Кейинги даврда мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳалари қатори маънавий соҳада ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган Фармойиши асосида жорий йилда "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғоя асосида кенг нишонланадиган Конституция куни байрами олдидан шоир, таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом МИРЗО билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
– Ғулом ака, «маънавият» сизнингча нима?
– Айрим манбаларда “маънавият” сўзи араб тилидан олингани ва одоб-ахлоқ мажмуи деган маънони билдириши қайд этилган. Бошқа баъзи манбаларда айни таълимот илдизлари «Авесто» яратилган неча минг йиллик олис тарихга бориб тақалиши таъкидланади. Нима бўлганда ҳам, мустақилликкача бўлган даврдаги “ўзбек совет луғатлари”га бу сўз киритилмаган.
Истиқлол даври илмий, фалсафий, адабий тафаккурида ҳам, замондошларимиз истифода этаётган оддий халқона тилда ҳам эндиликда, аксинча, ушбу тушунчага нисбатан кўплаб таърифларга дуч келаяпмиз. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай таърифлар аксарият ҳолларда бир-биридан фарқ қилади.
Бугунги луғатларимизда “маънавият” атамасининг асосан маъно, маънолар мажмуаси каби мазмунни бериши қайд этилган. Аммо ўзагида «маъно» сўзи ётишига қарамай, ушбу тушунчанинг мазмунини фақат “маъни”, “маъно” каби сўзлар доираси билан чеклаб қўймаганимиз маъқул.
Маънавият – инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи қамровдор тушунча. У кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олади. Бу тушунча жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, маданий қарашларни ўзида тўла мужассам этган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг талқинига кўра, “Маънавият – жамият тараққиётини белгиловчи асосий мезондир. Чунки одамларнинг маънавияти юксалгандагина жамиятда тинчлик, хотиржамлик ва тараққиёт бўлади”.
Дарвоқе, давлатимиз раҳбарининг яқинда нашрдан чиққан “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли янги сиёсий асарининг алоҳида бир фасли “Маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деб аталади. Китобда қайд этилганидек, “агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Улардан бири – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир”.
– Ҳуқуқ ва маънавиятни нима боғлаб туради деб ўйлайсиз? Бугунги куннинг муҳим парадигмаси бўлмиш “Инсон қадри” ғояси билан ушбу тушунчалар ўртасидаги боғлиқлик нималарда кўринади?
– Ҳуқуқ ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ. Маънавият бўлмаган жойда ҳуқуқ, ҳақиқат ва адолат ҳам бўлмайди. Нега? Келинг, шу ҳақда мухтасар фикрлашайлик.
Маънавият инсоннинг ички олами, яъни яшашдан мақсади, фикр юритиши, орзу-умидлари, истак-интилишлари, ҳис-туйғуларини ўз ичига олади. Ўз навбатида, маънавиятли инсон яшашдан мақсади нималигини аниқ билади, ҳаёт йўлида учрайдиган турли воқеа-ҳодисаларга дахлдор ҳар бир масалага тенглик ва кенглик, инсоф ва адолат, ҳақ ва ҳақиқат нуқтаи назаридан ёндашади.
Маънавиятли инсон виждон нима, ёлғон ва рост нима, ор-номус нима, ҳалол ва ҳаром нима – буларнинг ҳаммасини бир-биридан ажрата олади. Бундай шахслар ҳаётда ёмонликка бошловчи хатти-ҳаракатлардан тийилиб, доимо яхшиликка бошловчи амалларни бажаради.
Бошқача айтганда, маънавиятли инсон, бир томондан, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, иккинчи томондан, бошқаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳурмат қилади. Шунинг учун маънавиятли инсон амалдаги қонун-қоидани бузмайди, безорилик ё жиноий қилмишларга йўл қўймайди.
Аксинча, маънавиятли инсонлар ўзлари мансуб жамият фаровонлиги ва давлат тараққиёти учун хизмат қиладиган етук ҳуқуқий мажмуалар – Конституция, кодекс ва қонунларга асос солишлари мумкин. Бундай ҳуқуқий мажмуалар, аввало, инсон қадрини жойига қўйишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Бу фикримизга яққол мисол шуки, 2023 йилги референдумда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
– Конституция – ҳар бир давлат ҳуқуқ тизимининг чўққиси ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси маънавиятга ҳам асос бўла оладими?
– Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилган. Бошқача айтганда, халқимиз 2023 йили референдумда қабул қилган Асосий қонуннинг барча бўлим, боб ва моддалари, таъбир жоиз бўлса, ҳар битта нормаси том маънода маънавиятга йўғрилган.
Эътибор беринг: Янги таҳрирдаги Конституциямиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, халқимиз, жумладан, “давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб”, ушбу Конституцияни қабул қилган. Бу – биринчидан.
Иккинчидан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида давлатнинг ижтимоий соҳадаги, яъни камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш турлари ва сонини кенгайтириш каби мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди. Энг муҳими, Асосий қонунимизда биринчи марта “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” (1-модда), деган норма белгиланди.
Учинчидан, Ўзбекистон Конституциясининг “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормалари 3,5 баробар оширилди. Янги таҳрирдаги Конституциямиз дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамият қуриш, унда тенглик ва тенг ҳуқуқлилик принципларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини камситмаслик ғояларига асосланади. Бунда юртимизда инсон ҳуқуқлари маданияти тобора юксалаётгани, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат руҳи шакллангани алоҳида аҳамият касб этади.
Бундай мисолларни яна кўп келтириш мумкин. Асосийси шуки, буларнинг барчаси улуғ аждодларимизнинг маънавий юксалишга даъват этувчи эзгу амаллари, диний-ахлоқий, ҳуқуқий эътиқоди Конституциямизни маънавий бойитганини яққол тасдиқлайди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида халқимизга хос меҳр-оқибат, ўзга миллат вакилларига ҳурмат, билимга интилиш, ор-номус ва қадр-қиммат, бағрикенглик ва ҳаё каби фазилатлар ўз ифодасини топди. Унда муқаддас Ватанимиз халқига хос адолат, ростгўйлик, олижаноблик, мардлик ва саховат каби юксак фазилатлар ҳам мужжассам этилди.
– Бош қомусимизнинг олдинги таҳририда таълим ҳуқуқига оид нормалар унча кўп эмас эди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда таълим соҳасига катта урғу берилганини қандай изоҳлайсиз?
– Мамлакатимиз раҳбари конституциявий ислоҳот аввалида бу борадаги бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир, деганди Президентимиз.
Ўзбекистон Президенти Конституцияга давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормаларни киритиш; устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топишини таъминлаш; педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаб қўйиш бўйича ҳам аниқ таклифларини билдиргани диққатга сазовор.
Умумхалқ муҳокамаси жараёнида Конституциявий комиссияга юртдошларимиздан айни йўналишда кўплаб таклифлар келиб тушди. Қолаверса, таълимга оид конституциявий ҳуқуқ ва кафолатлар юзасидан миллий экспертлар хулосалари, хорижий ҳамда халқаро тажриба атрофлича ўрганилди.
Шу асосда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 50, 51 ва 52-моддаларида таълимга оид муҳим нормалар мустаҳкамланишига эришилди ва бу бежиз эмас. Чунки Янги Ўзбекистон пойдеворини яратишда илм-фан, таълим-тарбия, маънавий ва маданий фаолият соҳаларини кенг ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш, юртимизни ривожланган давлатлар қатори юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш давлатимиз ва жамиятимизнинг асосий мақсадларидан биридир.
– Сизнинг бундан 12 йил аввал ёзган “Конституция ва маънавият” номли рисолангизни ўқидим. Шу ҳақда ҳам қисқача гапирсангиз.
– Ўша йилларда Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари лавозимида эндигина иш бошлагандим. Устозимиз академик Акмал Саидов билан суҳбатларимизнинг бирида у киши кўпчилик Конституцияга фақат ҳуқуқий ҳужжат деб қараши, аслида, Конституция – маънавият қомуси ҳам экани ҳақида гапириб, шу мавзуда биронта мақола ёзишимни тавсия қилдилар. Натижада айни масаланинг турли жиҳатлари ёритилган туркум мақолаларим матбуотда эълон қилинди.
Устознинг таклифига кўра шу мақолалар негизида Сиз айтган китоб нашрга тайёрланган ва чоп этилган. Назаримда, ушбу китобни янги ва тўлдирилган иккинчи нашрини тайёрлаш фурсати келгандек. Янги таҳрирдаги Конституциямиз маънавиятининг бугунги “тўқ мағзи”, яъни етук конституциявий-маънавий қадриятларимиз шуни тақозо этмоқда.
Саидакмал Мамасолиев суҳбатлашди
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 435
- Чоп этиш