(Муҳаммад Козим Мазинонийнинг шу номли романи бўйича мулоҳазалар)
Форс адабиёти тарихан ўзбек адабиёти билан муштарак илдизларга эга. Шунинг учун ҳам халқимиз форс қаламкашларининг асарларини севиб мутолаа қилади. Яқинда “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган Муҳаммад Козим Мазиноний қаламига мансуб “Сўнгги (ш)оҳ” романи ҳам ўзбек китобхонларини беэътибор қолдирмагани айни ҳақиқат. Замонавий форс адабиётининг забардаст вакили, шоир, носир ва тарихнавис Муҳаммад Козим Мазинонийнинг ушбу тарихий биографик романи илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилгани, том маънода, катта адабий ҳодисадир.
Романни она тилимизга рус тилидан таниқли олим ва журналист, адиб ва таржимон Хуршид Дўстмуҳаммад маҳорат билан таржима қилган.
Ўзбек адабиётшунослари Хуршид Дўстмуҳаммаднинг таржимонлик маҳоратига юқори баҳо беришлари бежиз эмас. Гарчи мутаржим камтаринлик билан: “Аслида, таржимага зўр бермаганман. Ўзимга ёққан асарларни ўзбекчалаштирганман, холос”, – дея таъкидласа ҳам, унинг таржимасидаги дурдона асарлар бугунги кунда халқимизнинг қалби ва шууридан жой олиб улгурган.
Акутагава Рюноскэ (Япония), Александр Левковский (АҚШ), Игнасий Альдекоа (Чили), Франц Кафка (Австрия), Темур Пўлатов (Россия) каби жаҳон адабиёти намоёндалари қаламига мансуб асарлар, шунингдек, эстон, грузин, белорус адибларининг ҳикоялари Хуршид Дўстмуҳаммад томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.
Хуршид Дўстмуҳаммад эронлик ёзувчи Муҳаммад Козим Мазинонийнинг “Сўнгги (ш)оҳ” романини ҳам юксак савия ва дид билан таржима қилган. Роман номининг ўзи таржимоннинг сўз заргари эканини кўрсатиб турибди. Дарҳақиқат, романни “Сўнгги шоҳ” деб ҳам, мазмунидан келиб чиқиб, “Сўнгги оҳ” деб ҳам номласа бўлади.
Ушбу тарихий биографик романда Миср шифохоналарининг бирида саратон касаллигидан вафот этган Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳаётининг сўнгги кунлари ёритиб берилган. Паҳлавийлар сулоласининг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо 1978-1979 йилларда содир бўлган Эрон ислом инқилоби натижасида тахтдан ағдарилган.
Сюжетига кўра, роман шоҳ ва унинг рафиқаси ўртасидаги мулоқотдан иборат бўлиб, китобхон дастлаб уни ким ҳикоя қилиб бераётганини сезмайди. Чунки ёзувчи роман воқеаларини турли хил нуқтаи назардан моҳирона тасвирлаб бера олган.
Романнинг асосий бадиийлик мезонлари, ёзувчининг ўзига хос услуби ва маҳорати, асарнинг ғоявий-бадиий ва эстетик қиймати ҳақида тўхталамиз.
Муаллиф макон ва замондаги ўзаро муносабатларни, бошқача айтганда, замон ва маконнинг ўзаро боғлиқлигини бадиий асар орқали кўрсатиб берган. Тарихий роман ҳақида сўз борганда асардаги воқелик билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммоларни, яъни бадиий тўқима билан асл ҳақиқат ўртасидаги ўзаро алоқадор жиҳатларни, тарихий ҳақиқат ва адабий жараён ҳамда реал воқеликни рамзий маънога айлантиришнинг ечимини топиш керак бўлади.
“Шоҳи би шин” – “Сўнгги (ш)оҳ” романининг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқсак.
Мазиноний тарихий биографик романининг биринчи хусусияти – унда жуда катта тарихий давр қамраб олинганидадир. Адиб роман қаҳрамонларининг ҳаёт йўли мамлакат тарихи ва халқ тақдирида муҳим аҳамиятга эга бўлганини очиб берган. Албатта, ушбу катта даврни бадиий асарда маҳорат билан тасвирлаб берган ёзувчининг истеъдодига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Романнинг иккинчи хусусияти шундан иборатки, адиб сўнгги Эрон шоҳининг шахсига унинг тарихий хусусиятидан қатъи назар ижодий ёндашиб, мамлакат ҳукмдорининг таржимаи ҳолини маълум бир объектив ва субъектив сабабларга кўра бадиий тўқима билан уйғунлаштирган.
