ПАРЛАМЕНТ ХАЛҚ УЙИГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида сўзлаган нутқида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда депутат деган шарафли номга сазовор бўлган юртдошларимизларни чин қалбдан самимий табриклади. Президентимиз эътироф этганидек, сайлов натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоиз янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди.

 

Янги Ўзбекистон парламенти меъмори

 

Ҳар қандай сайлов инсон, жамият ва давлат учун муҳим сиёсий жараёндир. Айниқса, жаҳондаги бугунги кескин ва таҳликали вазиятда бундай умумхалқ тадбирларини ўтказиш янада катта масъулият талаб этади.

Бу галги сайлов янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди. Ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди, деди давлатимиз раҳбари.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги 8 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг алоҳида ва қўшма мажлисларида 17 марта нутқ сўзлади ҳамда маърузалар қилди. Давлат раҳбари, жумладан:

  • 5 марта – Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисларида;
  • 4 марта – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этиш асносида;
  • 4 марта – алоҳида-алоҳида палаталар мажлисларида;
  • 4 марта – сиёсий партиялар фракциялари аъзолари билан учрашувларда иштирок этди ва сўзга чиқди.

Парламент фаолияти Президентимизнинг доимий эътиборида турибди. Юртбошимиз парламент фаолиятини жуда яхши билади, чунки ўз даврида 15 йил депутат мақомида фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Президенти ўтган даврда халқаро парламент ташкилотлари раҳбарлари билан 10 мартадан ортиқ, миллий парламентлар раҳбарлари билан ҳам жуда кўп марта учрашди. Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар билан чиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев парламент форумларига мунтазам равишда табрик йўллайди. Давлатимиз раҳбари хорижий мамлакатларга ташрифлари чоғида ҳам доим парламент раҳбарлари билан учрашади.

Буларнинг барчаси – Президентимиз Ўзбекистон парламентига ишониши ва таянишидан далолатдир. Миллат Сардорининг ўз таъбири билан айтганда, “Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари – Янги Ўзбекистоннинг таянчидир”.

Яна бир муҳим мезон: янги таркибдаги қуйи палатанинг илк мажлисида ўтган беш йил давомида Қонунчилик палатаси самарали фаолият кўрсатгани эътироф этилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Қуйи палата томонидан 130 дан ортиқ янги ва яхлит қонунлар қабул қилинди. Бу – олдинги даврга нисбатан 1,5 карра кўп”.

Шу билан бирга, янги таркибдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи мажлисида парламент фаолиятида ютуқлар билан бирга эътибордан четда қолган масалалар ҳам бўлганига эътибор қаратилди. Президент уларнинг айримларига тўхталди. Хусусан:

биринчидан, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолмоқда;

иккинчидан, парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб ҳозирча айтиб бўлмайди;

учинчидан, Ўзбекистон Президенти таъбирича, “парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда”.

 

“Депутат – бу халқ хизматчиси”

 

Ўзбекистон Президенти асосли таъкидлаганидек, “парламент – демократия мактаби”, шунингдек, “парламент – халқ уйи”. Ўз навбатида, “депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”, дейди Президентимиз.

Бу гал Президент Шавкат Мирзиёев халқ ноибларига яна бир янги таъриф берди. Яъни: “Депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир”.

Шу маънода, депутатнинг масъулияти – халқ ишончини қандай оқлашида намоён бўлади. Чунки халқ вакиллари сифатида депутат ва парламент халққа хизмат қилади.

Бу ҳақда фикр юритганда, янги давр ўзгаришлари негизида ишонч билан шундай фикрларни баралла айтсак бўлади. Яъни:

  • бугунги парламент – кечаги парламент эмас;
  • бугунги депутат – кечаги депутат эмас;
  • бугунги партиялар фракциялари – кечаги партиялар фракциялари эмас.

Ушбу фикрларнинг тасдиғи учун ўтган чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятига оид баъзи бир рақамларни келтириш ўринли. Хусусан, қуйи палата 2020-2024 йилларда жами 654 та қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Шундан 135 таси – яхлит, яъни янги қонун лойиҳаси бўлса, 47 таси – халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилишни назарда тутувчи ҳамда 472 таси – айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг қонун ижодкорлиги ташаббуси кейинги 5 йилда изчил кучайди. Депутатлар томонидан ўтган даврда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 72 та қонун лойиҳаси киритилди.

Депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувлари кўлами ва самарадорлиги ортди. Президентимизнинг “Депутат ва сенаторларни ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар тегишли вазирлик ва ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлигини доимий ўрганиб, назорат қилиб боришга чақираман”, деган даъвати бу борада кучли туртки бўлди.

Халқ вакиллари фаолиятида сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойил устуворлигига катта аҳамият берилди. Депутатларнинг сайлов округларида сайловчилари билан қарийб 30 марта учрашуви ташкил этилиб, бу кенг қамровли жараёнда депутатлар 80 минг 254 нафар фуқарони қабул қилди.

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти доирасида 73 минг 892 та объект, жумладан, аҳоли хонадонлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ижтимоий соҳа муассасалари ва бошқа кўплаб ташкилот ва корхоналарга ташриф буюрилди. Жойларда ўтказилган 23 мингтадан зиёд учрашувда 48 минг 847 та масала кўтарилган бўлиб, айни вақтга қадар шундан 19 минг 568 таси ижобий ҳал этилди.

Энг муҳими, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятига янгича шакллар ва усуллар жорий қилинди. Масалан, депутатларнинг сайлов округларидаги ўз сайловчилари билан учрашувларини ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўтказиш ва ушбу учрашувлар якунларини Қонунчилик палатаси ҳамда унинг Кенгаши мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Жойларда ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги Халқ қабулхоналари билан доимий алоқа ўрнатди. Депутатнинг сайлов округида фаолият кўрсатадиган ёрдамчиси лавозими жорий этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти ҳақли танқид қилганларидек, “Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб беришдан иборат бўлиб қолмоқда. Мисол учун, ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатларимиз ҳали ўз ўрнини топа олгани йўқ”. 

 

Янги Ўзбекистон парламенти – ғоялар генератори, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдони

 

Кейинги даврда сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан ҳудудларда аниқ масала ва йўналишлар бўйича ўрганишлар ўтказиш амалиёти татбиқ этилди. Зеро, Президентимиз қайд этганидек, “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.

Табиийки, ўтган саккиз йиллик даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайди. Шу маънода, Президентимиз парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигига эътибор қаратгани алоҳида диққатни тортади.

Бунинг учун давлатимиз раҳбари парламентдаги мухолифатга қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилди. Жумладан, Ўзбекистон Президенти:

биринчидан, парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш;

иккинчидан, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш;

учинчидан, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби ҳуқуқларни тақдим этиш ташаббусини илгари сурди.

Президентимиз уқтирганидек, “Янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак”.

Содда қилиб айтганда, сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтиши мақсадга мувофиқдир. Бу, албатта, халқимиз манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилади.

Энг асосийси, давлат раҳбари партиялар сайлов кампанияси давомида илгари сурган ва халқимиз қўллаб-қувватлаган ҳар бир таклиф албатта кўриб чиқилиши ва амалга оширилишини таъкидлади.

  

Президент ташаббусларининг қонун ижодкорлиги ривожидаги самаралари

 

Ўзбекистон Президенти ўзининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиб, ўтган 5 йилда 38 та қонун лойиҳасини киритди. Бу билан давлатимиз раҳбари “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт”, деган ўз қатъий талабини рўёбга чиқариш борасида парламент аъзоларига намуна кўрсатди.

Президентимиз парламент фаолиятини барча йўналишлар бўйича ривожлантириш борасида мунтазам ўз таклифларини бериб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, Юртбошимизнинг қонун лойиҳалари сифатли, халқчил бўлиши ва жамоатчиликнинг қонун ижодкорлигидаги фаол иштирокини таъминлашга доир ташаббусларига амал қилган ҳолда, ўтган даврда Қонунчилик палатасига киритилган 18 та қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қонунчилик палатасида қонунларни уч ўқишда муҳокама қилиш тартиби жорий қилинди. Қонун лойиҳалари муҳокамасида сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада ошди. Яхлит кодекслар қабул қилиш амалиётига ўтилди, хусусан, Сайлов, Шаҳарсозлик, Меҳнат, Тадбиркорлик ва Сув кодекслари қабул қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда Қонунчилик палатаси фаолиятида жамоатчилик иштироки янада кучайди.  Янги таҳрирдаги Конституциямизда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар ўз таклифларини қуйи палатага киритиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этишни таклиф қилди.

 

Таъсирчан парламент назорати – самарали ижро ҳокимияти

омили

 

Президентимиз миллий парламентнинг олдинги таркиби аъзоларига худди шу чорлов билан чиққанди. Қонунчилик палатасида ўтган даврда парламент назоратининг барча шаклларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

 Сўнгги беш йилда 75 та парламент назорати тадбири амалга оширилди. Жумладан, Бюджет ижроси назорати юзасидан – 19 марта, Давлат дастурлари  бажарилиши юзасидан эса 17 марта “Ҳукумат ҳисоботлари” тингланди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига киради. Ушбу муҳим ваколат депутатларимиз зиммасига катта масъулият ҳам юклашига эътибор қаратар экан, Президентимиз бу борадаги бир қатор истиқболли вазифаларни санаб ўтди.

Биринчидан, Қонунчилик палатасининг Давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмларини янада кучайтиришнинг вақти-соати келди.

Иккинчидан, Ҳукуматнинг Давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини қуйи палатага фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиётига ўтиш керак.

Учинчидан, Давлат бюджети ижросини назорат қилишда парламент қўмиталари ролини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, ҳозирги вақтда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаётганлиги муносабати билан янги сайланган депутатлар ушбу масалага алоҳида ёндашишлари зарур.

Ўтган беш йилда Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш, яъни “Ҳукумат соати” жорий этилди. Бунда Ҳукуматнинг 44 нафар аъзоси депутатларнинг саволларига жавоб берди. Қуйи палата мажлисларида ҳукумат аъзолари, давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан 29 та ахбороти эшитилди.

Ўтган даврда мансабдор шахсларга жами 72 та парламент сўрови юборилди. Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб масалаларига оид 805 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Шунингдек, мансабдор шахсларга сайловчилар кўтарган долзарб масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан 1 минг 378 та депутат сўрови юборилди. 

Президентимизнинг тақдимига биноан Ҳукумат аъзолигига номзодларни Қонунчилик палатасининг мажлисларида кўриб чиқиш ва уларнинг дастурлари билан танишиш амалиёти йўлга қўйилди. Ўтган даврда 92 нафар номзод шу тартиб-таомил асосида тегишли юқори лавозимларга маъқулланди.

 

Янги Ўзбекистон  парламенти дипломатияси

 

Ўзбекистон ташаббуси билан кейинги йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақа доирасида бир қатор йирик ташаббуслар илгари сурилди ва халқаро ҳамжамият ҳам бу ташаббусларни кенг қўллаб-қувватламоқда. Ўтган даврда Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 11 та резолюция қабул қилингани бу фикрни тасдиқлайди.

Шу маънода, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг: “БМТнинг 75 йиллик тарихида биринчи марта Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда миллий парламентларнинг ролини кучайтириш ҳақидаги резолюция қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон давлат ҳокимияти уч тармоғи билан самарали йўлга қўйган амалий ҳамкорлиги бошқа давлатларга ўрнак бўлишга муносибдир”, дея эътироф этгани бежиз эмас.

Миллат Сардорининг жаҳон минбаридан илгари сурган яна бир ташаббуси ҳақида мухтасар тўхталиш жоиз. Гап 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги резолюция ҳақида бормоқда.

Ўшанда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқишидан кейин Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған юзма-юз табриклаб, шундай деганди: “БМТ Бош Ассамблеясида ўзбек тилида сўзладингиз. Илк бор БМТнинг юксак минбарида Имом Бухорий номи Сизнинг тилингизда жаранглагани ҳам муборак бўлсин. Ислом – тинчлик дини”.

Сўнгги йилларнинг муҳим натижаларидан бири шуки, Ўзбекистон парламенти жаҳон парламент харитасида муносиб ўрнини эгаллади. Бу йўлда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқаро парламентлараро алоқаларни тизимли равишда ривожлантириб бориш бундан кейин ҳам депутатларнинг доимий эътибор марказида бўлиши зарур”, деган йўриқлари муҳим дустуриламал бўлмоқда.

Миллий парламентимиз дунёнинг нуфузли халқаро парламент ташкилотларида фаол иштирок этмоқда, янги ташаббуслар билан чиқмоқда. Хусусан, Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, Европа парламенти, МДҲ Парламентлар Ассамблеяси, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси, Марказий Осиё Парламентлари форуми шундай халқаро ва минтақавий ҳамкор парламент ташкилотлари қаторига киради.

Президентимиз эътироф этганларидек, “Ўтган даврда парламент дипломатияси ва парламентлараро алоқалар ташқи сиёсатимизнинг таъсирчан ва прагматик воситасига айланди”. Ўзбекистон Республикасининг “Парламент дипломатияси концепцияси” қабул қилинди. Шу асосда хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўпқиррали ҳамда самарали ҳамкорлик алоқалари кенгайди, 58 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси 2025 йил апрелида Тошкентда бўлиб ўтади. Маълумки, 2023 йил сентябрида пойтахтимизда ушбу нуфузли халқаро ташкилот ҳамкорлигида Аёл спикерлар форуми муваффақиятли ташкил этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон парламенти жаҳон парламентаризми даражасида ўз овози ва муносиб ўрнига эга. Буни парламентимиз палаталари, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ўтказилган конституциявий ислоҳотда фаол иштирок этиш асносида, жаҳон давлатлари парламентлари ҳамда халқаро парламентлараро ташкилотлар билан яқин амалий ҳамкорликда ишлагани ҳам яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Парламентимизнинг тўртинчи чақириқ депутатлари мамлакатимизнинг келгуси тараққиёт йўналишини белгилаб берган Асосий қонунимизни янги таҳрирда тайёрлаш ва қабул қилишда жонбозлик кўрсатдилар ва бу Янги Ўзбекистон солномасида ёрқин тарихий воқеа сифатида муҳрланди”.

Тараққиёт – муттасил ривожланиш, ўсиш в юксалиш, деганидир. Шу маънода, давлатимиз раҳбари халқаро парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, қуйи палатада қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ҳамда  иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича парламент комиссияларини ташкил этиш таклиф қилинди.

Президентимиз нутқида парламент тараққиётининг 8 та устувор йўналиши, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистон парламентининг фаолият дастури кўрсатиб берилди. Энг асосийси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири этиб белгиланди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида янги сайланган депутатлар қайси масалалардаги қонун лойиҳаларига эътибор қаратишлари зарурлигини санаб ўтди. Президентимизнинг фикрича, шаҳарсозлик реновацияси, улуш киритиш асосида уй-жой қурилиши, мажбурий тиббий суғурта, электр энергиясининг улгуржи бозори, финтех, стартап ва сунъий интеллект каби масалаларда қонунлар қабул қилишга зарурат бор.

Шу ўринда бир қиёсий мулоҳаза: Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида сўзлаган нутқи давлатимиз раҳбари яқинда нашр эттирган “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли иккинчи муаллифлик китобининг квитэссенцияси, яъни асар маъносининг қаймоғи, десам, тўғри бўлади. Зеро айни шу китобда “Конституциямизда давлат ҳокимиятининг ягона манбаи халқ эканлиги белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилади”, деган қатъий хоҳиш-ирода баён этилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти ўттиз етти миллиондан ортиқ аҳолига эга катта давлатнинг парламенти аъзоси бўлишдек улкан шарафга эришган Қонунчилик палатаси депутатларини эл-юртга эзгу хизмат қилиш йўлида доимо қўллаб-қувватлашга тайёрлигини қайд этди. Давлатимиз раҳбари қатъий ишонч билдирганидек, “барчамиз бир тану бир жон бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилиб, жонажон Ватанимизни албатта том маънода эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантирамиз”.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати

«Jadid» газетасининг 2024 йил 22 ноябрдаги 48-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech