Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида кенг қамровли, изчил ва шиддатли ислоҳот жараёнларини ёритиш оммавий ахборот воситалар фаолиятининг энг устувор вазифасидир. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ислоҳотлар жадаллашиши билан бирга, кескинлашаётган халқаро вазият тўғрисида таҳлилий-танқидий руҳдаги хабар, репортаж, интервью, мақола ҳамда шарҳларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш амалиёти ривожланмоқда. Улар орқали инсонлар жамиятнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб янгиланишлардан хабардор бўлмоқдалар, мавжуд муаммо ва камчиликларнинг таҳлили билан танишмоқдалар, уларни идрок этиб, ўз муносабатларини шакллантирмоқдалар.
“Янги Ўзбекистон” газетаси ана шу жараён авангардида бораётган оммавий ахборот воситаларидан биридир. Мазкур газетанинг ўзига хос хусусияти ҳар бир соҳа бўйича юқори нуфузли, малакали экспертларнинг мақола, интервью, муносабатларини эълон қилиб бориш воситасида ахборот етказиш самарасини оширишга эришганлигидадир.
Газетанинг доимий муаллифлари қаторида академик доиралар вакиллари, таниқли назариётчи ва амалиётчи мутахассислар, халқаро ва миллий экспертлар ўрин олган. Ана шу сифатларнинг барчасини ўзида мужассам этган ноёб салоҳият эгаси академик А. Х. Саидов газетанинг доимий муаллифларидан биридир.
Айтиш жоизки, академик А. Х. Саидов ҳам назарий ва ҳам амалий бой тажрибага эга таниқли олим, миллий ва халқаро даражадаги нуфузли эксперт мутахассис, давлат ва жамоат арбоби, юксак фалсафий, ҳуқуқий ва сиёсий билимлар эгасидир. А.Х.Саидов 200 дан ортиқ монография, 100 га яқин дарслик, 600 дан ортиқ илмий мақола, 140 дан ортиқ тақриз, 1100 дан ортиқ публицистик мақола муаллифи ҳисобланади. Китоблари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Австрия, Хитой, Япония, Россия, Украина, Польша, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Қатар, Омман ва бошқа мамлакатларда ҳам нашр этилган.
А.Х.Саидовнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси кутубхонаси” туркумида нашр этилган “Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий фалсафаси” китобида “Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифаларида эълон қилинган муаллифнинг элликдан зиёд сиёсий-ҳуқуқий публицистик мақолалари жамланган. Муаллиф Янги Ўзбекистон миллий сиёсий ва ҳуқуқий тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини маҳорат билан газетахонларга шарҳлаб беради. Мазкур мақолаларнинг қиймати шундаки, муаллиф Янги Ўзбекистон тақдири ва истиқболи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган энг муҳим ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнини сиртдан эмас, балки уларнинг бевосита ташкилотчиларидан бири, гувоҳи ва иштирокчиси сифатида таҳлил қилган.
Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий фалсафаси деганда нимани тушуниш керак? Бундай номланишда қуйидаги жиҳатларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ:
биринчи жиҳати - Ўзбекистон Республикаси Президенти таъбири билан айтганда фақатгина халққа хизмат қилувчи адолатли ва замонавий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғоясига бағишланганлик;
иккинчи жиҳати – сиёсий фаолият мазмуни ва шакли, ҳокимият моҳияти, сиёсий танлов ва йўлни аниқлаб берадиган, шахс, жамият ва давлат тараққиёти йўналишларини ўрганадиган билимлар тизимидан иборат сиёсий фалсафага таянганлик;
учинчи жиҳати – ҳуқуқнинг моҳияти, унинг инсон, жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни, қиймати ва аҳамиятини ўрганувчи ҳуқуқий фалсафа асосида тафаккур қилинганлик.
Шу уч жиҳат уйғунлиги, Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий фалсафаси – давлат сиёсати ва ҳуқуқнинг мазмуни, қонун ва ҳокимиятнинг моҳияти, фақат халққа хизмат қилиш қадриятларини ифодалайдиган янги давлат ва ҳуқуқ фалсафасини ўзида мужассамлаштиради.