Романнинг учинчи ҳусусияти шундаки, асар воқеалари шифохонадаги жарроҳлик амалиёти жараёнларини аслича ёритишдан бошланган. Жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳушига келган Шоҳнинг хотирасида ҳаётининг қора кунлари, яъни саройни ташлаб кетишга мажбур бўлгани ҳамда ватанидан қувғин қилингани гавдаланади. Роман шундай ёзилганки, Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ҳаётидаги воқеалар унинг ўзига ташқи томондан кўрсатилаётгандек тасаввур ҳосил қилади. Асардаги воқеликнинг бир маромда давом этиши, жарроҳлик амалиётидан сўнг Шоҳда тўсатдан бошланган қаттиқ оғриқ туфайли узилиб қолади ва ҳамшира қизнинг уни парвариш қилаётгани тасвирланади.
Мазиноний романидаги тўртинчи ҳусусият – бу одатий тасвирлаш усулининг қўлланишидир. Тузалмас дарддан умри тугаб бораётган Шоҳ хотирасида унинг босиб ўтган ҳаёт йўли тартибли равишда қайтадан жонланади. Аммо ёзувчи воқеаларни ёритишда қўллайдиган усулнинг ўзига хослиги шундаки, ҳар бир тарихий жараёндан сўнг Шоҳнинг умр йўлдоши Фараҳ билан суҳбатлари баён қилинади. Бир қарашда ушбу суҳбатлар лирик чекиниш бўлиб кўринса-да, аслида, роман сюжетининг бир маромда кетишини таъминлаган.
Романнинг бешинчи хусусияти шундаки, мулоқотлар воситасида бир томондан, Ризо Шоҳ ва оиласи ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинса, иккинчи томондан, муаллифнинг шахсий ҳаётидаги маълумотлар ошкор этилади. Таъкидлаш лозимки, биографик романларда бундай усулни қўллаш камёб ҳодисадир. Сўзимизнинг исботи сифатида романдан олинган қуйидаги мисолларни келтирамиз: “Оҳ, тождорим отам! Нақадар бахтли эдинг, мен каби қалб, юрак аталмиш дахмазаларга боғланиб қолган жойинг йўқ эди; ҳатто дарахтнинг тепасига чиқиб олиб онамнинг этакларига тут қоқиб тушираётган онларда ҳам бу сингари нозик туйғулардан анча йироқ эдинг”[1] ёки “Оҳ, тождорим отам! Ўша ўн кун ичида тақдирим тамоман ўзгарди, сўнг яна бир марта, бу сафар 1979 йил январининг биринчи ўн кунида... Тақдирнинг ўйинини қара”[2].
Романнинг олтинчи хусусияти эса асарнинг “тарихий” мақомига эгалигини белгилаб берувчи мезонларда ўз аксини топади. Тарихий асарларнинг бадиий тузилиши ўзида тарихий ривоят, илмий таржимаи ҳол ва ҳужжатли асарлар хусусиятларини жамлайди. Мазинонийни маълум бир тарихий шахсни танлаши, асарнинг асосий сюжетини мана шу тарихий шахсга боғлаши, қаҳрамонга ва ўша давр масалаларига бадиий ёндашув, уларнинг мураккаб ўзаро муносабатлари – буларнинг барчаси асарнинг “тарихий биографик” мақомини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Романнинг еттинчи хусусияти унинг асосий сюжетини Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг бутун бир ҳаёти ташкил этади, деган тасаввур туғилишида намоён бўлади. Бироқ романни ўқиб чиққанингиздан сўнг шу нарса маълум бўладики, Мазиноний асосий сюжетга мос равишда қўшимча қилиб Муҳаммад Ризо ва унинг синглиси, Муҳаммад Ризо ва унинг отаси, Муҳаммад Ризо ва унинг онаси, Муҳаммад Ризо ва унинг хотини, Муҳаммад Ризо ва сарой хизматчилари ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ сюжетлар яратганининг гувоҳи бўласиз.
