Ўтган ҳафтанинг 18 октябрь куни пойтахтимиздаги Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WОСCУ) конференция залида ўз ишини бошлаган Маданий мерос форуми қизғин давом этмоқда. “Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар ва цивилизациялар” мавзусида бўлиб ўтаётган мазкур халқаро анжуманда 100 дан ортиқ хорижий олимлар ва мутахассислар, жумладан, халқаро маданий ташкилотлар раҳбарлари, чет эл музейлари ва кутубхоналарининг бошқарувчилари қатнашмоқда.
Халқаро тадбирнинг очилиш маросимида Янги Ўзбекистонда давлат томонидан фан, маданият, таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильмда давлатимиз раҳбари томонидан маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, таълим дастурларини жорий этиш, WOSCU конгрессларини ўтказиш каби ташаббуслар ёритилган. Қувонарлиси шундаки, бу каби ташаббуслар Ўзбекистон маданияти ва санъатини, тарихини нафақат хорижликларга намойиш қилишга, айни пайтда чет эллик ҳамкорлар билан тажриба алмашишга, ўзаро мулоқотларни жонлантириш, дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
– Ўтаётган ҳафталик Ислом цивилизацияси маркази учун муҳим аҳамиятга эга, – деди ушбу марказ директори, Маданий мерос ҳафталигининг мувофиқлаштирувчиси Фирдавс Абдухолиқов. – Чунки тадбир доирасида Марказимиз олдига қўйилган мақсад ва вазифалар ижроси амалда намойиш этилиб, навбатдаги вазифалар кўлами аён бўлади. Айни пайтда ушбу халқаро анжуман хорижлик ҳамкорлар билан янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, юртимизнинг маданий меросини сақлаш, асраб-авайлаш ҳамда уни ўрганиш ва оммалаштириш борасида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ҳафталик давомида бўлиб ўтаётган тадбирлар анжуманнинг мазмун-моҳияти, унинг халқаро миқёсдаги аҳамияти ва кўламини яққол кўрсатиб турди. “Шарқ Ренессанси феномени: салтанатлар, динлар ва тамаддунлар”, “Ислом дини – инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва маърифатпарварликка элтувчи дин”, “Асрлар хазиналари: Ўзбекистон қўлёзмалар мероси”, “Биринчи Ренессанс кашфиётларининг жаҳон цивилизацияси ривожига таъсири”, “Темурийлар даврига саёҳат”, “Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий инновацион музейига глобал тенденциялар ҳамда янги форматларни тақдим этиш”, “Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотлар” каби турли мавзудаги халқаро форумлар, симпозиумлар юртимизда маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламининг кенглиги ҳамда мазмундорлигидан далолат беради.
Анжуман доирасида ташкил этилган археология ва этнография дурдоналарига, Ўзбекистондаги қўлёзмалар меросига, тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш ёғдуси бўлмиш Қуръонга бағишланган ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейидаги янги кўргазмалар, Кино санъати тарихи музейидаги қизиқарли лойиҳа тақдимотлари барча қатнашчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (ИРCИCА) бош директори ўринбосари Женгиз Томар, Намик Кемал университети тарих кафедраси профессори Халит Эрен (Туркия), Wilmotte & Associates етакчи дизайнери ва лойиҳалар раҳбари Эммануэл Брелло (Франция), Берлин давлат кутубхонаси Марказий Осиё бўйича етакчи мутахассиси Айсима Мирсултон (Германия), Истанбулдаги Ислом цивилизацияси сайилгоҳи раҳбари, Қуръоннинг Истанбулдаги ноёб кўчирма нусхалари муаллифи Ҳусайн Қутлу (Туркия), Михо музейи махсус илмий ходими, фан доктори Сергей Лаптев (Япония) ва бошқа халқаро экспертларнинг махсус чиқишларида Шарқ ренессансларининг дунё миқёсидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Айниқса, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” симпозиуми давомида Турк қўлёзмалари бошқармаси президенти Жўшқун Йилмазнинг 1318 йили Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон томонидан кўчирилган Қуръони Каримнинг нодир қўлёзмаси мазкур бошқармага қарашли Сулаймония кутубхонасида сақланаётгани ва айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази билан ҳамкорликда унинг факсимиле нусхасини чоп этиш ниятида эканликлари ҳақидаги хушхабари иштирокчиларни жуда қувонтирди. Шунингдек, Истанбул университети профессори, доктор Эмек Уменмезнинг Амир Темур авлодидан бўлган Малика Шодмалик Хотун қўли билан ёзилган Қуръони Карим ҳақидаги маърузаси маълум маънода ҳафталикнинг кашфиётларидан бири бўлди. Маърузада айтилишича, бу қўлёзма ҳижрий 871, милодий 1467 йили кўчирилган бўлиб, Истанбулдаги Турк ва ислом асарлари музейида сақланади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Тирик тарих” лойиҳаси тақдимотига бағишланган тадбирлар, кутубхона инновацияси анъаналарига оид халқаро анжуман ҳам тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Бугун, форум ишининг сўнгги кунида қатнашчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюради ҳамда “Шарқ миниатюраларида тарихий шахслар” деб номланган лойиҳа тақдимотида иштирок этади. “Учинчи Ренессанс: Янги Ўзбекистонда маданий-тарихий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш феномени” деб номланган якуний ялпи мажлис ва маданий мерос ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Женгиз ТОМАР,
Туркия Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази бош директори, профессор:
– Етти-саккиз йилдирки, Ўзбекистонда жуда катта ўзгаришлар юз беряпти. Бунинг учун давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга миннатдорлигимизни билдирамиз. Зеро, сўнгги йилларда Туркия ва Ислом оламида, айниқса, илм-фан ва маданият соҳасида муносабатларимиз доираси кенгайди. Турк дунёсининг энг ривожланган давлатларидан бири қадимдан Туркистон бўлган. Туркистон деганда, кўз олдимизга, энг аввало, Ўзбекистон келади.
