11 декабрь – Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор
Ғайбулла Саломов таваллуд топган кун
“Юртимизнинг барча ҳудудлари каби Навоий вилоятида ҳам бутун ҳаётини халқимиз учун китоблар, бадиий асарлар ёзишга бағишлаган фидойи инсонлар кўп. Масалан, Тошпўлат Ҳамид, Ғайбулла Саломов, Ойдин Ҳожиева, Одил Ҳотамов, Ашурали Жўраев, Қодир Жўрақулов каби таниқли шоир ва ёзувчилар, илм-фан ва маданият намояндаларини юртимизда кўпчилик яхши билади”[1].
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Юртимиздаги кўпчилик журналист ва таржимонлар, олим ва адибларнинг устози – атоқли олим ҳамда ҳассос публицист Ғайбулла Саломов (тахаллуси: Ғайбуллоҳ ас-Салом) билан ХХ асрнинг 80-йилларида, Тил муаммоларини ўрганиш ва халқ байрамлари ҳамда маросимларини тиклаш юзасидан тузилган комиссия таркибида бирга фаолият юритган давримизда бевосита танишиш имконига эга бўлганман.
Ғайбулла Саломов ўша вақтларда, янада аниқ қилиб айтганда, 1982 йилда филология фанлари доктори илмий даражасига, 1984 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлган. Домла 1993 йили юксак давлат мукофоти – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони билан тақдирланган.
“Яхшидан боғ қолади”, дейди халқимиз. Яхши олимдан-чи? Албатта, авваламбор, кўз нури ва қалб қўрини, ақлу заковатини, таъбир жоиз бўлса, бутун умрини сарфлаб яратган ўзига хос илмий мактаби қолади. Устоз Ғайбулла Саломов ўзидан айни шундай мактаб қолдирган мавлоно зотлардандир[2].
Ўзбек олими собиқ тузум давридаёқ асос солган таржимашунослик мактабининг довруғи нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида, хусусан, Франция, Болгария, Словакия, Туркия, Россия, Белоруссия, Украина, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон мамлакатлари илмий доираларида эътироф этилган.
Яна бир аҳамиятли жиҳат – Ғайбулла Саломов рус, тожик, озарбойжон тилларида ёза олган ва шу тилларда мақолалар чоп эттирган. Домланинг хорижий давлатларда доимий алоқада бўлган ҳамкасблари, дўстлари ҳам кўп бўлган.
Чиндан ҳам, “Ғайбулла Саломовнинг ўзбек таржимашунослиги мактаби” дея ном олган илмий мактаб мамлакатимиз, ҳаттоки жаҳон илм-фани равнақида беқиёс ўринга эга. Бу мактаб истиқлол йилларида адабиётшунослик, таржимашунослик ва таржимачилик соҳалари тараққиётига айниқса муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Таниқли олимлар Абдузуҳур Абдуазизов ва Нажмиддин Комилов ўз даврида ҳақли равишда эътироф этганидек, Ғайбулла Саломовнинг илм-фан ривожи йўлидаги самарали хизматлари туфайли таржимашунослик — икки тилдаги матнни чоғиштириш ёки бир тилдаги маънонинг иккинчи тилда акс этишини аниқлашгина эмас, балки ўзбек тилининг салоҳияти, бойлиги ва имкониятларини кўрсатиш, жаҳон адабиётини миллий заминда қайта яратиш экани тан олиниб, таржимашунослик шу жараённи умумфилологик аспектда тадқиқ қиладиган фан эканлиги аниқланди. Таржима Ватан адабиётини бойитиш, ўзаро маънавий қадриятлар, фикр-ғоялар алмашиш воситаси, таржимон эса чинакам ижодкор адиб деб қараладиган бўлди[3].
Домланинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан ўша пайтдаги ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) негизида собиқ иттифоқда биринчи бўлиб “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедраси ташкил этилганди.
Ғайбулла Саломов мамлакатимизда энг кўп шогирдлар тарбиялаган заҳматкаш олимлардан биридир. Биздаги маълумотларга қараганда, домланинг илмий раҳбарлигида 57 киши фан номзоди, 5 киши фан доктори бўлган. Улар орасида мамлакатимизнинг кўзга кўринган фан ва маданият ходимлари, жамоат арбоблари бор[4].
Устознинг бадиий таржимачилик ва таржимашуносликка доир илмий-назарий асарлари кутубхоналарда, Интернет саҳифаларида фаол излаб-топиб ўқилаётган нашрлар сирасига киради.
Жумладан, «Мақол ва идиомалар таржимаси» (1961), «Тил ва таржима» (1966), «Таржима назариясига кириш» (1978), «Дўстлик кўприклари» (1970, Н.Комилов билан ҳамкорликда), «Адабий анъана ва бадиий таржима» (1980), «Таржима назарияси асослари» (1983) каби китоблари тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талабалар учун муҳим ҳамда қизиқарли манбалар ҳисобланади.
Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин. Яъни, олим бўламан деган кишига нақадар катта талаблар қўйилишини, хусусан, ундан том маънода илмли ва изланувчан, меҳнатсевар ва камтар, ҳалол ва холис, жонкуяр ва фидойи, содиқ ва ватанпарвар бўлиш талаб этилишини биламиз. Аммо, одам бўлиш учун бу фазилатларнинг ўзигина ҳали етарли эмас.