Фикр амалиётдан орқада қолиши мумкин, чунки баъзида вазиятни тўғри баҳолаш учун вақт талаб қилинади. Лекин юксак қобилият эгаси табиатига кўра инқилобчидир. У амалиёт ва назарияга таяниб янги уфқларга элтувчи ғояларни таклиф қила олади. У ақлан оламдаги воқеликларни умумлаштиради ва уни янгидан яратади. Унинг қобилияти янги келажакни лойиҳалаш нуқтаи назаридан ишлайди. Китоб муаллифи ўзидаги бой илмий ва амалий тажрибани қўллаб, Ўзбекистоннинг ўтмиши, бугунги куни ва келажагида муҳим ўрин эгаллайдиган сиёсий-ҳуқуқий жараёнларга ўзининг баҳосини берган ва янги ғояларни таклиф этган.
Китоб саккиз қисмдан иборат. Биринчи қисмга “Янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббуслари” деб ном берилган. Унда жой олган мақолаларда Янги Ўзбекистон сиёсий пойдеворининг қурилиши ва мустаҳкамланиши тўғрисида мушоҳада юритилган. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда улкан ислоҳотлар ва туб демократик ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги, “халқимизнинг улуғвор қудратига таяниб, Ўзбекистонда янги Уйғониш – Учинчи Ренессанс даври пойдевори” яратилаётганлиги кўплаб мисоллар билан тавсифланган (16-22 бет).
Китобда таъкидланганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятга ўз эшикларини кенг очиб қўйди. “Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди” (31-бет). Ўзбекистон Республикаси Президентининг нуфузли халқаро ташкилотлар олий минбаридан туриб илгари сурган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслари изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда. Муаллиф “Янги Ўзбекистон раҳбари ўз йўлидан мустақил бориш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилаётган замонамизнинг саноқли сиёсатчиларидан биридир” (21-бет), деган хулосага келган.
Муаллиф давлат раҳбарининг кейинги йилларда қўлга киритилган натижаларни санаш билан кифояланмасдан, мамлакатимиз ҳаётида ҳал этилиши керак бўлган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратганлигига урғу берилган. Албатта, Ўзбекистон охирги йилларда муҳим янгиланишларга эришди, энг муҳими Президент давлат идораларини халқимизга очди: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган муҳим конституциявий тамойилни ҳаётимизга изчил, тизимли ва қатъият билан жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда”(31-33 бет).
Муаллиф шу ўринда Президентнинг орзудаги Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ҳали жуда олис ва машаққатли йўлни босиб ўтишни талаб қилишини, лекин “биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур”лиги тўғрисидаги чақириқларини келтиради (35-бет).
Китобнинг иккинчи қисми “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” деб номланиб, унда мамлакатимизни янгилаш стратегиясига эксперт сиёсий-ҳуқуқий баҳо ўз ифодасини топган.
Стратегия – юнонча сўздан олинган бўлиб, «саркарданинг санъати» деган маънони англатади. Қадимги даврлардан стратегия мамлакатни ривожлантириш ва мудофаа қилиш мақсадида давлатнинг узоқ муддатли чоралар режасини ташкил қилган. Стратегия энг муҳим мақсадлар ва йўналишлардир. Қадимги Хитой файласуфи Конфуций: “Агар мақсадга эришиш имконияти йўқдай кўринса, мақсадни ўзгартирманглар, балки мақсадга эришиш бўйича ўзингизнинг ҳаракат дастурларингизни ўзгартиринглар”, деб ёзган эди. Стратегиянинг вазифаси асосий мақсадга эришиш учун мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланишдир.
Ҳозирги кунда муайян давлат стратегияси – бу муайян мақсадга эришиш учун мамлакатнинг узоқ вақтга мўлжалланган асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи давлатнинг амалий ҳаракатлари дастуридир. Глобал ўзгаришлар шиддатли тус олган замонда мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг белгиланганлиги ва барча ресурсларнинг уни амалга ошириш учун сафарбар қилинганлиги ва ислоҳотларнинг изчиллик билан амалга оширилаётганлиги жуда муҳимдир.
