Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу гал Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси аввалгиларидан бутунлай фарқли ва ўзига хос бўлди. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтанинг уч куни давомида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати биринчи мажлисларида сўзлаган нутқлари Мурожаатнома мақомида экани ҳақида сўз бормоқда.
“Мурожаатнома” моҳияти ва тарихи
Дунё тажрибаси тараққий этган аксарият мамлакатларда давлат бошлиғининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий, долзарб ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий масалалар ҳамда жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш амалиёти мавжуд эканини кўрсатади.
Давлат раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир: биринчидан, Мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади; иккинчидан, сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифлар айтилади; учинчидан, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институтдир.
Жаҳон парламентаризми амалиётига кўра, бундай мурожаатномаларда, бир томондан, Президент якунига етган йилда давлат ҳокимияти органлари эришган ютуқ ва натижалар ҳақида ҳисобот беради. Иккинчидан эса кириб келаётган янги йилда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар, яъни амалиёт дастурини тақдим этади.
Ўзбекистон Президентининг парламентга Мурожаатномалари:
мазмуни ва хусусиятлари
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб ана шу илғор сиёсий-ҳуқуқий амалиёт – давлат бошлиғининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома тақдим этиши анъанага кирди.
Биринчи Мурожаатнома. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 22 декабрда миллий парламентга тақдим этган илк Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий тарихида том маънода янги воқеа бўлди. Зеро, давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бир томондан, Ўзбекистондаги кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг эканини намоён этса, иккинчи томондан, бу замонавий ёндашув бугун ҳар биримизнинг фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Иккинчи Мурожаатнома. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида, аввало, якунига етган 2018 йилда давлат ҳокимияти органлари эришган ютуқ ва натижалар ҳақида ахборот берди. Хусусан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” якунлари атрофлича кўриб чиқилди. 2019 йил Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди.
Учинчи Мурожаатнома. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган Мурожаатномасида “Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”, деб таъкидлади. Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича кейинги уч йилда қилинган асосий ишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Мамлакатимизни 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб олинди.
Тўртинчи Мурожаатнома. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига 2022 йил 20 декабрда тақдим этган Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, бу борадаги ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ва муаммолар, хусусан, парламентимизнинг ислоҳотлардаги иштироки чуқур таҳлил этилди. Бутун дунёда кузатилаётган иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятлар, экологик муаммолар, кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарларни инобатга олган ҳолда марказ ва жойлардаги вакиллик, ижроия ва суд ҳокимияти, бизнес ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Бешинчи Мурожаатнома. Президентимизнинг 2024 йил 18, 19 ва 20 ноябрь кунлари парламентга тақдим этган Мурожаатномаси доирасида янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлисларида нутқ сўзлади ҳамда парламент палаталарининг раҳбарияти тасдиқланди, қўмиталар ва комиссиялар тузилди, ҳукумат таркиби тасдиқланди.
Бешинчи Мурожаатнома ўзига хос хусусиятларига кўра, бу борада орттирилган миллий тажриба ва кўп йиллик хорижий амалиётдан мутлақо фарқ қилади.
Биринчи хусусияти. Мурожаатномада мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасида янги таҳрирдаги Конституциянинг таъсири ва илк амалий натижалари чуқур таҳлил этилди. Янги Ўзбекистон Конституциясини ҳаётимизнинг барча соҳасига теран татбиқ этиш истиқболлари белгилаб берилди.
Иккинчи хусусияти. Мурожаатнома парламентга яхлит ва ягона дастурий ҳужжат сифатида тақдим этилмасдан, балки Президентнинг “парламент ҳафталиги” доирасида уч кун давомида – янги сайланган Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларида алоҳида нутқлар тарзида эълон қилинди.
Шундай қилиб, кейинги саккиз йилда Янги Ўзбекистон тажрибаси давлат раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси том маънода ҳаётий дастур, халқимизга ҳар томонлама манфаати тегадиган салмоқли сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат экани ўз исботини топди.
Бинобарин, беш Мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинди. Парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, жаҳон конституциявий амалиётида намоён бўлганидек, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институт экани ўз тасдиғини топди.
Президент – давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши кафили
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияси 105-моддасида қуйидаги муҳим норма бор: “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди”.
Парламентга тақдим этилган бешинчи Мурожаатнома тимсолида янги Ўзбекистон Конституцияси нормаларини ҳаётга татбиқ этишда давлатимиз раҳбари қандай ўрнак ва намуна кўрсатганига эътибор қаратиш айни муддаодир. Чунки баъзи мамлакатларда давлат бошлиғи гоҳ суд ҳокимияти, гоҳида ижро этувчи ҳокимият – ҳукумат билан ўзаро низода бўлса, баъзан қонун чиқарувчи ҳокимият, яъни парламентдан чўчиб туриши ҳолати учрайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Конституциянинг 11-моддасида белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти тизимидаги уч тармоқ – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини муваффақият билан таъминлаб келаётгани таҳсинга сазовор. Буни Президентнинг янги Мурожаатномаси тақдим этилиши билан боғлиқ қуйидаги омиллар мисолида яққол кўриш мумкин.
Биринчидан, янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан янги тайинланган ҳукумат ўртасида келишилган ҳолда фаолият юритиш амалиёти мувофиқлаштирилди. Бунинг учун ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган энг мақбул таклифлар ўртага ташланди.
Иккинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери, Сенат раиси ва Бош вазир лавозимларига энг муносиб номзодлар илгари сурилди. Парламент палаталари томонидан ушбу номзодларнинг бир овоздан маъқуллангани, ўз навбатида, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида келгусидаги самарали ҳамкорликни кафолатлайди.
Учинчидан, Янги Ўзбекистон миллий тараққиётининг устувор йўналишлари ва энг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Тўртинчидан, истиқболдаги қонун ижодкорлиги дастури доирасида яқин йилларда парламент ишлаб чиқиши ва қабул қилиши ҳамда ҳукумат амалга ошириши керак бўлган энг муҳим қонунлар рўйхати таклиф этилди.
Бешинчидан, аҳолининг маънавий-маърифий маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшларни давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик туйғусини ошириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.
Олтинчидан, давлатимиз ташқи сиёсатининг тинчлик, барқарорлик ва ўзаро манфатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган устувор соҳалари ривожини таъминлашга эътибор қаратилди.
Бу ҳақда Президентимиз бундай деди: “Парламентимизда — “Халқ уйи”да депутатлар билан муҳокама қилинган барча ташаббус ва режаларни, уларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифаларни, моҳият эътиборига кўра, Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатнома десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз”.
Президент ва Қонунчилик палатаси
Президентимиз Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги нутқида эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришганимизга саккиз йил бўлди. Бу даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди”.
Давлатимиз раҳбари даставвал парламент сайловининг қуйидаги хусусиятларига эътибор қаратди:
– ушбу сайловларда ҳуқуқ ва ваколати сезиларли даражада кенгайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди;
– сайлов янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди;
– Ўзбекистонда сайлов илк бор аралаш тизим асосида ўтказилди;
– бу жараёнда сиёсий партиялар фаоллиги ошди, улар ўртасида кучли рақобат сезилди;
– сайловлар тўлалигича очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик муҳитида ўтди;
– сайловнинг барча босқичи тўлиқ рақамлаштирилди. E-saylov ахборот тизими жорий этилди. Илк бор электрон овоз бериш тартиби синовдан ўтказилди. Овоз бериш жараёнини онлайн кузатиш имкони яратилди;
– сайловда миллий ва хорижий кузатувчилар иштирок этди;
– Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллиги ошди, профессионал сайлов органлари ташкил этилди;
– сайловда 15 миллиондан зиёд сайловчи қатнашди. Бу натижа ислоҳотларимизга ишонч ортганини кўрсатади;
– сайлов кампаниясида иштирок этган сиёсий партияларнинг шиддати ва шижоати ҳам қатор янгича жиҳатлари билан эътиборни тортди. Хусусан, сиёсий партиялар сайловга жиддий тайёргарлик кўргани яққол сезилди, партиялар сайловга аниқ ғоя ва дастурлари билан чиқди. Шунингдек, ҳар бир партия ўз аъзолари ва электорати талабларига асосланган амалий таклифларини илгари сурди.