Айтмоқчиманки, Ғайбулла ака аввало ўзлари улуғ аллома ва покиза қалбли зот сифатида умр бўйи талаба-ю шогирдларига таржима назарияси ва амалиёти дарси билан бир қаторда, инсонийлик, одамийлик ва одамохунликдан сабоқ бердилар. Бундан минг йиллар илгари Абу Али ибн Сино “Яхши инсон – ердаги фаришта”, деган экан. Бу айнан Ғайбуллоҳ ас-Саломга мос ва хос таърифдир.
Домла моҳир таржимон ва мунаққид, публицист ва шоир ҳам эди. Буни у кишининг Ғайбуллоҳ ас-Салом тахаллуси билан битилган “Эй, умри азиз”, “Армон”, “Ваҳийдан келар бир садо”, “Толибнома”, “Эзгуликка чоғлан, одамзод”, “Ҳалоллик бозорда сотилмайди”, шунингдек, “Жаҳонгашта “Бобурнома” (Н.Отажонов билан ҳаммуаллифликда) каби маънавият ва маърифат, тарих ва маданият масалаларига оид бир қатор асарлари яққол тасдиқлайди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида устоз Ғайбулла домла билан яна кўришиб, бир муддат мулоқотда бўлиш имкони туғилган эди. Ўшанда домла Ички ишлар вазирлиги Академияси тингловчиларига ислом ҳуқуқидан дарс бераётганимни сўраб билгач, “Жуда тўғри, адолат посбонлари бугун қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ҳам, олис мозийдаги фиқҳ ва шариат арконларини ҳам ўзлаштиргани мақбул”, деган эдилар.
Сўнгра устоз портфелларидан янги чиққан учта китобини олиб, ҳар бирига алоҳида қунт, маҳорат ва меҳр билан дастхат битиб берганлар. Бугун китобхон, китоб ва кутубхона мавзусида сўз очилса, шахсий кутубхонамда таниқли олим ва адибларнинг дастхати ёзилган юздан ортиқ нодир китоб борлигини фахр билан айтаман. Шу китоблар орасида устоз Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг шахсан туҳфа этган китоблари мен учун ниҳоятда мўътабардир.
Ҳозирги даврда “Ғайбуллоҳ ас-Салом Истиқлол учун нима берди?” деган саволга мухтасар хулосаларимни баён этиш билан кифояланаман.
Аввало, Ғайбулла Саломовнинг миллий маданият ва илм-фан тараққиётига, демакки миллий мустақиллигимизга қўшган катта улуши – ушбу олимнинг ўзбек таржимашунослиги мактабини асослаб, бу илм соҳасини ҳам назарий жиҳатдан пухта ишлаб чиққани, ҳам уни таҳсил-таълим жараёнига амалий татбиқ этганидир.
Шунингдек, Ғайбулла Саломов аввалбошда луғатчилик ва қомусчилик масалаларига доир етук илмий ишлар ёзган бўлиб, кейин шу асосда Иброҳим Мўминовдек забардаст аллома билан елкама-елка туриб, дастлабки миллий қомусимиз тамал тошини қўйганлардан бири бўлди.
Бундан ташқари, собиқ тузум даврида қирғин-қатағон қилинган Абдулла Қодирий, Санжар Сиддиқ, Абдулҳамид Чўлпон, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғулом каби зиёлиларимизнинг таржима мероси Ғайбулла Саломовнинг кўпйиллик меҳнати туфайли ўрганилди ва бу адибларнинг тарихий хизмати муносиб тақдирланди.
Шу каби хайрли ишларнинг аксарияти Истиқлолга эришишимиздан олдин, мустамлака замонида домланинг партиясизлиги, коммунистик партияга киришни истамагани туфайли бошига тушган савдоларга қарамай, сабот ва матонат билан рўёбга чиқарган саъй-ҳаракати натижаларига айрим мисоллар, холос...
Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом умрининг қолган қисмини навқирон авлодга, бўлғуси раҳбар кадрларга маърузалар ўқиш ва маънавий-маърифий асарлар ёзишга бағишлади. Хусусан, устознинг сўнгги китобларидан бирида шогирдларига, комилликка интилаётган барча ёшларга мана бундай насиҳати жой олган:
«Билган қадар бил. Билганингни яхшиликка сарфла. Ёвуз, фосиқ, нобакор, сотқин, худосиз, қалби қулфланган одамлардан йироқ юр. Золим, нопок, қотил, мунофиқ, худбин кимсалар билан улфатчилик қилма. Ҳеч қачон ўз Роббинг марҳамати ва ризқ-шафқатидан ноумид қолма. Тилингни ёлғон билан булғама. Туҳматга доҳил ва кафил бўлма. Ҳаромдан ҳазар қил. Сени оқ ювиб, оқ тараган Ватанинг, халқинг, ота-онангни рози қил”.
Акмал Саидов,
академик
Ғулом Мирзонинг “Салламно, Истиқлол
(Ғайбуллоҳ ас-Салом оламига саёҳат)” номли
китобига сўзбошидан олинди (Тошкент, 2022).
[1] Мирзиёев, Шавкат. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. – Тошкент: “Ўзбекистон” НМИУ, 2019. –115-бет.
[2] Акмал Саидов. Ватанингни рози қил // “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2016 йил 16 декабрь.
[3] Қаранг: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 41-сони.
[4] Акмал Саидов. Ватанингни рози қил // “Ҳуррият” газетаси, 2016 йил 16 декабрь.
- Қўшилди: 11.12.2024
- Кўришлар: 429
- Чоп этиш