Сайлов — демократия кўзгуси

Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида – ҳафталик илк сессияси бўлиб ўтди.

Хабар берганимиздек, пойтахтимизда 300 дан зиёд хорижий экспертлар иштирокида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Чет эллик журналист, телебошловчи ва ток-шоу бошловчиси Али Аслан модераторлик қилаётган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов нутқ сўзлаб, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар хусусида маълумот берди.

Иштирокчилар томонидан Янги таҳрирдаги Конституцияда кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари янада кучайтирилгани қайд этилди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг 33 та ваколатлари маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Бу эса партиялар ва номзодлар ўртасида фаол рақобат муҳитини шаклланишига хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишнинг илк сессияси бошланди – “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусидаги  экспертлар муҳокамасида давлат органлари масъуллари, халқаро экспертлар ва ҳуқуқшунослар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари иштирок этди.

Мунозаранинг асосий мақсади – Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сайловларнинг аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларнинг амалдаги самарадорлигини кўриб чиқиш, шунингдек, “Инсон қадри учун” деган тамойилга асосланган ҳуқуқий ислоҳотларнинг моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.

Тадбир икки қисмга ажратилган ҳолда давом этди. Ҳар иккала сессияда миллий ва халқаро экспертлар иштирокида соҳада амалга оширилган ишлар, илғор тажрибалар ва амалий ечимлар хусусида сўз борди. Мулоқот давомида янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил қатъий қилиб белгиланганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилгани, инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги мустаҳкамлангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгилангани ҳамда уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ ҳамоҳанг экани алоҳида қайд этилди.

Анжуманда, шунингдек АҚШ, Польша, Ирландия, Финляндия, Швеция, Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистон каби қатор давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар, илғор тажрибалар ва амалий ечимларни эътироф этди.

Экспертларнинг таъкидлашича, мамлакатимиздаги ислоҳот сиёсий кучлар мувозанатини яхшилайди ва энг илғор халқаро амалиётларга мос келадиган тарзда сайловларнинг легитимлигини таъминлайди.

Тадбир давомида сиёсий ҳаётда аёлларнинг ўрни алоҳида таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, сайлов жараёнини ташкил қилиш ва ўтказишда, номзодларни кўрсатишда аёлларни ўрни ошди. Жумладан, сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлардаги хотин-қизларнинг улуши камида 30 фоиз, шунингдек, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.

Хорижий мутахассислар инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишларни юқори баҳолашяпти. Экспертлар муҳокамасида, шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга доир сўнги ҳуқуқий ислоҳотлар кўриб чиқилди. Юртимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич шаклда имплементация қилинаётгани алоҳида эътироф этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 та факультатив протоколлари қоидалари миллий қонунчиликда ўз аксини топган. Бу эса мамлакатнинг халқаро стандартларни миллий ҳуқуқий тизимга имплементация борасидаги саъй-ҳаракатларини яққол кўрсатади.

Анжуманда Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар бўйича халқаро экспертларнинг таҳлили тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Беҳруз Худойбердиев,

Аслиддин Алижонов (фото),

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech