Бу ҳақда миллий, хорижий ва халқаро экспертлар ўз таассурот ва тилакларини билдирмоқда
Сабина МАҲЛ – БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси:
Барчангизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентликлари оиласи томонидан жудаям муҳим тадбир – “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши билан қутлашдан бағоят хурсандмиз. Энди янги ахборот-ресурс маркази ва кутубхона бошқа вилоятлардаги кутубхоналар каби инсон ҳуқуқларига оид муҳим ахборот ва маълумотлар манбаси сифатида жамоатчиликка хизмат қилиши бизга мамнуният бағишлайди.
Ушбу тадбир изма-из келаётган байрамлар, яъни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида ўтаётганидан фойдаланиб, сизларни ана шу айёмлар билан ҳам табриклайман. Барчангизга қимматли вақтингизни ажратиб, ушбу тадбирда иштирок этганингиз учун миннатдорчилик билдираман.
Маттео МЕКАЧЧИ – халқаро эксперт, ЕХҲТ Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг собиқ директори:
– Мен учун “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши тадбирида иштирок этиш жуда катта имконият, бунда жуда миннатдорман. Биз инсон ҳуқуқлари қанақадир назарий тушунча эмас, балки ушбу ҳуқуқларни ҳаётда, амалиётда татбиқ этиш муҳимлиги тўғрисида фикр юритгани ҳам йиғилганмиз. Яъни, инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқи, ўз фикрларини ифодалаш ҳуқуқи, ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқи ва бошқа шу каби ҳуқуқларнинг барчаси нафақат қонунчилик ҳужжатларида акс этиши, балки кундалик ҳаётимизда ҳам бажарилиши лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарларини, барчангизни ушбу маърифат масканининг очилиши билан табриклайман. Чунки ушбу маскан инсон ҳуқуқларига оид бўлган билимларни тарқатиш учун жамоатчиликка очиқ илмий тадқиқот ва ўқув марказига айланмоқда.
Бугунги замонавий дунёмизда, албатта, кутубхоналар ўзгариб, тобора ривожланиб бормоқда. Айни пайтда кутубхоналар, худди олис тарихда эътироф этилгани каби, қалбимизга малҳам эканлигидан иборат ўзларининг муҳим хусусиятини ҳам сақлаб қолмоқда.
Тадбир иштирокчилари орасида кўплаб ёшларни кўриб қувондим, уларга қараб ўз ёшлигимни, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги лавозимларда юқорилашим аввалида нодавлат нотижорат ташкилотларида ишлаган пайтларимни эсладим. Айтмоқчиманки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар, албатта, билим ва маърифатдан бошланади. Тегишли билимларга эга бўлиб, сўнг уни амалиётда ишлатиш учун ҳар доим астойдил интилиш ва изланиш лозим.
Сўзимнинг якунида инсон ҳуқуқлари – қанақадир якуний марра эмас, аксинча, изчил давом этадиган узлуксиз жараён эканини таъкидламоқчиман. Дунёда ҳеч қайси мамлакат биз инсон ҳуқуқлари бўйича вазифаларимизни бажариб қўйдик, деб хотиржам бўла олмайди. Аксинча, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳаси мунтазам ва тўхтовсиз тарзда мукаммаллик сари интилиш ҳамда астойдил саъй-ҳаракатда бўлишни талаб қилади.
Юй ЦЗЮНЬ – Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида "Инсон ҳуқуқлари уйи" очилиши муносабати билан Хитой элчихонаси номидан самимий табрикларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деган эдилар: "Кўпчилик демократия тушунчасини турлича талқин қилади. Мен учун демократия – бу халқимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва тенг ҳуқуқлилигидир". Муҳтарам Президентингиз раҳнамолигида Ўзбекистон халқ манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциянгизга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид муҳим қоидалар киритилди, инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи миллий стратегия ишлаб чиқилди. Мамлакатингизда халқнинг турмуш даражаси сезиларли даражада юксалди, аёллар, болалар, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ижобий натижаларга эришилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат тизимини такомиллаштириш изчил давом эттирилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон вакили жорий йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси таркибига сайланди. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётганидан далолат беради.
Биз Ўзбекистон томони билан биргаликда бутун инсониятнинг тинчлик, тараққиёт, адолат, тенглик, демократия ва эркинлик каби умумий қадриятларига амал қилган ҳолда, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш ва бир-биридан ўрганишни кучайтириш орқали бутун дунёда инсон ҳуқуқлари соҳасининг соғлом ривожланишига биргаликда ҳисса қўшишга тайёрмиз.
Биляна МИЛОШЕВИЧ – Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари:
– “Инсон ҳуқуқлари уйи” очилишида иштирок этиш менга шараф ва мамнуният бағишлайди. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам халқаро гуманитар ҳуқуқни тарғиб этиш ва амалга ошириш бўйича ҳукумат, шунингдек, давлат ва нодавлат институтлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга интилади.
Шунга кўра Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан 20 йиллик самарали ҳамкорлик тажрибасига эга. Ўзбекистонда халқаро шартномаларни амалга оширишга кўмаклашувчи етакчи ташкилот ҳисобланувчи Миллий марказ билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг йиллар давомида олиб борган мулоқоти ва биргаликдаги фаолиятини юксак қадрлаймиз.
Ҳамкорликдаги фаолиятимиз асосий халқаро гуманитар-ҳуқуқий шартномаларни ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқиш каби соҳаларни ўз ичига олади.
Фурсатдан фойдаланиб, шуни маълум қилмоқчиманки, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси икки ҳафтадан сўнг айнан ушбу даргоҳда Женева конвенциялари қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан айни халқаро ҳужжатларнинг лотин имлосига асосланган ўзбек алифбосида нашр этилган тўплами тақдимотини ўзаро ҳамкорликда ўтказишни режалаштирган.
Барчани “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолият бошлагани билан табриклаймиз! Ишонамизки, ушбу маърифат маскани халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа йўналишларини тарғиб этиш бўйича истиқболдаги ҳамкорлигимизга муҳим ҳисса қўшади.
Асаджон ХОДЖАЕВ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори:
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўзининг асосий вазифалари қаторида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг солномасини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш масалалари бўйича ҳам масъул ҳисобланади.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан бунёд этилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тараққиёти йўлида ғоят муҳим қадам бўлди.
Элдор ТУЛЯКОВ – “Тараққиёт стратегияси” маркази директори:
– “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши Ўзбекистоннинг нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, балки янги таҳрирдаги Конституциямиз ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосидаги мақсадларни рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадам ҳамдир. Ушбу маърифат маскани инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятимизни янги босқичга кўтаради, деган умиддаман.
Инсон ҳуқуқлари ҳар қандай жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги ва адолатли ривожланишининг асосий тамойилидир. Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимояси давлат сиёсатининг марказий йўналиши бўлиб, инсон қадрини юксалтириш “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларимиз марказида турибди. Бу тамойил нафақат фуқароларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилади, балки жамиятда ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамкорлик муҳитини ҳам яратади.
Шу нуқтаи назардан, “Инсон ҳуқуқлари уйи” – нафақат ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган, балки инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тадқиқотлар учун замонавий майдон сифатида хизмат қилади, деган фикрдамиз. Шунингдек, бу ерда инновацион ёндашувлар жорий этилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслар ривожлантирилишига ҳам ишонамиз.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратди. Унда, жумладан, инсон қадри энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланди. Ҳар бир фуқаронинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, меҳнат қилиш каби ҳуқуқлари кафолатланди. Давлат органлари фаолиятида жамоатчилик назорати ва ҳисобдорликни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этди.
Бу қоидалар асосида “Инсон ҳуқуқлари уйи” фуқароларнинг ҳуқуқларини амалий ҳимоя қилишда самарали институт сифатида хизмат қилишига аминмиз.
Бугунги кунда рақамли технологиялар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги имкониятлар яратмоқда. Бинобарин, “Инсон ҳуқуқлари уйи” рақамли платформалар орқали ҳуқуқий ахборот тарқатиш, ҳуқуқларни ҳимоя қилишда инновацион ечимларни жорий этишда етакчи бўлиши тайин. Зеро, эндиликда айни шу орқали ёшлар ва жамиятнинг кенг қатламлари инсон ҳуқуқларига оид билимлар билан таъминланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 5 декабрь кунги 247 (1308)-сони
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 395
- Чоп этиш