Айнан мана шу тасвирларда Шоҳ оиласидаги “ҳақиқий” муносабатларни, яъни саройдаги тартибсизликлар ва бошқарувдаги нўноқликлар, ахлоқсизлик ва бузуқликлар, ижтимоий тенгсизлик ва адолатсизлик кабиларни очиб беради. Бу кичик ёрдамчи сюжетчалар ўткинчи бўлиб туюлса-да, аммо айтиш мумкинки, улар романнинг асосий маъно-мазмунига хизмат қилади. Ана шу тарзда Муҳаммад Ризо Паҳлавий шахси асарни асосий сюжетини ташкил қилиб Паҳлавийлар сулоласининг таназзулга юз тутиши сабабларини кўрсатиб беради.
Романнинг саккизинчи ҳусусияти шундан иборатки, ундаги барча воқелик асосан икки жойда, яъни Шоҳнинг сарой кошонасида ва Миср шифохонаси палатасида бўлиб ўтади. Шоҳ “саройи” бир-бирига зид бўлган икки талқинга эга. Бир томондан, сарой Шоҳ ва унинг оиласи яшайдиган жаннатмакон бир ватан ҳисобланса, иккинчи томондан, бу жой ёвузлик, фисқу-фасод, фитналар маконидир. Бу ер яна шундай жойки, бунда асосий фитна тахт ворисининг туғилиши билан ҳаммани ўйлантирадиган, яъни тахтни ким эгаллайди деган масала устидаги баҳс-мунозаралар, рақиблар ўртасидаги жанжаллар, ғийбат ва яширин фитналар, тўхтовсиз зиёфатлар, мўл-кўлчилик ва исрофгарчиликлар, ҳориждан келтирилган ит ва мушуклар қимматли емишлар билан боқиладиган, кўчаларда эса одамлар оч-наҳор юрадиган, эрка ва тантиқ ойимчалар олтин ва кумушга кўмилиб юрадиган, чинни ва биллур идишлар кўзни қамаштирадиган, бокира қизларнинг иффати ҳайвоний ҳирс-туйғулар учун топталадиган, завқ олиш ва ўйин-кулги учун бақувват ва келишган ўсмирларни бичилиши амалга ошадиган жойдир.
Романнинг тўққизинчи хусусияти шундан иборатки, – бунда шифохона палатаси ғайри одатий тарзда, яъни турма ёки жазони ўташ жойига ёхуд ўзини бутун ҳаёт йўлини ҳамда йўл қўйган хатоларини қайтадан мулоҳаза қилиш учун махсус яратилган тинч жой “ёпиқ макон” сифатида тасвирланади: “... Тағин бир ўзинг ёлғиз қолдинг, яна дераза, унинг ортидаги қушлар, темир каравот, тинчликни сақлаш ниятида йўлагига гиламлар тўшалган касалхона”[3].
Сарой ва шифохона – бир-биридан тубдан фарқ қилсада, иккаласи ҳам моҳиятига кўра ёпиқ маскан ҳисобланади. Фақат бирида ҳаёт қайнайди, иккинчисида сокинлик ҳукмрон. Нил дарёси романда жуда ҳам кўп марта тилга олинади. Нил – бу тозалик рамзи, гуноҳларни покловчи, ўз оқими билан ҳамма ёмон нарсаларни оқизадиган, хотирада бахтли дамларни уйғотувчи, эркинлик ва кенглик рамзидир.
Дераза бу ерда эркинликни чекловчи ва ёпиқлик рамзи сифатида намоён бўлади: “...Деразадан палатага совуқ шабада ёпирилди ва унга қўшилиб Нилнинг иси келди... О-оҳ, Нил дарё! Бир лаҳза бўлса-да, оқишдан тўхта ва ортга қараб оқиб кўргин! Ўтинаман, ўша Фаузия билан соҳилингда етаклашиб юрган кезларимизни қайтаргин... Йўқ... Мисрлик бону ҳомиладор бўлган дамларга қайтаргин... Йўқ! Ундан ҳам бурунги! Мармар саройда тошойна рўпарасига ўтириб олган Фаузия қизғиш-қўнғир сочларини тараган лаҳзаларга қайтаргин. Нақадар манфур кун! Мисрлик маликанг ҳали юкли бўлиб улгурмаган, лекин сенинг давлатинг бошига дахшатли воқеалар кўланкаси ёпирилиб қелаётгаан эди... [4] Демак, қаҳрамонлар учун Нил дарёси – ширин лаҳзаларни қайта жонлантирувчи куч-қудрат тимсолидир.
