1960 йил 25 январь – собиқ СССРда ГУЛАГ ёпилган кун
“Ўйлайманки, тарихда икки буюк Ренессансга замин бўлган минтақамизда учинчи Ренессансни айнан жадид аждодларимиз амалга оширишлари мумкин эди. Афсуски, мустабид тузум уларнинг эзгу ғоя ва амалий ҳаракатларини тўла рўёбга чиқаришга имкон бермади”[1]. Ушбу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 6 март куни жадидлар меросини ўрганишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатидан келтирилди.
Кейинги вақтда Интернетда собиқ Иттифоқ таркибида бўлган халқлар ва миллатларга нисбатан гўё ўша даврда ҳеч қандай тазйиқ, зулм ҳамда қатағонлар ўтказилмагани, гўёки советлар мустамлакаси ўта инсонпарвар тузум бўлганлиги ҳақидаги “чўпчак”лар тез-тез тарқатилмоқда. Ваҳоланки, собиқ СССРни Сталин бошқарган 1922-1953 йиллар оралиғида НКВД томонидан миллионлаб инсонлар ноҳақ қатағон қилингани, қамоққа тиқилгани ва ўлдириб юборилгани бугун кўпчиликка сир эмас.
Ўз даврида собиқ СССРнинг раҳбари бўлган Никита Хрушчёв қайд этган маълумотга қараганда, 1937-1953 йилларда қатағон қилинган 17 миллиондан ортиқ, бошқа бир манба – Энн Эпплбаумнинг “ГУЛАГ” номли китобига[2] кўра эса ўша даврда 28 миллион 700 мингдан зиёд маҳбуснинг барчаси ГУЛАГ тизимидаги қамоқхоналар ва ахлоқ тузатиш- меҳнат лагерларида оғир шароитда сақланган ва ишлатилган.
Шу маънода, ГУЛАГ ўша тоталитар тизимнинг шафқатсиз ва ғайриинсоний қиёфасини ўзида ифода этган қабоҳат рамзидир. Айни тарихий ҳақиқатни таъкидлаш асносида, бу ҳақдаги холис маълумотларни имкон қадар кенг ва очиқ ошкор этиб бориш зарур, деган фикрдамиз.
ГУЛАГ нима дегани ўзи? ГУЛАГ – русча “Главное управление лагерей” атамасидаги сўзларнинг бош ҳарфларидан ясалган қисқартма ном. Ушбу ном собиқ совет мустамлакачилиги замонида, 1939-59-йилларда ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерлари тизимига раҳбарлик қилган НКВД, кейинчалик собиқ СССР Ички ишлар ва Адлия вазирликларининг махсус бўлинмаси, яъни “Ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерлари, меҳнат посёлкалари ва қамоқхоналар бош бошқармаси”ни англатади.
Атоқли рус ёзувчиси Александр Солженицин бу ҳақдаги салмоқли китобини “ГУЛАГ ороллари” (“Архипелаг ГУЛАГ”) деб номлагани бежиз эмас. Чунки ГУЛАГ махсус бошқармалари собиқ СССРнинг Қарағанда, Дальстрой, Соловки, Беломор-Болтиқ, Воркута, Норильск каби жуда кўплаб ҳудудларидаги ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерларини ўзида бирлаштиргани мазкур йўналишда том маънодаги сунъий “архипелаг” вужудга келтирилганини тасдиқлайди.
Ўша замонда ГУЛАГ 53 та қамоқхона бошқармасини қамраб олган бўлиб, ана шу бошқармалар таркибида минглаб қамоқхона ва лагерлар, 425 та манзил-колония, 2 мингдан ортиқ махсус комендатура бўлган. ГУЛАГ қамоқхоналарида жами қанча маҳбус сақлангани ҳақидаги архив маълумотлари охиригача ошкор этилмаган. Баъзи расмий маълумотларга кўра, ГУЛАГ лагерларида бир пайтнинг ўзида 2,5-3 миллион нафаргача маҳбус жазони ўтаган[3].