Сайлов якунлари асосида Қонунчилик палатасининг янги таркиби шакллангани ҳақида фикр юритганда, аввало, парламентимизнинг қуйи палатаси 60 фоиз янгиланганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Чунки Қонунчилик палатасига 63 депутат қайта, 87 депутат эса янги сайланди.
Қуйи палата депутатларининг 38 фоизи ёки 57 нафари аёллардир. Бу натижа минтақамиздаги энг юқори кўрсаткич. Депутатларнинг 11 нафари, яъни 7,5 фоизи 35 ёшгача бўлган навқирон юртдошларимиздир.
Қонунчилик палатасига илк бор ногиронлиги бўлган шахс сайланди. Натижада қуйи палата том маънода инклюзив органга айланди. Қолаверса, депутатлар сафида турли миллат вакиллари борлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида тўртинчи чақириқ қуйи палатанинг беш йиллик фаолиятига баҳо берилди. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, бу даврда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди, қонун ижодкорлиги доирасида 130 дан ортиқ янги ва яхлит қонун қабул қилинди. Бу олдинги даврга нисбатан 1,5 карра кўпдир.
Президентимиз ўтган даврда Қонунчилик палатаси эътиборидан четда қолган қатор масалаларни ҳам кўрсатиб ўтди. Қонун лойиҳалари сифати пастлигича қолаётгани, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунларимиз камлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти таклифларини қонунчилик ташаббуси даражасига олиб чиқиш лозимлиги шулар жумласидан.
Президент ва Сенат
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг 2024 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган биринчи ялпи мажлисидаги нутқида давлат ва халқ хизматчисининг масъулиятни ўз зиммасига олганидан сўнг беғамбепарво, лоқайд бўлиб юришга, ҳузурҳаловатга берилиб яшашга маънавий ҳаққи йўқлигини таъкидлади. Ушбу нутқ Ўзбекистон Президенти парламентга тақдим этган бешинчи Мурожаатноманинг ўзак қисмини ташкил этди.
Янги таркибдаги Сенатнинг ўзига хос хусусиятлари нимада?
Биринчи хусусияти. Президентимиз юқори палата аъзосига нисбатан янгича таъриф берди. Яъни “Сенатор деган ном – юксак ва шарафли мақом”.
Иккинчи хусусияти. Сенатор янги Ўзбекистонни барпо этиш учун хизмат қилади.
Учинчи хусусияти. Сенатнинг янги таркиби сифат жиҳатидан юқори даражада шаклланди.
Тўртинчи хусусияти. Сенаторларнинг интеллектуал салоҳияти жуда юқори – ҳар уч сенатордан бири илмий даражага эга.
Бешинчи хусусияти. Сенат аъзоларининг 27 фоизи ёки 16 нафари хотинқизлар.
Шу тариқа маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳам янги давр бошланди. Чунки аксарият сенаторлар бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгаш депутати ҳамдир.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари ўтган чақириқ Сенатнинг фаолиятига ҳам баҳо берди. Яъни:
- Сенат янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшди, хотинқизлар ва болаларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасидаги самарали фаолияти буни яққол исботлайди;
- Сенат беш йил давомида 106 марта ҳукумат мансабдор шахсларининг ҳисоботини эшитди, ижро этувчи органларга 1 минг 300 та сўров киритди;
- Сенатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортди, парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони ва самарадорлиги ошди;
- парламент дипломатияси ривожланди, йирик халқаро парламент форумлари ўтказилди, Парламентлараро Иттифоқнинг 150ассамблеяси 2025 йил апрелида Тошкентда ташкил этилади;
- Сенатда давлатлараро келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш бўйича илк ижобий амалиёт йўлга қўйилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияга Сенат фаолияти билан боғлиқ кўплаб янгиликлар киритилди. Масалан, сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди, уларнинг ваколати ва масъулияти оширилди. Шунингдек, Сенатнинг парламент назоратини амалга оширишдаги роли кучайтирилиб, муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки кенгайтирилди. Яна Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилди.
Ўтган даврда “Сенат – ҳудудий вакиллик палатаси” деган таърифнинг моҳияти янада аниқ аҳамият касб этишига эришилди. Яъни, аввало, Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлиги кенгайди.
