиги ҳақида Лейпциг ҳунармандлар палатаси томонидан тасдиқланган махсус сертификат берилади. Келажакда Саноат ва савдо палатаси томонидан тавсия этилган касбларга ўқитиш жорий қилинса, Лейпциг Саноат ва савдо палатаси билан ҳамкорликдаги малака сертификати ёки диплом бериши имконияти ҳам мавжуд. Ушбу сертификатлар билан битирувчилар нафақат ўз юртида, балки дунёнинг барча мамлакатида ҳам юқори малакали мутахассис сифатида фаолият юритиши мумкин. Улар Европа Иттифоқи, қолаверса, Германияда иш тажрибасини ошириш имкониятига эга бўлади ва шу орқали мамлакатингиз иқтисодиётини кўтаришга ўз ҳиссасини қўшади.

Биз учун яна бир қувонарли томони шундаки, лойиҳамизни амалга оширишда Ўзбекистон томонидан нафақат давлат раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги, таълим мутасаддилари яқиндан ёрдам бермоқда, балки Ўзбекистон элчихонаси ҳам биз билан доимий алоқада бўлиб, барча масалаларда қўллаб-қувватламоқда. 2025 йилдан бошлаб, лойиҳани босқичма-босқич юртингизнинг бошқа ҳудуларида ҳам жорий этиш ниятимиз бор. 

Фикримча, бу ташаббус орқали Ўзбекистонда кейинги 15 йил ичида дуал касбий таълим тизимини аста-секин кенгайтириш учун замин яратилади. Ишончим комилки, бугун бизда малака ошираётган ўқитувчилар яқин келажакда немис модели бўйича Ўзбекистон учун мустақил равишда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни бошлайди. Шу сабабли, ҳам биз бу тарихий жараёнга иштирок этаётганимиздан бағоят мамнунмиз ва лойиҳада иштирок этаётган барча ҳамкорларимизга муваффақият тилайман.

Клаус Михел,

“AVESTOS GmbH” компанияси раҳбари.

ЎзА.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech