Жорий йилнинг 4 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 77-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари” мавзусида ўтказилган ушбу тадбирда Миллий марказ экспертлари, мактаб-интернат педагоглари ва ўқувчилари иштирок этди.
Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мултимедиа бўлими бошлиғи Ҳамидулла Мўминов, мазкур бўлимнинг етакчи мутахассиси Малика Талипова, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов ўз маърузаларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Йиғилганларда, айниқса, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун шарҳи катта қизиқиш уйғотди. Ушбу қонун мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Замира Ғафурова ҳам сўзга чиқиб, ушбу тадбирни ташкил этгани учун Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга самимий миннатдорлик билдирди.
Тадбирда таъкидланганидек, кўришда нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган 77-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати 1929 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Бугунги кунда 190 нафардан ортиқ педагог ва техник ходимлардан иборат аҳил жамоа ўқувчиларга таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчиларнинг 4 нафари “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2 нафари “Шуҳрат” медали ва 1 нафари “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Педагогларнинг 120 нафардан зиёди олий маълумотли, шундан 45 нафари кўришда нуқсони бор ўқитувчилар экани диққатга сазовор. Ўқитувчи ва тарбиячилар тифлопедагогика ҳамда дефектология бўйича малакага эга.
Ҳозирда мактаб-интернатда 350 нафардан ортиқ ўқувчилар таълим олмоқда. Уларга умумтаълим дастуридаги фанлардан ташқари, 7 турдаги коррекцион машғулотлар ҳам ўтилади. Бу орқали ўқувчиларда кузатиладиган иккиламчи нуқсонларнинг олди олинади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Яшнобод тумани “Баркамол авлод” болалар маркази томонидан ташкил этилган фан, касб-ҳунар, санъат ва спорт тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.
Мактаб-интернат ўқувчилари ҳам ниҳоятда иқтидорли, фаол ва меҳнатсевар. Улар халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида фахрли ўринларга сазовор бўлиб келишмоқда. Жумладан, сўнгги тўрт йилда ўқувчиларнинг 8 нафари республика фан олимпиадалари ғолиби, 5 нафари дзюдо ҳамда енгил атлетика спорти бўйича жаҳон ва олимпиада чемпиони бўлгани ушбу таълим масканида ишлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради.
Тадбир қизиқарли савол-жавоблар, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Мактаб-интернат ўқитувчилари А. Қосимов, И. Абдураҳмонов, шунингдек, 10-синф ўқувчиси А. Абдулбоқиев, 8-синф ўқувчилари А. Насриддинов, М. Бекпўлатов томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ экспертларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир якунида Миллий марказ томонидан Брайль алифбосида чоп этилган китоб – Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни нашри мактаб-интернат кутубхонасига совға қилинди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 07.10.2024
- Кўришлар: 677
- Чоп этиш