Ватанимизнинг миллий истиқлоли, халқимиз озодлиги учун курашиб, шу йўлда жонини фидо этган, сиёсий қатағон қурбонлари бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш бўйича кейинги йилларда юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Ғулом МИРЗО билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
– Бу ҳақда сўз борганда, айниқса, 1937-1953 йилларда мустабид тузум қатағон сиёсатининг қурбонига айланган 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари – атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари номларини оқлашга қаратилган эзгу жараён изчил давом этаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим, – дейди Ғулом ака.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлда қабул қилинган «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарори айни йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди. Қарор асосида «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси» таркиби ҳамда «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди.
Ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда «Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги» сифатида нишонланадиган бўлди. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялашга қаратилган яна кўплаб долзарб ташаббусларни амалга оширишга киришилгани эътиборга сазовор, деб ҳисоблайман.
– Шу ўринда тарих отаси дея шарафланадиган Геродотнинг «Ҳақиқат – тарих кўзгуси» деган фикрига ҳам муносабат билдириб ўтсангиз бўладими?
– Геродот ҳикмати нима сабабдан минг йиллар оша бизгача етиб келган? Бунинг сири жуда оддий: чунки бу ҳикмат ҳаққонийлиги учун ҳам барҳаётдир. Унинг моҳиятида ҳақиқат ва тарих деган иккита тушунча ўз мужассамини топган. Агар ўтмиш ҳақида тугал ҳақиқат рўй-рост баён этилса, ўшанда тарих кўзгудагидек аниқ ва равшан акс этади.
Тарихга оид ҳикматли сўзлар кўп. Масалан, «Тарихни – ғолиблар ёзади», дейдилар. Хўш, ғолиблар тарихни қандай ёзади? Албатта, бунда эришилган ютуқларнинг баъзи номатлуб ўринлари силлиқланади, кемтик жойлари қўшиб-чатилади, айрим беўхшов манзаралар бўяб-бежалади. Афсуски, мағлубларга тарихни ёзиш учун на ҳуқуқ ва на имконият берилади. Шу тариқа тарих билан боғлиқ асл ҳақиқат нечоғлик ўзгаришларга юз тутишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
– Тарихий ҳақиқат ўзи нима?
– Тарихий воқеаларнинг аниқ манба ва холис далиллар билан ёритилиши эвазигагина тарихий ҳақиқат юз кўрсатади. Агар тарихий ҳақиқат бузилса, бунинг оқибатида тарих саҳифаларида “оқ доғлар” ва “қора доғлар” пайдо бўлади. Яъни, тарих сохталашади. Бунга мисол сифатида собиқ шўролар тузумининг тарихга ёндашуви қандай бўлганлигини эслайлик.
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон замини асрлар давомида турли халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда ғоят муҳим ўрин эгаллаб келгани атайлаб хаспўшланганди-да ўша замонларда. Халқимиз ўз ўтмишида иккита Ренессанс, яъни Шарқ Уйғониш даври деб аталадиган ва инсоният цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган IХ-XII асрлар Ренессанси ҳамда Темурийлар Ренессанси – XIV-XV асрларда дунё илм-фани, санъати, маданияти, иқтисодиёт, давлатчилик тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк ўзгаришлар даври шукуҳини вужудидан ўтказгани, бу икки даврда даҳо аждодларимиз қадимги тафаккур ва илм таъсир доирасида бўлган жаҳон цивилизациясини дадил қадамлар билан олдинга бошлаганлигига оид ҳаётий ҳақиқатлар ҳақида совет мактабларининг тарих дарсликларида ҳеч вақо ёзилмаган.
Аксинча, ўз юртидан қочган ва ўз элидан яшириниб юрган Ленин лақабли одамнинг қамиш чайласи ҳақида кўп ўқиганмиз. Ҳатто, тарих музейларимизнинг қоқ ўртасида ўша чайланинг нечанчидир нусхадаги макети ўрнатилиб, талаба-ўқувчилар мунтазам зиёратга олиб борилган. Буларнинг барчаси тарихга нисбатан ҳақиқатга хилоф иш тутилиши, тарихий ҳақиқатнинг бузилиши, тарихнинг сохталаштирилиши оқибатлари эди, албатта.