Романнинг ўнинчи хусусияти шундан иборатки, Мазиноний романида тасвирланган макон икки томонга эга. Уни бир томони юқорида таъкилаб ўтканимиздек, асар бош қаҳрамони Шоҳ билан боғлиқ сарой ва шифохонадаги воқеалар, иккинчиси эса ўша давр ижтимоий ҳаёти ва ёзувчининг ўзини ҳаёти, ўлим ва ҳаёт, қадриятлар ҳақидаги фикрларни етказиб бериш воситаларидир. Таъкидлаш лозимки, романдаги маиший ҳаёт билан боғлиқ жуда кўп марта қайд қилинган жойлар, оддий иморат, бино ёки муассасагина бўлиб қолмай, балки инсонларнинг ҳаёт тарзи, фикр-мулоҳазаларини англатувчи муҳим воситалар ҳам бўлиб ҳисобланади.
Романнинг ўн биринчи хусусияти шундан иборатки, Мазиноний романида тасвирланган Миср эҳромлари нафақат сайёҳлар келиб кўрадиган тарихий ёдгорликлар сифатида, балким ўлим ва ҳаёт тўғрисидаги ёзувчининг фалсафий мушоҳадалари тимсоли сифатида ҳам китобхонларга тақдим этилади: “...Одатдагидай тонг отди ва яна такрор отди... Эҳромларни кўряпсанми? Минг йиллардан буён турибди улар вақт залварини зиммаларига ортиб. Ҳаёт шарпасидан мосуво бўлган бу маҳобатли иншоатлар ўлимни қўриқлаш мақсадида бунёд этилган – фиръавнлар ўлимни масхаралаш мақсадида ўз жасадларини мўмиёлаб уларнинг ичига жойлаштириб қўйганлар, эҳтимол улар ўлимнинг устидан тоабад майна қилиш учун ҳам шундай қилишган чиқар? Айни шу боисдан ҳам на қушлар, на гуллар, на-да дарахтлар эҳромлар билан дўст тутинадилар...” [5]
Шундай қилиб, давр романда ўз ўлчови ва чегарасини тўлиқ йўқотади. Ана шундай ҳолатда ёзувчи ўзини қизиқтирган тарихий даврнинг кичик бўлагини ҳам тасвирлаш имкониятига эга бўлади. Ёзувчи ўзининг ижодидан келиб чиқиб, тасвирлаш жараёнларини бутун “ер шари бўйлаб” жойлаштириши ёки аксинча, кичик бир хона доирасида олиб бориши мумкин. Бадиий макон ва даврни асосий ва муҳим ўзига хос хусусияти шундаки, асардаги давр ва макон ўзининг муайян мақсади ва эстетик мазмунини намоён этади.
Муҳаммад Козим Мазиноний “Сўнгги (ш)оҳ” романининг таржимаси кўплаб ҳароратли-ижобий таассурот қолдиради.
Биринчи ижобий таассурот шундан иборатки, роман шоирона тилда баён этилади. Таржима учун Ҳуршид Дўстмуҳаммадга ўз миннатдорчилигимни билдираман: ўқиш жуда осон ва қизиқарли. Ноодатий усул қўлланилган: асарда қаҳрамонга “сен” деб мурожаат қилинганини энди учратишим.
Романда 1978-1979 йилларда Эронда бўлиб ўтган Ислом инқилоби натижасида тахтдан ағдарилган сўнгги Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳаёти ёритиб берилган. Асардаги барча воқеалар тахтдан ағдарилган Шоҳнинг ҳиссий идроки орқали тасвирланади. Асарни қизиқиб ўқийсиз ва сизда шундай савол туғилади: мустақил қарорлар қабул қилишга қодир, билимдон, ислоҳотларга йўл очиб, отасининг мамлакатни модернизациялаш сиёсатини давом эттирган шундай инсон икки ярим минг йил Шоҳлар бошқарган мамлакатда инқилоб бўлишига қандай қилиб йўл қўйиб берди?
Китобнинг ярмигача ўқисангиз, унда Шоҳ хокимиятининг 2500 йиллик юбилей санасини катта тантана билан байрам қилинганини билиб оласиз. Асарнинг сўнггида Мазиноний юқоридаги саволга ўз ҳолича жавоб беради.
