Бугунги кунда Янги Ўзбекистон суд тизимидаги шиддатли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Устоз Убайдулла Мингбоев моҳир ҳуқуқшунос, тажрибали судья ва покдил, фидойи, юксак маънавиятли ҳамда адолатпарвар ёши улуғ ватандошимиз сифатида мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ идораларида қарийб 60 йилдан буён фаол меҳнат қилмоқда. Бу хизматлари жамиятимиз ва давлатимиз томонидан эътироф этилиб, Убайдулла ака “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Жасорат” медали билан тақдирланган ва Устозга Олий малака тоифаси берилган.
“Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат суд тизими вакиллари, ўзбек судьялари олдига ана шундай ҳаққоний талабни қўйди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган тархий учрашувида сўзлаган нутқи замирида суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад ўз мужассамини топган.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз ваколати доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрор этмайдиган тизимни шакллантиришимиз шарт, деган қатъий мақсадни белгилаб берди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим».
Убайдулла ака Олий суднинг ўзида салкам 20 йил фаолият олиб борган, шу жумладан, қарийб 12 йил давомида – 1991-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси лавозимида хизмат қилган. Шунингдек, 2009 йилдан буён Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Маълумки, Истиқлолнинг дастлабки даврида, тарихан жуда қисқа муддатда, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигидаги Конституциявий комиссия иштирокида мустақил Ўзбекистон Конституцияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Устоз Убайдулла Мингбоев ҳам аъзоси бўлган ушбу Комиссия саъй-ҳаракатлари билан Асосий қонунимизда суд ҳокимиятининг конституциявий асосларининг устувор принциплари аниқ ифодалаб берилди.
Хусусан, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим конституциявий принцип сифатида белгиланди. Конституцияда, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг давлат манфаатларидан, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг эса миллий ҳуқуқ нормаларидан устунлиги мустаҳкамланди.
Айни вақтда, судларни жазоловчи ва фақат давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи органдан қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи органга айлантиришга қаратилган яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси кун тартибидан жой олди. Шу асосда юртимизда Конституциявий суд, Олий суд, умумий юрисдикция судлари жорий этилди. Жиноят, жиноят-процессуал, суд-ҳуқуқ ва бошқа йўналишларнинг қонунчилик асосини ташкил этувчи мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.
Миллий тараққиётимизнинг кейинги мантиқий босқичида, яъни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси негизида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича янги концепция изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Сўнгги йилларда судлар ихтисослаштирилди, фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича алоҳида судлар ташкил этилди. Судлар суд қарорларини ижро этиш каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан озод қилинди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги бундай ҳаётбахш ислоҳотлар, ҳеч шубҳасиз, соҳа вакилларини нафақат мамнун этмоқда, айни чоғда, ўз фаолиятида самарали натижаларга эришишга рағбатлантирмоқда. Убайдулла ака Мингбоев бу борадаги энг тажрибали ва пешқадам инсонлардан, десак асло муболаға бўлмайди.
Устоз Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси бўлиб ишлаган йиллари, шунингдек, 2003-2017 йилларда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, 2017-2018 йилларда ушбу Ассоциациянинг раиси сифатида фаолият кўрсатган даврда ўзининг кўп йиллик бой тажрибаси, самарали амалий ва маърифий-ижодий фаолияти билан ушбу янгиланишлар жараёнида фаол қатнашди.
Убайдулла ака Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июндаги қарори билан 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозимида хизмат қилди. Бугунги кунда Устоз Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзосидир.
Бу ҳақда сўз юритганда, авваламбор, Президентимиз томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни янги босқичга кўтаргани хусусида мухтасар тўхталиш лозим.
Ҳозирги куннинг конституциявий тамойилларидан келиб чиқиб, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш тизимли йўлга қўйилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида бир боби – ХХIII боб “Суд ҳокимияти” деб номланган. Бу бобдан 11 модда ўрин олган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг:
- 130- моддаси – одил судлов;
- 131-моддаси – суд тизими;
- 132-133-моддалари – Конституциявий суд фаолияти;
- 134-моддаси – Олий суд фаолияти;
- 135-моддаси – Судьялар олий кенгаши фаолияти;
- 136-моддаси – судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги;
- 137-моддаси – судларнинг очиқлиги;
- 138-моддаси – суд ҳужжатларининг мажбурийлиги;
- 139-моддаси – суд ишлари юритиладиган тиллар;
- 140-моддаси – судлар фаолиятини молиялаштиришга оид нормалардан иборатдир.
Президентимиз ҳар гал суд тизимидаги ўзгаришларга тўхталганда, авваламбор, адолат мавзусида атрофлича сўз юритиши бежиз эмас. Чунки адолат тантана қилишида давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Ушбу соҳа вакиллари инсон ҳаёти билан боғлиқ фаолият олиб боради. Содда қилиб айтганда, иши судда кўрилган шахснинг кейинги тақдири кўп ҳолларда судья қабул қилган қарорга боғлиқ бўлади. Бирор кишининг ноҳақ айбланиши, масалан, қилмаган айби учун узоқ йилга озодликдан маҳрум этилишининг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас.
Биз Мир Алишер Навоийни улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, илм-фан ва маданият, она тилимиз ва адабиётимиз ҳомийси, саховатпеша зот, авлиёлар авлиёси сифатида яхши биламиз ҳамда юксак қадрлаймиз. Айни чоғда, Навоий серқирра ҳаётининг яна бир муҳим жиҳати борки, бу ҳам бўлса, ул зотнинг фиқҳ, яъни ҳуқуқшунослик илми билимдони эканидир.