Тарихий ҳақиқат, ўз навбатида, тарихий хотира деган яна бир забардаст тушунча билан чамбарчас боғлиқ. Тарихий хотиранинг моҳиятини англаш учун атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги машҳур афсонага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўша афсонадаги энг аянчли образ – манқурт ўз онасини ўлдиради. Нега? Чунки туя қорнидан тайёрланган қалпоқ офтоб тиғида қовжираб, унинг миясини қисиб қўяди, оқибатда тарихий хотира ўчади. Манқурт онаси уни туққани, оқ сут бериб боққани, бағрига босиб эркалатгани, хавф-хатардан асраб-авайлаганига оид ҳаётий ҳақиқатларни мутлақо унутади. Шу аснода ўзлигидан мосуво бўлади ва ҳатто ўз онасининг қотили бўлишдек тубанлик чоҳига қулайди.
Мана, нима учун инсонга тарих ҳақиқати ва тарихий хотира керак! Тарихий хотирасиз баркамол шахсни вояга етказиб бўлмайди. Шу маънода, бугунги тараққиётимизнинг бир қаноти – ёруғ келажак бўлса, яна бир қаноти – тарихий ҳақиқатдир.
– Сиёсий қатағон қурбонлари бўлган ота-бобонгиз тақдири ҳақида қисса ҳам ёзгансиз, бунга нима туртки бўлган?
– Гап шундаки, собиқ совет даврида дину эътиқодида мустаҳкам турган Мирза Сўфи бобом – 10 йил, отам Абдирайим бобо 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ота-бола жазони ГУЛАГ – Ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармаси лагерларида ўтаб қайтганлар. Ҳар иккисининг шаънига «халқ душмани» деган аёвсиз тамға босилган.
Бобом ва отам ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми бўйича “советлар ҳокимиятини йиқитиш, қақшатиш ва заифлатишга ёки айрим контрреволюцион жиноятларни қилишга агитация ёки пропаганда юргизиш, ўшандоқ шу мазмунда бўлган адабиётни тарқатиш ёки тайёрлаш ёхуд сақлаш”да айбланган. Эътибор беринг: аксилинқилобий тарғибот ва ташвиқот олиб бориш бўйича худди шундай айблов билан 1937 йили Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби миллат гуллари қатағон этилган, кейинги босқичда Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Шукрулло сингари забардаст адибларимиз қамалган.
Ота-бобом китоб ёзмаган бўлсалар ҳам, мутолаа қилганлар, албатта. Ҳибс этгани келганлар масжиддаги бир қоп ноёб китобларини хачирга ортиб кетишгани ҳам буни тасдиқлайди. Ўшанда, жиноят иши ҳужжатларида қайд этилганидек, «47 та китоб мусодара қилинган».
Сўнгра Хрушчёв замонида советлар мафкураси қатағони қурбонлари орасидан айрим таниқли зиёлиларнигина қисман оқлаш йўлидан борилгани маълум. Негаки, агар ўшанда бобом ва отам каби ноҳақ қатағон этилган миллионлаб оддий кишилар ҳам ялпи оқлаб юборилса, нафақат Сталин, балки бутун совет тузуми зулмкор бўлгани тўғрисидаги ҳақиқат очилиб қолар, натижада халқнинг ишончсизлиги ва норозилиги қучайиб кетиши мумкин, деб қаралган.
Шунинг учун Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси 1956 йил 16 мартда Туркистон ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг бобом ва отамга нисбатан жазо белгилашга доир 1949 йилдаги қарорини тўғри деб топиш ҳамда мазкур иш юзасидан назорат ишини тугатиш ҳақида қарор чиқарган. Бу қарорлар, бир томондан, ҳарбий хизматчилар бўлмаган оддий фуқаролар тақдирини ҳал қилишга қаратилгани, иккинчи томондан, бегуноҳ инсонларга асоссиз айблар қўйилгани учун ҳам мутлақо ғайринсоний ва ғайриҳуқуқий ҳужжатлар бўлган.
Маълумки, ўша даврда миллионлаб кишилар судлов ва носудлов, янада аниқ қилиб айтганда, фавқулодда тартибда тузилган “тройка”, “двойка”, “особая совещания”, “трибунал” каби ғайриконституциявий органлар томонидан турли жазоларга ҳукм этилган. Суд-ҳуқуқ соҳаси мутахассисларининг фикрича, нафақат носудлов органлар чиқарган ҳукмлар, балки уларнинг ташкил этилгани ва фаолият юритганининг ўзи ҳам Конституцияга мутлақо хилоф бўлиб, бунда ҳатто ўша даврнинг ҳуқуқий ҳужжатларига-да таянилмаган.
Кейинчалик собиқ КПСС Марказий комитети сиёсий бюросининг 1988 йил 11 июлдаги “30-40-йиллар ва 50-йиллар бошида ноҳақ қатағон этилганларни реабилитация қилиш билан боғлиқ ишларни якунига етказиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида СССР Прокуратураси ва Давлат хавфсизлик комитети (КГБ) маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда қатағон қилинган кишиларнинг ишларини, уларнинг оқловга доир ариза ва шикоятлари тақдим этилмаган бўлса ҳам, кўриб чиқишни давом эттирган. Афсуски, бу жараён бобом билан отамнинг ишларини қамраб олмаган.
Собиқ иттифоқ Олий советининг 1989 йил 16 январдаги Фармонига кўра 30-йилларда ва 50-йиллар бошида НКВД-УНКВД “тройка”лари, ОГПУ коллегиялари, НКВД-МГБ-МВД органлари носудлов йўл билан чиқарган қарорлар бекор қилиниб, мазкур органлар қатағонга дучор этган барча фуқаролар оқланган. Ватан хоинлари, жазо отрядлари вакиллари, нацист жиноятчилар, жиноят ишларини сохталаштириш билан шуғулланган ходимлар, шунингдек, қотиллик содир этганлар бундан мустасно бўлган.
Аммо бобом ва отам истисно этилган ана шу бешта жиноятнинг биттасини ҳам содир этмаганига қарамай, яна реабилитациядан четда қолганлар.
Собиқ СССР президенти М.Горбачёв 1990 йил 13 августда имзолаган «1920-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар барча қурбонларининг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида»ги фармон совет давлати сталинизм даврида қатағон қилинган фуқаролар олдида айбдор эканини узил-кесил тан олишнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Фармонга мувофиқ, 1920-1950 йилларда коллективлаштириш муносабати билан деҳқонларга, шунингдек, сиёсий, ижтимоий, миллий, диний ва бошқа шу каби турли сабаблар билан бошқа барча фуқароларга нисбатан қўлланилган қатағонлар ғайриқонуний, асосий фуқаролик ҳуқуқларига ҳамда инсоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларига зид экани тан олинган. Бироқ, бу оқлов жараёни ҳам ота-бобомни яна четлаб ўтган.
1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Шу тариқа собиқ тузум барҳам топиб, советларнинг ғайринсонийлик, динсизлик ва мустамлакачиликка таянган, инсон ҳуқуқларига зид сиёсат олиб боргани фош бўлди. Айниқса, кейинги йилларда эски тузум қурбонларига нисбатан муносабат тубдан ўзгарди.
ХХ асрнинг 37-50-йилларидаги катта қатағон қурбони бўлган ота-болалар Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан адолат орадан 70 йил ўтиб, ниҳоят қарор топди. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги ажримида, жумладан, шундай дейилган: «Туркистон Ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги М.Тулляев ва А.Мирзаевларга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинсин. Тулляев Мирза ва Мирзаев Абдираимларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилсин. М.Тулляев ва А.Мирзаевлар айбсиз деб топилиб, оқлансин».
– Қиссани нега айнан “Эй, дарвеш” деб номлагансиз?
