Жорий йилнинг 9 декабр куни Парижда (Франция) Ўзбекистон таҳлил марказлари делегацияси “Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларининг долзарб масалалари ва Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди, шунингдек, ввропалик ҳамкорлар билан қатор учрашувлар ўтказди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида Европада хавфсизлик ва прогнозлаш институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Давра суҳбати”да Европада хавфсизлик ва прогнозлаш институти томонидан жалб этилган 40 га яқин халқаро экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон экспертлар ҳамжамиятидан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази, Тараққиёт стратегияси маркази, Ташқи сиёсат тадқиқотлари ва халқаро ташаббуслар марказининг етакчи таҳлилчилари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодир Ғаниев конференцияни очар экан, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти, шунингдек, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) директори Обид Хакимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, “Ўзбекистон-ЕИ” форматидаги ҳамкорлик тўғрисида маълумот бериб, Марказий Осиё минтақаси билан боғлиқ масалаларни батафсил ёритиб берди.
CERR таҳлилига кўра, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари аниқланди. Хусусан, Ўзбекистон Франция томонидан сезиларли миқдорда бутун дунёдан импорт қилинадиган бир қатор маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириши мумкин.
Ҳамкорликни қизиқтирган асосий тармоқлар юқори технологияли тармоқлар бўлиб, улар орасида: металлургия маҳсулотлари, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, шу жумладан, қайта ишланганлар, полимерлар ва айрим турдаги электротехника маҳсулотларининг айрим турлари мавжуд.
Шунингдек, озиқ – овқат ва фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги, хусусан, виночилик соҳаларида, шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмасини ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари мавжуд.
Марказнинг ҳисоб-китобларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо энг мақбул режим асосида амалга оширилади. 7 йил давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада 3,8 баробар ошди. Биргина 2023 йилнинг ўзида у $985 млн.ни, шундан экспорт $392 млн.ни ва импорт $593 млн.ни ташкил этди.
Фаол ва истиқболли инвестиция лойиҳаларининг умумий портфели 2018-2023 йилларда $11 млрд.дан ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги 42 та корхона, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатларидан 1000 дан ортиқ компаниялар фаолият юритмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бугунги кунда Марказий Осиёда кечаётган минтақавий ҳамкорлик ва интеграциянинг ривожланиши, хусусан, минтақавий ҳамкорлик институтсионаллашувининг истиқболлари ҳамда "Марказий Осиё плюс" форматидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига тўхталди.
Ўз навбатида, Франция томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билдириб, ҳамкорликнинг Европа иқтисодий доиралари учун муҳимлигини таъкидлади.
Европада хавфсизлик ва прогнозлаш институти (IPSE) директори Э.Дюпюи Ўзбекистон Франциянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори эканлигини ва икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожланиб бораётганлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон охирги йилларда ижобий йўналишда анча ўзгарди, очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсат юритмоқда, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнамоқда.
Шу билан бирга, эксперт мамлакат фақат икки томонлама алоқаларга таянмасдан, турли халқаро шериклар билан кўп томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни фаол ривожлантира бошлаганини таъкидлади.
“2017 йилдан бошлаб Президент Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон юнилатерализмдан мультилатерализмга ўтишни намойиш этди. Бундай ёндашув Ўзбекистонга нафақат халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, балки барқарор иқтисодий ўсиш ва ижтимоий тараққиётга ҳисса қўшадиган инвестиция, технология ва тажрибани жалб қилиш имконини беради”, - деди Европада хавфсизлиги ва прогнозлаш институти директори.
Э.Дюпюи, шунингдек, Марказий Осиёдаги энг стратегик муҳим давлат сифатида Ўзбекистоннинг барқарорлиги ва фаровонлиги бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Франция Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институтининг (INALCO) Марказий Осиё бўйича профессори Катрин Пужол Марказий Осиё тадқиқотлари институтида (IFEAC) ишлагани ва Ўзбекистонни яхши билишини таъкидлади.
К. Пужолнинг фикрича, Ўзбекистоннинг асосий бойлиги инсон капиталида. Унинг таъкидлашича, мамлакат аҳаолисининг кўп қисмини ёшлар ташкил этиши ўсиш ва тараққиёт учун катта имкониятлар яратмоқда.
Профессор Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини тушуниб етишганини таъкидлади.
“Ҳозирда Марказий Осиёнинг энг салоҳиятли давлатлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ЕИ интеграциясидаги Франция ва Германия тандемини эслатади. Бугун бу икки давлат ўзаро рақобатни четга суриб, ҳамкорлик қилишга ва минтақанинг бошқа давлатларини ушбу жараёнга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда”, - дея таъкидлади профессор К.Пужол.
Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари буни яққол тасдиқлайди. Шу ўринда, у жорий йил август ойида Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан иқлим ўзгариши, минтақадаги экологик вазият ва Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқишга қаратилган ташаббусларига эътибор қаратди.
Франция халқаро муносабатлар институти (ИФРИ) собиқ вакили, эксперт М.Левинсон Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Қозоғистон салоҳиятли давлатлар эканлигини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганлигига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватлайди ва иқтисодий ҳамкорлик орқали минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга интилади.
Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш фонида Франция бизнеси томонидан қизиқиш ортмоқда. Унинг сўзларига кўра, “Франциянинг йирик компаниялари Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирмоқда”. Хусусан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Франкофония Парламент Ассамблеяси бош котиби Д.Сeссeлин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорлик ўрнатишдан мафаатдор эканлигини билдирди.
“Давра суҳбати”да Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш жараёни, шунингдек, республиканинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган прагматик ва конструктив ташқи сиёсати юқори баҳоланди.
Тадбир якунида Франциянинг сиёсий ва иқтисодий доиралари вакиллари республиканинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор еканликларини билдирдилар.
2024 йилнинг 9-12 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Европа сиёсатини белгиловчи ва эксперт доираларини мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнлари ҳақида хабардор қилиш доирасида Париж ва Брюссель шаҳарларига ташриф буюради.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, турли соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятларни муҳокама қилишдан иборат.
Review.uz
- Қўшилди: 12.12.2024
- Кўришлар: 508
- Чоп этиш