Романдаги иккинчи даражали қаҳрамонлар романни жонли ўқилишига ёрдам беради. Улар содир бўлаётган ҳодисаларга бошқача назардан билан қарашга ундайди. Уларнинг тақдири шарманда бўлган Шоҳнининг тақдиридан ҳам ҳаяжонлироқ.
Айниқса Шаҳрибону ҳақида ёзилган иккинчи боб жуда таассуротларга бой. Ўз оиласи, кундалик ғам-ташвиши билан ўралашиб юрган аёлнинг сокин анаънавий ҳаёти ташқаридан бўлган қўпол аралашувлар орқали бузилади, унинг ор-номуси, қадр-қиммати ҳеч қандай сабабсиз камситилади, топталади, оёқ ости қилинади. Шаҳрибону, Фарах ва бошқа инқилоб иштирокчилари китобхоннинг севимли қаҳрамонлари бўлиб ҳисобланади.
Иккинчи ижобий таассурот шундан иборатки, романнинг бош қаҳрамони Муҳаммад Ризо Паҳлавий оддий инсон сифатида таърифланади. У, ўз давлатининг вазирлари ва юқори турувчи амалдорларига нафрат билан қаровчи, ҳаддан ташқари мағрур ва ўта ҳудбин ўртамиёна сиёсатчи сифатида ўқувчида таассурот қолдиради. Бундай инсонни пул умуман қизиқтирмайди, аммо аёллар эътиборини тортишни яхши кўради. Шоҳнинг ҳамма нарсаси бор эди, бироқ у уларни сақлаб қололмади. Бундай асар қаҳрамони билан ҳамдард бўлиш жуда ҳам мураккаб. Умуман олганда, роман жуда қизиқарли бўлиб, оддий ўзбек китобхонларига эрон тарихини номаълум томонларини ёритиб беради.
Учинчи ижобий таассурот шундан иборатки, китобнинг биринчи бетидан китобхон ўлим тўшагида ётган асарнинг бош қаҳрамони билан танишади, шундан сўнг, унинг қувғинга олиб келган ҳаётидаги воқеа- ҳодисалар унинг хотирасидан бирма-бир чиғириқдан ўтказилиб, ўқувчиларга ҳавола қилинади.
Асарда, шунингдек, Шоҳ режимидан азият чеккан ёзувчининг отасини ҳаёт йўллари ҳам китобхонга ноодатий ва жонли тарзда баён қилиб берилади. Шу сабабли ўқувчи барча бўлаётган воқеаларни нафақат Шоҳ орқали, балки оддий инсоннинг ҳаёти орқали ҳам билиб олади ва бу икки кишининг ўтмиши бир-бирини тўлдириб боради.
Тўртинчи ижобий таассурот шундан иборатки, муаллиф ўз асарида, менинг назаримда, бошида ҳамма нарсага эга бўлган жуда қудратли, кейинчалик эса оғир ва тузалмас дардга йўлиққан ва ҳамма нарсасидан айрилган, сарсон-саргардон бўлиб, “дўстларидан” ёрдам сўраб, уни ололмай қувғинликда ўлим топган инсон фожиасини кўрсатиб берган. Муаллиф ўз асарида сиёсатчиларга хос сифатларга эга бўлмай сиёсат билан машғул бўлган, кучсиз, иродасиз инсон образини яратган. Шу туфайли ёзувчи минтақада, умуман дунёда ҳокимият, пул ва маъмурият билан боғлиқ мураккаб ва мунозарали мавзуни янада чуқурроқ ўрганишга ундайдиган жуда кўзга кўринган шахс образини яратишга интилган. Роман фожиали воқеаларга бой бўлса-да, ўқишли бўлиб, қийин ва мураккаб мавзу яхши ёритиб берилган, шунинг учун халқи ўз шоҳини ҳайдаган мамлакатни ўша даврдаги ҳаёти ҳақида тасаввур қилиш мумкин бўлади.
Ҳайрон қолиш мумкин. Замонавий эрон ёзувчиси Муҳаммад Козим Мазиноний ҳақида интернетдан ўзбек тилида ҳеч қандай маълумот топа олмайсиз. Шунинг учун роман матнидаги унинг таржимаи ҳолига тегишли бўлаги билан танишасиз холос. У унча бой бўлмаган оилада туғилган, отаси Эрондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қамоққа олинган ва қамоқда унинг бармоқларини синдиришган, шунинг учун у сиёсий бошқарув тартиботи алмашиши тарафдори бўлган. Мен, масалан ҳеч қачон Эронга бормаганман. Эрон тўғрисидаги маълумотларни фақат расмлардан, ҳужжатли кўрсатувлар ва матнлардан ўрганганман. Аммо сўнгги Эрон шоҳининг тақдири ва шахси ҳақидаги тасаввуримиз бир-бирига мос келди.