Бугун маҳаллий кенгашлар 15 тадан зиёд масала бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга. Аммо уларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш бўйича ягона тартиб йўқ. Шу муносабат билан маҳаллий кенгашларнинг мақоми ва ваколатини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётганига қарамай, маҳаллий кенгаш депутатлари тажриба алмашадиган, малака ва кўникмаларини оширадиган тизим йўлга қўйилмаган.
Шу нуқтаи назардан, маҳаллий кенгашларнинг энг яхши тажрибасини оммалаштириш, намунали кенгашлар фаолиятини эътироф этиш амалиётини йўлга қўйиш талаб этилади.
Сенат ўз фаолиятида ўнлаб мансабдор шахснинг ҳисоботини эшитмоқда. Аммо ҳисоботлар чуқур таҳлилларсиз кўриб чиқилмоқда. Сенат “қизил ҳудудлар”даги вазиятни парламент назоратига олиши лозим.
Кейинги даврда янги Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланмоқда. Мамлакатимиз нуфузли халқаро минбарларда каттакатта ташаббусларни олға сурмоқда. Бу ташаббусларнинг мазмунмоҳияти ва аҳамиятини халққа етказишда сенаторлар фаол бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат олдида турган қатор энг муҳим вазифаларни санаб ўтди.
Сенат қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий қилиши лозим. Яъни, биринчи навбатда, қонун лойиҳаларини муҳокама қилишга маҳаллий кенгашлар депутатларини кенг жалб қилиши зарур. Чунки маҳаллий кенгашлар депутатлари жойлардаги ҳақиқий аҳволни яхши билади.
Шу билан бирга, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини қонунларда ҳисобга олиш даркор. Зеро, қонунлар ҳудудий ва умумдавлат манфаатларини уйғунлаштириши керак.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши лозим. Бинобарин, ҳозир маҳаллий бошқарувда сифат жиҳатидан янги модел жорий этилмоқда. Энди вилоят кенгашларига ҳокимлар эмас, сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Бундай тартиб 2026 йилдан туман ва шаҳар кенгашларида ҳам амал қила бошлайди.
Бу янгиликлар асносида ҳокимларнинг 33 та ваколати кенгашларга ўтказилади ва кейинчалик яна 17 ваколат берилади. Мисол учун, кенгаш сўрови ва кенгаш текшируви каби назорат механизмлари жорий этилади. Ҳар ярим йилда маҳаллий кенгашлар матбуот анжумани ўтказади. Президентимиз уқтирганидек, “Сенат маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар ҳамжиҳат фаолият юритиши, ўзаро муносабатларини тўғри ташкил этиши учун уларга яқиндан ёрдам бериши лозим”.
Яқинда ҳокимларни лавозимига тасдиқлашда уларнинг дастурлари илк бор кўриб чиқилиб, тегишли кенгашлар томонидан тасдиқланди. Энди ушбу дастурлар ижроси бўйича депутатлик ва кенгаш назоратини амалга ошириш керак. Маҳаллий кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, яъни туман ва шаҳар бўлинмалари билан ҳам янгича ёндашув асосида ишлаши лозим.
Бюджет муносабатлари соҳасида ваколатлар кенгайтирилади. Хусусан, 2025 йилда ер, молмулк солиқлари ва айланма солиқлар тўлиқ ҳамда даромад солиқларининг 50 фоизини туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Сенатга маҳаллий кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юкланган. Бу ҳақда сўз борганда фақат жорий йилнинг ўзида маҳаллий кенгашлар 34 минг 400 та қарор қабул қилганини қайд этиш ўринли. Шундай салмоқли ҳажмдаги ҳужжатларни кўриб чиқиш борасида Сенат ҳузурида тузилган Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази фаол бўлиши талаб этилади.
“Сенат қўмиталари – юқори палатанинг юраги, ҳаракатлантирувчи кучидир”, деди Президентимиз. Қўмиталардаги “эшитув институти”нинг қонуний асосларини яратиш керак. Ҳар бир қўмита ўз йўналиши бўйича маҳаллий кенгашларга ёрдам бериши лозим.
Сенаторлар камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган дастурларни амалга оширишда фаол бўлиши даркор.
