9 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов билан Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқ институти директори, Россия Фанлар академияси президенти ўринбосари Т.Хабриева ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқ институти Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқ тадқиқот маркази раҳбари А.Ковлер ҳам иштирок этди.
Икки мамлакатнинг тегишли институтлари ўртасида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан мазмунли ва амалий фикр алмашилди. Ҳуқуқий ислоҳотларни рағбатлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, ҳуқуқий тартибга солиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ва илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Асосий эътибор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига қаратилди. Томонлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни янги глобал муаммоларга мослаштиришга оид қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидладилар.
Шу нуқтаи назардан, ҳар икки давлатнинг халқаро мажбуриятларига мос келадиган, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини миллий даражада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи илғор инсон ҳуқуқлари стандартларини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Трансмиллий таҳдидлар ва аҳоли айрим тоифаларининг заифлиги каби глобал муаммоларнинг кучайиши шароитида томонлар инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга, аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни фаоллаштиришдан чуқур манфаатдор эканликларини билдирдилар. Бунда, шунингдек, жамиятнинг барча қатламлари учун адолатли ва тенг ҳуқуқли судловдан фойдаланишни таъминлаш борасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Т.Хабриева Ўзбекистонда конституциявий қурилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва теранлигини юксак баҳолади. Бу ўзгаришлар давлатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилаётганини эътироф этди.
Меҳмон, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича позициялари ўхшашлигини алоҳида таъкидлади. Бу омил, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ўзаро тажриба алмашиш учун қўшимча қулай майдон яратишга хизмат қилади.
Россия томони Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятига ҳам юқори баҳо берди. Айниқса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро тузилмалар билан самарали алоқаларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисида миллий маърузаларни тайёрлаш ҳамда БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини бажариш борасидаги ишлар диққатга лойиқ экани таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва ҳимояни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олдилар. Бу ҳамкорлик қамрови илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш, инсон ҳуқуқлари механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро стандартларга мувофиқ ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма илмий тадқиқотлар ва лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.09.2024
- Кўришлар: 904
- Чоп этиш