ГУЛАГ нима учун ташкил этилган? Манбаларда бу саволга жавоб сифатида, одатда, иккита сабаб кўрсатилади.
Биринчи сабаб: коллективлаштириш даврида барча бақувват деҳқонлар – хўжалиги бақувват, меҳнат қилишда бақувват, эътиқодда бақувват ва имони мустаҳкам кишилар “қулоқ” деб аталган ва қатағон этилган. Оқибатда жуда кўплаб одамлар қамалгани туфайли мамлакатда қамоқхоналар етишмай қолганидан сўнг қатағонларда жазоланганларни сақлаш учун қамоқхоналар ва ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерлари қурила бошланган. Шу тариқа 1930 йил 1 октябрда ГУЛАГ ташкил этилиб, мамлакатдаги барча қамоқхоналар унинг таркибига ўтказилган.
Иккинчи сабаб: ГУЛАГнинг ҳақиқий вазифаси одамларни шафқатсиз равишда ўлим ҳолатигача ишлатиб, улардан қутулишдан иборат бўлган, дейди айни мавзуни чуқур ўрганган айрим тадқиқотчилар. Собиқ СССРда қурилган аксарият йирик иншоотларда маҳбуслар текин ишчи сифатида ишлатилгани ҳам бунинг ўзига хос исботидир.
ГУЛАГ тизимидаги қанчадан-қанча ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерлари шу нуқтаи назардан муайян турларга, хусусан, қурилиш лагерлари, ўрмон-саноат, ҳудудий ишлаб чиқариш комплекслари, қишлоқ хўжалик ва ёрдамчи лагерларга бўлинган. Уларнинг аксариятини қурилиш лагерлари ташкил этган.
Тегишли манзиллардаги қурилишлар тамом бўлганидан кейин бу лагерлар тугатилиб, маҳбуслар бошқа объектларга ишга йўналтирилган. Натижада ГУЛАГ маҳбуслари меҳнати эвазига, жумладан, Беломор-Болтиқ ва Волга-Дон каналлари қазилган, Байкал-Амур магистрал темир йўлини қуришга киришилган.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари ГУЛАГ маҳбусларининг анчагина қисми, яъни 975 минг киши ҳаракатдаги армияга, қолганлари эса муҳим мудофаа объектларини қуришга, ўқ-дорилар ва бошқа мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқаришга жалб этилган. Урушдан кейинги йилларда ГУЛАГ маҳбуслари вайрон бўлган объектларни тиклаганлар, магистрал автойўллар қурганлар, атом саноати корхоналари барпо этганлар ва ҳоказо.
Россиядаги Комсомолск, Дудинка, Воркута, Ухта, Инта, Печора, Находка, Волжский ва Дубна шаҳарларини маҳбуслар қуришган, дейдилар. Бундай қурилиш майдонларида очлик, касаллик ва машаққатли меҳнат туфайли ўлим ҳаддан ташқари кўп бўлган. Аммо, маҳбусларнинг асосан текин иш кучи эвазига амалга оширилган ўша қурилишлар “совет халқининг социалистик меҳнат мусобақаси эвазига қўлга киритган ютуқлари” дея тақдим этилган.
ГУЛАГ лагерларида жазони ўташ ва меҳнат қилиш жараёнларида жуда оғир шароит ўрнатилган, энг оддий инсоний ҳуқуқларга ҳам риоя этилмаган, иш режими озгина бузилгани учун қаттиқ жазо берилган. Маҳбусларга 52 турдаги қийноқ қўлланилган бўлиб, А.Солженицин ўз китобида шуларнинг 31 та турига атрофлича изоҳ берган.