Бунда “Ижтимоий карта” тизими йўлга қўйилади ва “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги қонун қабул қилинади. Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўлами кенгайтирилади. Ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзив таълим кенг жорий этилади, бунга махсус педагог ва психологлар жалб қилинади. Болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф қилиш керак. Санаб ўтилган мана шу барча чорани амалга оширишда сенаторлар фаол бўлиши шарт.
Сенат аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантиришда аниқ чоратадбирлар кўриши керак. Бинобарин, ўтган даврда “Очиқлик индекси” жорий этилган ва 2023 йилда коррупцияга оид жиноятлар 12 фоиз камайган бўлсада, 6 минг 500 шахс коррупцияда айблангани факти бу соҳада лоқайд бўлмасликни талаб қилади.
Сенат Судьялар олий кенгашининг барча аъзосини сайлайди. Энди Сенатнинг ушбу конституциявий ваколати фақат номзодларни тасдиқлаш билангина чекланмаслиги керак. Сенат қўмиталари номзодларнинг фаолияти билан танишиши ва баҳо бериши, улар ҳақида хулоса ҳам тақдим этиши зарур. Шунингдек, судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш керак.
Ўзбекистон Президенти Сенат олдида турган вазифалар билан боғлиқ фикрларига хулоса ясар экан, бундай деб таъкидлади: “Донишмандлар айтганларидек, “виждонан қилинган меҳнатдан – нажот, адолатдан – ютуқ ва зафар ҳосил бўлади”.
Президент ва ҳукумат
Президентимиз 2024 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари янги ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишлари ҳақида гапириб, асосий эътиборни макроиқтисодий кўрсаткичларга оид вазифаларга, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш истиқболларига, иқтисодиёт ва аҳоли даромадини оширишда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларини ривожлантириш ҳамда саноат кооперацияси масалаларига қаратди. Шунингдек, келгуси беш йилда иқтисодиётда хусусий сектор улушини 85 фоизга етказиш, озиқовқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган таъсирчан чоратадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқариш вазифаларини белгилаб берди.
Шу билан боғлиқ ҳолда Вазирлар Маҳкмасининг устувор вазифаларини ҳам кўрсатиб ўтди.
Биринчи устувор вазифа: ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозим.
Иккинчи устувор вазифа: ижроия органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни таъминлаши шарт. Ҳозир эса қонуности ҳужжатларни жамоатчилик билан маслаҳатлашишга риоя этилмаяпти. Ҳукумат тақдим этаётган қонун лойиҳаларининг сифати пастлигича қолмоқда. Зотан, хитой файласуфи Шан Ян айтганидек, “Яхши қонун халққа ҳурмат ифодасидир”.
Учинчи устувор вазифа: ҳукумат ва вазирликлар жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда Қонунчилик палатаси қўмиталари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Назорат органлари ҳисоботларини парламент қўмиталарида муҳокама қилиш керак. Бундан кейин вазир ўринбосарларидан бири Қонунчилик палатаси қўмиталари билан ҳамкорлик учун масъул бўлади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Парламент назорати – бу, аввало, халқ назорати, халқ сўрови”. Шу маънода, парламент ва депутат сўровига ҳар бир раҳбар шахсан жавоб бериши шарт.
Тўртинчи устувор вазифа: самарали ташқи сиёсат юритиш учун, жумладан, Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш керак. Марказий Осиё бешлиги доирасидаги ҳар томонлама ҳамкорликка кўмаклашиш ҳам доимий эътиборда туриши даркор.
Бешинчи устувор вазифа: давлатимиз суверенитетини, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш; миллий ғурур ва ватанпарварликни камол топтириш; ёшлар тарбияси каби соҳалардаги вазифаларни қамраб олади.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш йўлида бошлаган ишларимизни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз табиат ҳақида сўз юритганда, кўпинча “она табиат” деган иборани ишлатамиз. Ўйлайманки, бу шунчаки чиройли, шоирона сўз эмас, балки унинг замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат бор. Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур. Зеро, табиатни асраш — инсонни асраш демакдир”.
Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 28 ноябрь кунги 242 (1303)-сони
- Қўшилди: 28.11.2024
- Кўришлар: 665
- Чоп этиш