Мазиноний биографик роман учун мумтоз тузилмани танлади-ҳаётнинг сўнгги кунлари ва унинг кўз ўнгида намоён бўлувчи бутун бир ҳаёт. Бу романдаги янгилик эса шоҳ ва унинг хотини билан бўлган мулоқотлар ҳамда ўзининг тақдири билан уларнинг тақдирини қўшилиб кетиши. Буюк шахслар тарихни яратади. Улар билан бир занжирга боғланган оддий одамларни эса ўлим ҳам ажрата олмайди.
Мазиноний фактларга эхтиёткорлик, хатто нозик тарзда ёндашгани кўриниб турибди. Баъзи бир жойлари Фарах интервьюсидан олиб романга жойлаштирилган. Аммо унинг мазмунига қойил қолмай иложи йўқ.
Менимча, Мазиноний монарх шахсининг моҳиятини тўлиқ англаб етиши учун барча воситалардан фойдаланган. Ҳақиқатан ҳам унинг туришида шоҳона улуғворлик, совуқ нигоҳ ва донолик ёғилиб турибди. Унда шафқатсизлик, ҳийлагарлик ва қўполликдан асар ҳам йўқ, балки ўзига ишонч, хоиржамлик, бундай одамларда бўлмаслиги керак бўлган мулойимликни кўрамиз.
Аммо баъзи бир фактлар бундай идрок этишга зиддир. Жуда ҳам мураккаб жуда ҳам қизиқарли образ. Фараҳ образи эса ажойиб тарзда яратилган. У кучли, ёрқин ва доно аёл образидир. Қайсидир даражада ўз эридан ҳам донороқ. Ҳақиқатан ҳам ушбу роман шарқона ва шоирона қилиб яратилган халқ ундан юз ўгирган ҳукмдорнинг армонли тарихини ҳикоя қилади. Замонавий эронлик ёзувчи Муҳаммад Козим Мазинонийнинг яна бир романи “Саларлар сўнггиси” деб номланиб, бир оила мисолида барча илдизлари билан ўз мамлакати тарихи билан чамбарчас боғланган, ўтмишидан, келажагидан ажралмаган ҳолда ўтмишга ботган дунёнинг кенг кўламли, ранг-баранг ва жонли манзарасини яратади. Бу Саларлар оиласи тарихи бўлиб, улар Қожарлар сулоласи вакили бўлиб Эрон давлатида бир ярим аср ҳукмронлик қилиб, сўнг тахтни ўзини Шоҳ деб эълон қилган Паҳлавийга топширган. Юқорида кўрганимиздек Ислом инқилоби натижасида Паҳлавийлар ҳам тахтдан ағдарилади. Энди эса зодагон оиланинг сўнгги фарзанди ўз ҳаётини ва ўзи туғилгунига қадар содир бўлган воқеаларни фақат бобосининг ҳикоялари орқалигина билиши мумкин бўлади...
Мухтасар айтганда, роман жуда катта тарих сабоғидан сўзлайди. Уни ўқиб, уқиб, ибратли хулоса чиқарган китобхон эса тафаккур пиллапояларидан яна бир поғона юксакка кўтарилиши шубҳасиз.
Акмал САИДОВ,
академик
"Hurriyat" газетаси 2024 йил 4 декабрь кунги №48 -сони
[1] Сўнгги (Ш)оҳ: роман/ Муҳаммад Козим Мазиноний. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2024. – Б.: 48.
[2] Сўнгги (Ш)оҳ: роман/ Муҳаммад Козим Мазиноний. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2024. – Б.: 148.
[3] Сўнгги (Ш)оҳ: роман/ Муҳаммад Козим Мазиноний. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2024. – Б.: 54.
[4] Сўнгги (Ш)оҳ: роман/ Муҳаммад Козим Мазиноний. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2024. – Б.: 44-45.
[5] Сўнгги (Ш)оҳ: роман/ Муҳаммад Козим Мазиноний. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2024. – Б.: 52-53
- Қўшилди: 18.12.2024
- Кўришлар: 287
- Чоп этиш