Бизнинг Ўзбекистон билан ўхшаш томонларимиз кўп. Маълумки, бугун Туркия дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири. Ўзбекистон ҳам минтақа географиясида алоҳида мавқега эга. Бугун ўзаро муносабатлар борасида шундай имкониятлар юзага келдики, бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак. Яъни биз бир ҳафта Ўзбекистонда бўлсак, кейинги ҳафта ўзбеклар Туркияга боради. Ҳамкорлигимиз шу тариқа янада мустаҳкамланиб бораверади.
Кези келганда, ўзаро муносабатларимизда жадидлар ҳаракатининг алоҳида ўрни борлигини айтиш лозим. Зеро, юртларимиз ҳаётида жадидлар ҳаракати жуда муҳим ўринни эгаллайди. Маданий-маърифий жабҳадаги кенг кўламли ҳамкорликларимиз илдизлари жадид боболаримизга бориб тақалади.
Карим ИФРАК,
Франция Миллий илмий-тадқиқотлар маркази ижрочи директори, исломшунос олим:
– Қуръон қўлёзмаларини дунёнинг бошқа кутубхона ва музейларидан ҳам топиш мумкин. Бироқ айнан Ўзбекистондагиси алоҳида бир мавзу. Бу ерда тадқиқот олиб бориш давомида шунга амин бўлдикки, айнан юртингизда сақланаётган Қуръон қўлёзмалари бошқа кутубхона ва фондларда топилмайди, жуда камёб. Бунга Катта Лангар Қуръони ва Ислом Қуръон мусҳафларини мисол қилиб келтириш мумкин. Ўзбекистон фондларида сақланаётган Қуръон қўлёзмалари бизни илҳомлантириб, янада чуқур тадқиқот олиб боришга ундамоқда. Илмий изланишлар давомида мазкур қўлёзмалар ноёблиги билан бизни ўзига тобора жалб этяпти.
Зеро, мусулмон дунёси маданий мероси тадқиқотчилар учун минг йиллар давомида ўрганишга арзирли муҳим манбаларга эга. Қадим Мовароуннаҳрда тўпланган илмий, маънавий мерос, ноёб асарлар ҳалигача бутун дунё аҳлини ҳайратлантириб келади.
Қўлимиздаги телефон, ҳар куни ишлатаётган замонавий технологияларимиз, ҳатто сунъий йўлдош – ҳаммасининг ортида Муҳаммад Хоразмий чеккан заҳматлар, кашфиётлар турибди. Шу маънода айтиш мумкинки, инсоният тарихида мусулмон цивилизациясидек фавқулодда ҳодиса кузатилмаган.
Умида ТЕШАБОЕВА,
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори:
– Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, санъати, маънавияти, илми бой. Шу сабаб ҳам дунё ҳамжамиятининг юртимизга қизиқиши катта. Маданий мерос ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад мана шу маданий меросимизнинг буюклигини, қадрини, жаҳонга кенг тарғиб қилиш ва энг аввало, ёшларимизга етказишдир.
Ҳафталик доирасида саккизта илмий майдонда турли мавзуда ташкил этилган тадбирлар давомида турфа кўргазмалар, илмий анжуманлар, китоб тақдимотлари ўтказиляпти. Бу анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари учун муҳим манба бўлади, деган умиддаман. Шунингдек, хориждан ташриф буюрган таниқли олимлар ва мутахассисларнинг чиқишлари ҳам юртдошларимиз учун фойдали бўлаётир.
Форум дастурига мувофиқ “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанснинг кутубхона инновацияси анъаналари асосида” деб номланган анжуман Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилди. Тадбир юртимизда сўнгги йилларда ахборот-кутубхона соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини очиб беришга бағишланди. Мазкур тадбир туфайли чет эллик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш имконига эга бўлдик.
Гулчеҳра УМАРОВА
Абдуманнон МАМАТОВ олган суратлар
“Жадид” газетасининг 2024 йил 25 октябрдаги 44-сони
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 911
- Чоп этиш