Қизиғи шундаки, А.Солженицин мақола, китоб, хотира ва хатларига таянган 227 нафар гувоҳ орасида битта ҳам ўзбекча исм-фамилияли инсон учрамайди. Шунингдек, ГУЛАГ ҳақида яна бир салмоқли асар муаллифи ҳисобланувчи Энн Эпплбаумнинг китоби якунига илова қилинган қамровдор библиография рўйхатида – мемуар ва адабий-бадиий асарлар, эълон қилинмаган хотира ва ёдномалар, ҳужжатли, публицистик ва тадқиқот адабиётлари, архив ҳужжатлари ҳамда интервью берган шахслар номлари орасида ҳам Ўзбекистонга бевосита тааллуқли биронта манба мавжуд эмас.
Бу ҳолни қандай изоҳлаш мумкин? Фикримизча, аввало, бунда А.Солженицин “ГУЛАГ ороллари” (“Архипелаг ГУЛАГ”) номли китобини СССРда чоп этишга рухсат бермасликларини яхши билгани учун қўлёзмани яширинча йўллар билан хорижга жўнатгани ҳолатини ҳисобга олиш ўринлидир. Мазкур асар илк бор 1973 йили Парижда чоп этилгани ва оқибатда унинг муаллифи ватанидан хорижга бадарға қилингани учун ёзувчи янада кўплаб манбалардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган. Эътибор беринг: «ГУЛАГ ороллари» асари собиқ СССРда фақат 1990 йилга келибгина китоб ҳолида чоп этилган.
Ўз навбатида, Энн Эпплбаум айни мавзуга бағишланган китобида ГУЛАГ лагерлари азоб-уқубатини бошидан кечирган руслар ва америкаликлар, поляклар ва яҳудийлар, коммунистлар ва аксилкоммунистлар хотираларига кенг ўрин берган. Бироқ, инглиз тилли адиба ГУЛАГнинг бирон-бир ўзбек маҳкуми ҳақида ҳеч нарса қайд этмаган. Айни воқелик ҳам муаллифнинг юртимиз ҳудуди, халқимиз тарихи ва миллатимиз тилидан бир қадар узоқ бўлганлиги билан боғлиқ, деб тахмин қиламиз.
Бу омиллар, албатта, “ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ГУЛАГ лагерларига юборилмаган экан-да” деган янглиш хулосага олиб келмаслиги керак. Зеро, “Википедия” маълумотларига кўра, ҳар қайси йилнинг 1 январь ҳолатига мувофиқ, ГУЛАГ лагерларида:
- 1939 йилда – 24 минг 499 нафар;
- 1940 йилда – 26 минг 888 нафар;
- 1942 йилда – 26 минг 978 нафар;
- 1943 йилда – 20 минг 129 нафар;
- 1944 йилда – 8 минг 380 нафар;
- 1945 йилда – 8 минг 426 нафар;
- 1946 йилда – 5 минг 570 нафар;
- 1947 йилда – 4 минг 777 нафар ўзбек миллатига мансуб маҳбус жазони ўтаган ва совет қурилишларида текинга меҳнат қилган.
Ўз навбатида, 1951 йил 1 январь ҳолати бўйича – ГУЛАГ лагерларида 30 минг 29 нафар ўзбек миллатига мансуб маҳбус бўлган. Қиёс учун: худди шу даврда ГУЛАГда сақланган ўзбекларнинг сони рус, украин ва беларусь миллати вакиллари миқдоридан анча оз бўлгани ҳолда, латиш, арман, қозоқ, эстон, озарбайжон, грузин, молдаван, қирғиз, тожик, туркман миллатларига мансуб маҳкумлар сонидан сезиларли даражада кўпчиликни ташкил этган.
Шу маҳбуслар орасида 1951 йилда ноҳақ қамалган ва Сталин вафотидан кейин оқланган таниқли ўзбек адиби Шукрулло ҳам бўлган. Кейинчалик ёзувчи бошидан ўтказган воқеалар асосида ёзган «Кафансиз кўмилганлар» асарида ГУЛАГда содир бўлган аксарият ёвузликларни очиқ ҳикоя қилган.