– Аввало, ушбу қиссани ёзишга ҳозирлик кўраётганимда, улуғ аллома Азизиддин Насафийнинг “Комил инсон китоби” қўлимга тушиб қолди. Шу китобдан биргина насиҳатни келтираман: “Эй дарвеш! Шак-шубҳасиз шуни билгилки, биз мусофирлармиз; лаҳза-лаҳза бу дунёдан ўтармиз. Бизнинг ҳолимиз ҳам мусофирдир, лаҳза-лаҳза ўтиб кетар. Давлат бўлса ҳам ўтар, меҳнат бўлса ҳам ўтар. Шунинг учун агар давлатинг бўлса, давлатингга ишонмаким, бир соатдан кейин нима бўлиши маълум эмас. Меҳнат-машаққат юзланса ҳам кўп сиқилмаким, бир соатдан кейин нима бўлиши маълум эмас. Сендан бировга озор етмасин, имконинг борича одамларга яхшилик қил”.
Насафий бобомизнинг китобини иштиёқ билан ўқиб чиққач, биринчи навбатда, ўша даврда ота-бобомнинг иши бўйича “чақув”ларга қўл қўйган ўзимизнинг айрим қоракўзлар ва уларнинг бугунги авлодларидан қасос-интиқом олиш истаги барҳам топди. Бўлажак қиссам учун “Комил инсон китоби”даги насиҳат ва йўриқларни устувор мезонлар этиб белгиладим.
Қиссанинг ҳар бир бобига “Эй дарвеш” деб бошлангувчи эзгу даъватлардан иқтибос келтирдим. Натижада китобимнинг номи ўз-ўзидан келиб чиқди. Унинг мазмун-моҳияти янада тушунарли бўлиши учун “Зулмни енгган мазлумлар қиссаси” деган тагсарлавҳа қўшдим.
Қолаверса, бобом қизил қатағон авжига чиққан 1937 йилда қишлоғимиз масжидини таъмирлаб, бу ерда кутубхона ташкил этган. Отам эса битта-ю битта ўғил сифатида бу хайрли ишларда падари бузрукворига бажонудил кўмаклашган. Шунинг ўзи дарвешлик эмасми?!
Дарвеш ким? Бу тушунчага “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да уч хил таъриф берилган.
Биринчи таъриф: тарки дунё қилган, гўшанишинликка берилган одам, сўфий.
Иккинчи таъриф: ҳеч нарсаси йўқ, қашшоқ, гадо.
Учинчи таъриф: ҳеч нарса билан иши йўқ, ўтакетган содда ва сипо одам.
Бобом ва отам қатағон домига тортилган даврда ана шу учта мезоннинг барчаси уларга мос келган. Яъни, золимларнинг зулмига дуч келган ота-бобом том маънода дарвешлар бўлган.
Аслида, бобом ва отам Ватанимизга хиёнат қилмаган, халқимизга қарши бормаган, миллатимиз манфаатларига зиён етказмаган, муқаддас динимизни иснодга қўймаган, шунингдек, одам ўлдирмаган, талончилик ёки босқинчилик қилмаган, инсон ҳуқуқларига тажовуз этмаган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам меҳнаткаш ва ҳалол, содда ва очиқкўнгил, иродали ва эътиқодли инсонлар бўлган.
Бобом ва отам бутун умр эл хизматида ва қишлоқдошларимизнинг ҳурмат-эътиборида бўлган. Бобом умрининг охиригача (1985 йил) Хушвақт қишлоғига муллалик қилган. Чақалоқларнинг қулоғига азон айтган, маййитларга жаноза ўқиган. Диний маърака-маросимларда Қуръон тиловат қилган. Ўз навбатида, 2008 йили оламдан ўтган отам қишлоқ тўйларида ош дамлаб, элнинг дуосини олган, моҳир ошпаз сифатида ном қозонган ва отамерос касбни – қавмни дину диёнатга чақиришни давом эттирган.
– Сиёсий қатағон оилангизга қанчалик зиён-заҳмат етказган, деб ўйлайсиз?
– Афсуски, қатағоннинг зиён-заҳмати – оддий бир буюм ёки ўлчаса бўладиган қандайдир моддий нарса билан қиёслагулик эмас. Яъни, бу аламли йўқотишларни на килограмларда, на литр ва метрларда ўлчаб бўлмайди.