Муаллиф “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги 7 устувор йўналишнинг бош ғояси инсон қадрини таъминлаш”, эканлигини эътироф этган. Шу муносабат билан миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “давлат-жамият-инсон” тамойили “инсонжамият-давлат” тамойилига ўзгартирилганлиги таъкидланади (75-бет). “Тараққиёт стратегиясида асосий эътибор, - деб ёзади муаллиф, - бир томондан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, концепция ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган. Иккинчи томондан, унда қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маънавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган” (73-бет).
Китобнинг учинчи қисми “Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлар” деб номланиб, унда мамлакатнинг стратегик ривожланишида конституциявий қурилишнинг аҳамияти, унинг амалга оширилиш жараёни ва натижалари таҳлил қилинган. Муаллиф “давлат ва жамиятда туб ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда табиий равишда Конституцияга жиддий ўзгартишлар киритиш тақозо этилади. Зеро, ҳар қандай демократик ислоҳотлар чин маънода халқчил конституциявий асосга эга бўлсагина, янада бардавом бўлади, кўзланган эзгу мақсадларга эришади”, деб ёзади (114-бет).
Академик А.Х.Саидов томонидан Ўзбекистонда тақдим қилинган конституциявий ислоҳотлар таҳлили икки жиҳати билан қимматли ҳисобланади:
биринчидан, олимнинг қиёсий ҳуқуқшунослик соҳасида назарий ва амалий тажрибага эга халқаро даражадаги таниқли мутахассис олим сифатидаги эксперт хулосалари юқори нуфузга эга;
иккинчидан, олимнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия раиси, конституциявий ислоҳотларнинг бевосита ташкилотчиларидан бири сифатидаги қарашлари алоҳида аҳамият касб этади.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирмоқда, - деб ёзади олим (126-бет).
Китобнинг “Янги Ўзбекистон – инсон қадр-қиммати ва инсон ҳуқуқлари улуғланган юрт” деб номланган тўртинчи қисмида мамлакатимизда ўтказилаётган барча ислоҳотларнинг пировард мақсади инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш эканлиги ёритилган. Болалар, аёллар, ёшлар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, муҳожирлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида давлат ҳимояси кучайтирилаётгани Янги Ўзбекистон моҳиятининг энг муҳим жиҳат эканлиги тизимли тақдим этилган далиллар асосида кўрсатиб берилган.
Китобда Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги амалий ҳаракат ва ташаббуслари нафақат мамлакат ёки минтақа миқёсида, балки халқаро миқёсдаги сиёсатининг марказида турганлиги таъкидланган. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қатор БМТ резолюцияларининг қабул қилинганлиги, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланганлиги ва бошқа қатор халқаро аҳамиятга молик тадбирлар ёритилган.
Китобнинг бешинчи қисми “Янги Ўзбекистон парламентининг фаолияти” деб номланган. Унда муаллиф Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ҳамда халқаро даражадаги парламентшунос олим ва амалиётчи сифатида мамлакат қонун чиқарувчи органи фаолиятининг айрим жиҳатларини муҳокама қилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясининг мазмуни, мазкур резолюцияга мувофиқ миллий парламентларнинг устувор вазифалари, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишга эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтлари аҳамиятининг ошиб бораётганлиги, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг моҳияти таҳлил қилинган.
Муаллиф Парламентлараро иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги манфаатли муносабатлар мазмунига, Ўзбекистон ҳамда Европа ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг жадал ривожланиши ва истиқболларига, Ўзбекистон Республикаси парламентининг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлиги тенденцияларига эксперт баҳосини берган.
Китобнинг “Маънавият ва маърифат – тафаккурнинг қўш қаноти” деб номланган олтинчи қисмида Ўзбекистон Мустақиллиги байрамига бағишлаб чоп этилган “Янги Ўзбекистон” китоб-альбоми, академик Оқил Салимовнинг “Янги Ўзбекистон давлати” китоби, Иккинчи Шарқ Ренессансини бошлаб берган буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи Амир Темур таваллудининг 685 йиллигини кенг нишонлаш доирасида нашр этилган китоблар, “Инсоният тафаккури жавоҳирлари” деб номланган дунё цивилизацияси тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилган буюк кашфиётларнинг туркум жамланмаси, машҳур файласуфлар ғоя ва қарашларини ўз ичига олган “Жаҳон фалсафаси қомуси” каби асарларга илмий-амалий тақриз-тақдимотлар ўз ифодасини топган.