Яна бир ўзбек адиби – Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ҳам урушдан сўнг, 1947 йилда ноҳақ қамалган ва бир неча йил давомида ГУЛАГнинг энг даҳшатли қамоқхоналаридан бири бўлган Жезқазған яқинидаги лагерда жазо муддатини ўтаган. У ҳам Сталин вафотидан кейин оқлангач, ГУЛАГ қамоқхоналари ҳақида бир қанча асарлар ёзган. Жумладан, адиб “Қўрқув салтанати” номли ҳикоясида Жезқазған қамоқхона лагеридаги шафқатсиз ҳолатларни, яъни маҳбуслар тортган азоб-уқубатларни борича тасвирлаган.
Шу ўринда 2023 йилда каминанинг қаламига мансуб “Эй, дарвеш: зулмни енгган мазлумлар қиссаси” номли китоб нашрдан чиққани ҳақида мухтасар тўхталмоқчиман. Нега деганда, китобда ГУЛАГ лагерларида 10 йил жазо ўтган Мирза Сўфи бобом ва 6 йиллик муддатни охиригача етказиб қайтган отам Абдирайим Мирзаевнинг ҳаёти ҳамда синовларга тўла тақдири ҳақида сўз борган.
Бобом аксилинқилобий фаолиятда айбдор деб топилгани ва “халқ душмани” деб эълон қилингани ҳамда совет ҳокимияти учун алоҳида хавфли жиноятчи ҳисоблангани боис айнан қаерда жазони ўтагани ҳақида 75 йилдан бери ҳеч ким ҳеч вақо билмайди. Отам эса Волга-Дон канали қурилишида қатнашганидан хабардормиз, холос.
Дарвоқе, Волга-Дон канали қурилишида қатнашган маҳбуслар учун собиқ СССРнинг тўртта миллий тилида – татар, турк, ўзбек ва қозоқ тилларида газеталар чоп этилган экан[4]. Раҳматли падари бузрукворимиздан ўша газеталарни ўқиганми-йўқлигини сўраб қолиш имконини бой берганимга, афсуски, анча вақт бўлди.
Асосийси, бу далил жадидлик ҳаракатининг таъсири ўша вақтларда ҳам мавжуд бўлганидан бир ажиб пайғомдир. Яъни, совет қамоқхоналаридаги ўзбек тилида чиққан газеталар – жадид боболаримизнинг маърифатпарварлик ғояси ГУЛАГ сарҳадларигача кириб борганидан далолат эканига ишонгим келади.
Алқисса, Сталин вафотидан сўнг ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерларидаги маҳбуслар сони икки баробар қисқариб кетгач, 1953 йил март ойида ГУЛАГ собиқ СССР Адлия вазирлиги ихтиёрига ўтказилади. Орадан бир йил ўтиб, 1954 йил январь ойида у яна собиқ СССР Ички ишлар вазирлигига қайтариб берилади ва номи «ИИВнинг қамоқхоналар бўлими» деб ўзгартирилади.
Кейинчалик, 1956 йилда ГУЛАГ “Ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармаси”, 1959 йилда эса у яна «Қамоқхоналар бош бошқармаси» деб аталади. Шукрки, 1960 йил 25 январда ГУЛАГ атамаси барча ёвузликлари билан тарих қаъридан жой олди.
Ғулом МИРЗО
[1] Шавкат Мирзиёев,Ўзбекистон Республикаси Президенти. Жадидлар меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференция иштирокчиларига// https://president.uz/uz/lists/view/6007.
[2] Эпплбаум, Энн. ГУЛАГ/ перевод с английского Л.Мотылева. – Москва: Издательство «ACT: CORPUS», 2023. – С. 576.
[3] Қаранг: https://kun.uz/news/2023/05/13/mahbuslar-bajargan-ishlar-sovet-xalqiga-nisbat-berilgan-millionlab-insonlarning-songi-manzili-bolgan-gulagda-qancha-mahbus-saqlangan
[4] Қаранг: Солженицын А. Архипелаг ГУЛАГ. – СПб.: «Aзбука, Азбука-Аттикус», 2022. – С. 57.
- Қўшилди: 24.01.2025
- Кўришлар: 681
- Чоп этиш