Масалан, раҳматли Мирза сўфи бобом 10 йил ГУЛАГ лагерларида ўтириб келган. Кейин 5 йил Мирзачўлга сургун қилинган. Совет давлати бобомга 80 йиллик умри давомида ҳеч қандай иш ҳам, пул ҳам, амалий ёрдам ҳам бермаган. Оқибатда саводли ва маърифатпарвар бир инсон, тайёр педагог ва кутубхона ташкилотчисининг умри беҳуда завол топди. Бобомнинг кутубхонаси яксон этилганидан буён не замонлар ўтса-да, ҳалигача Хушвақт қишлоғимизда жамоат кутубхонаси йўқ.
Яна бир ачинарли томони шундаки, бобом ўша замондаёқ “пахта яккаҳокимлиги”га қарши бўлган. Ўзи ҳам шўроларнинг пахта даласида ишламаган, момомизнинг бунда ишлашига ҳам ижозат бермаган. Бобом қамалгач, барибир, Майрам момом тирикчилик учун пахта даласига чиқади. Оқибатда икки ёшли қизи – Тиллаой аммам дала шийпонидаги чигит ивитиладиган хандакка чўкиб кетади. Ғўза парваришига ўзини бағишлаган Маска аммам эса 18 яшар келинчаклигида дармонсизликдан туғолмай жон берган...
Отам ГУЛАГ лагерларида 6 йил ўтирган. Кейин ўн йиллар давомида мунтазам равишда мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Бу нима дегани? Пахтакорлар дам оладиган қиш мавсумида отам каби “халқ душманлари” Қорақум, Қизилқум каналларини қазиш-таъмирлаш ишларига сафарбар этилган.
Гапни қисқа қилганда, отам қамоқдан қайтганидан сўнг онам билан бирга изма-из уч фарзанди – Сулаймон акам, Азиза ва Раҳима опаларимни болалигиданоқ тупроққа қўйганлар. Яъни, падари бузрукворим ва волидаи зорим, Ўзбекистон Президенти кўп бор таъкидлаганидек, халқ душмани деб эълон қилинган ва аёвсиз қатағон этилган юз минглаб юртдошларимизнинг атиги бир жуфти бўлган, холос...
– Шундай қилиб, Президентимиз 2024 йил 19 июлда имзолаган қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимада?
– Бу саволга тўлиқ ва атрофлича жавоб қайтарамиз десак, яна расмий иборалар ва далилу рақамлар гирдобида қолиб кетишимиз тайин. Унда нима қилиш керак?
Менга қолса, яна севимли ёзувчимиз Чингиз Айтматов ижодига мурожаат қилганимиз маъқул. Хусусан, адибнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” китобини назарда тутмоқдаман. Ушбу асар қаҳрамонлари – бобо ва ота ўз жонидан кечиб, ёш авлод, янги насл яшаб қолиши учун шароит туғдириб беради.
Яъни, уч авлод вакилларининг қайиғи бемисл тўфон оқибатида она макондан узоқда йўлни йўқотади. Шунда дастлаб бобо ўғли ва неварасига озиқ-овқат тежалиши учун жонига қасд қилади – ярим тунда ўзини сувга чўктиради. Орадан маълум муддат ўтиб, ота ҳам шу йўлни танлайди – ўғлига сувни тежаш мақсадида ҳаётдан воз кечади.
Бу қурбонликлар ўз самарасини беради. Ватан сарҳадидаги тоғни чопиб бораётган олапарга менгзагувчи навқирон ҳамда омадли йигит уйига эсон-омон қайтади.
Қиссадан ҳисса шуки, биз – бугунги авлодларнинг боболари оқ пошшо босқинидан хору хароб бўлган эса, оталари большевойларнинг зулмидан буткул хонавайронликка юз тутгани оддий ҳақиқат.
Демоқчиманки, Чингиз Айтматовнинг ўша қайиғидаги бола сизу бизнинг, бобо ва отаси – жафокаш аждодларимизнинг ўзига хос рамзидир. Уларнинг дуолари ва эзгу интилишлари ниҳоят Янги Ўзбекистон аҳлини Мустақил диёр ястанган обод соҳилга олиб келди...
Саидакмал Мамасолиев суҳбатлашди
"Адолат кўзгуси" газетаси 2024 йил 12 сентябрь №37(1507)
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 852
- Чоп этиш