“Янги Ўзбекистон – бу ибора Миллат Сардори илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир. Бу ғоя замирида: бир томондан, бугунги ва эртанги аждодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари; иккинчи томондан, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари; учинчи томондан, бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган” (286-бет), - деб ёзади муаллиф.
“Инсон хотираси – муқаддас” деб номланган китобнинг еттинчи қисмида Иккинчи жаҳон урушида матонат кўрсатган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, уларга ҳурмат-эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш олий даражадаги миллий қадриятга ва давлат сиёсатига айланганлиги муаллиф томонидан моҳирона ифодаланган.
Муаллиф Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, ундаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги ва “Шон-шараф музейи”нинг аҳамиятига, уларни ўзбекона фалсафа, халқона сиёсатнинг амалдаги ёрқин натижасидир, “Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият” эканлигига юксак баҳо берган. Хорижий давлатлардаги мемориал мажмуаларни ҳам кўрганман, лекин уларнинг бирортасида халқнинг жанггоҳлардаги “жасорати ва фронт ортидаги матонати Тошкентда яхлит мажмуа тарзида бунёд этилган Ғалаба боғидаги сингари кенг кўламда, ҳаққоний ва адолатли равишда кўрсатиб берилмаган”, - деб ёзади муаллиф (316-317 бетлар).
Китобнинг “Янги Ўзбекистон: тинчликсевар, фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат” деб номланган саккизинчи қисмида жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг айрим муҳим йўналишларига эътибор қаратилган. Бунда Янги Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатларини бирлаштира оладиган минтақавий етакчи мақомига, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам уларнинг манфаатларини илгари сурувчи ишончли етакчи бўлишга қодир давлатга айланаётганлиги эътироф этилган (378-бет).
Китоб уни мутолаа қилган ўқувчида Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичи – Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнини, унинг ичида, фаол ташкилотчиларидан бирининг кўзи билан қарашга имкон беради. Китоб жамият тараққиётининг турли жабҳаларига доир ҳар хил мавзуларга бағишланган мақолалардан иборат бўлса-да, улар ягона мантиқнинг – Янги Ўзбекистон мантиғининг турли қирраларини ифодалаган. Бу мантиқда жамият тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар келажакда “Ўзбек мўъжизаси” номини олиши мумкин бўлган барча соҳаларда улкан сакрашнинг пойдевори қурилиши намоён бўлади. Муаллиф бу пойдевор ғоясини учинчи Уйғониш даври - Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий фалсафаси сифатида тақдим этган.
Албатта, академик А. Х. Саидов қаламига мансуб мазкур китобдаги мақолаларнинг барча жиҳатларини битта тақриз доирасида ёритиш мушкул. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, китоб ҳозирги кунда мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг, давлат ичида ва бошқа давлатлар билан муносабатларда юз бераётган жараёнларнинг аҳамиятини тушунишга ёрдам беради. Китобда фалсафа, ҳуқуқ, сиёсат, тарих, социология соҳасидаги назарий ва амалий билимлар жамланган. Муаллифнинг юксак ҳаётий, илмий ва амалий тажрибаси ҳар бир муҳокама қилинган мавзунинг асл маъносини англашни таъминлайди.
Ушбу китоб Янги Ўзбекистон ғояси моҳиятини англаш билан боғлиқ кўпгина муаммоларни қамраб олган ва бу борада энг муҳим фундаментал билимларни ўзлаштиришга хизмат қилади. Мазкур китоб кенг жамоатчилик, академик доиралар, халқаро ва миллий эксперт ҳамжамияти вакиллари, давлат идоралари ходимлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари, талабалар, педагоглар, умуман Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнига қизиқадиган ҳар бир киши учун фойдали маълумотларга бой қўлланма хусусиятига эга.
Ў.Очилов
юридик фанлар доктори, доцент
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 13 ноябрь кунги 230 (1291)-сони
O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining kutubxonasi
- Қўшилди: 13.11.2024
- Кўришлар: 806
- Чоп этиш