Алишер Навоий ҳуқуқ бобидаги билим ва тажрибасини нафақат асарларида, балки давлат арбоби сифатида амалий фаолиятида ҳам изчил қўллаган. Ҳазрат асарларини мутолаа қилиш асносида, ҳуқуқ атамалари улуғ шоир томонидан жуда кенг маъноларда, айни вақтда, ниҳоятда аниқ ва жуда нуктадонлик билан ишлатилганини кўриш мумкин.
Масалан, Навоий “адл” сўзини адолат, тўғрилик, инсоф тушунчаларини англатиш учун ишлатса, ўз навбатида, “адолат” сўзини ҳаққоният, шафқатлилик, одиллик, диёнат маъноларида қўллаган. Эътибор қилинг, ушбу тушунчалар бугунги кунда адолат ва юксак инсонпарварлик негизида тубдан ислоҳ этилаётган мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятининг асосий мазмун-моҳияти билан том маънода уйғун ва ҳамоҳанг эзгу тамойиллардир!
Давлатимиз раҳбарининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларнинг изчил ҳамда мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Модомики Убайдулла аканинг бу борадаги ҳиссаси ҳақида сўз борар экан, Устоз ўз касбини улуғлаш масаласига нафақат амалий, айни чоғда ижодий жиҳатдан ҳам муносиб улуш қўшиб келаётганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. У киши соҳанинг тарихи ва истиқболларига, бугунги кунда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига оид кўплаб рисолалар муаллифи ҳисобланади.
Устознинг “Олий суд: кеча ва бугун” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 1994), “Суд шундай ҳокимиятки...” (Тошкент, “Шарқ”, 1999), “Суд – фуқаролар ҳимоячиси” (Тошкент, 2001), “Одил судлов маданияти ва одоби” (Тошкент, “Адолат”, 2004), “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” (Тошкент, “ILM-ZIYO-ZAKOVAT”, 2021), “Судья ва суд ходимларига мурожаат” (Тошкент, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, 2023) китоблари шулар жумласидандир.
Хусусан, Устознинг “Судья ва суд ходимларига мурожаат” китобидан ўз ҳамкасбларига шундай чорлови ўрин олган: “Судьянинг касбий маҳорати шундаки, у ҳар бир мурожаатчи билан одоб-ахлоқ ва қонун-қоида тамойилларига қатъий риоя этган ҳолда муносабатга киришиши талаб этилади. Албатта, буларнинг барчаси сиз, азизларнинг маънавиятингиз ва олган тарбиянгизга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ”.
У.Мингбоев катта ҳаёт мактабини кўрган устоз аллома сифатида “Етти пуштни билмоқ истаги” (Тошкент, “Қатортол-Камолот”, 1999), “Касб-корим адолат бўлди” (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2003), “Адолат мезони” (Тошкент, “Нур-полиграф”, 2009), “Судьялик – улкан масъулият” (Тошкент, 2014), “Шукрона” (Тошкент, “Turon zamin ziyo”, 2015), “Истакларим” (Тошкент, 2017), “Покланиш палласи” (Тошкент, “Олтин қалам”, 2024) каби бир қатор оммабоп китоблар ҳам ёзган.
Убайдулла ака отахон судья сифатида, турли босқич судларида судья, суд раисининг ўринбосари ва суд раиси сифатидаги узоқ йиллик фаолияти натижаларига таянган ҳолда, суд маданиятининг моҳиятига назар ташлар экан, “одил судловнинг мақсади – адолат ва инсонпарварликдир”, деган эзгу хулосага келади. Бу фикр ҳар бир китобда суд жараёнининг маданияти, судда фуқароларни қабул қилиш маданияти, судьялик этикаси, суд маданиятининг замонавий моддий-техника таъминотига алоқадорлиги каби долзарб мавзулар ва ҳаётий мисолларда имкон қадар кенг очиб берилади.
Устоз Убайдулла аканинг ҳар бир янги китобини мутолаа қилиш асносида Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги туб ижобий ўзгаришлар жараёнида суд ишини амалга ошириш ваколатига эга ва бунга маънавий ҳуқуқи бор процессуал шахс саналган судьялар олдига қўйган қатъий талаблар билан ўзим ўқиётган асар муаллифининг ҳаётий тамойиллари ўртасида ўзига хос муштарак хусусиятлар мавжуд эканига амин бўламан. Бу уйғун жиҳатлар, фикримча, қуйидагиларда намоён бўлади.
Биринчидан, судьялар ва суд ходимлари ўз хизмат фаолиятини адо этишда маънавий-ахлоқий қиёфаси, касбига доир вазифаларни бажариш билан боғлиқ ахлоқий меъёрларга эга бўлишлари шарт.
Иккинчидан, судьялар ўзларининг намунали интизоми, хушмуомалалиги ва муносиб хулқ-атворини намоён этиб, ҳамиша адолатга таянган ҳолда, қонун устуворлигини таъминлаши талаб этилади.
Учинчидан, судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси номидан суд ҳужжати қабул қилишлари – улар зиммасига бениҳоя шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилганини англатади. Бундан чиқадиган хулоса шуки, судьяларнинг ўз бурчига содиқлиги, тегишли ваколатларини нечоғлик ҳалол ҳамда сидқидилдан адо этиши мустақил суд ҳокимиятининг обрўсини ва фуқароларда одил судлов ҳамда адолатга бўлган ишончни тубдан оширади.
Тўртинчидан, одил судловнинг бош мақсади – адолат ва инсонпарварликдир. Инсонпарварликнинг замирида юксак маданият мужассам. Маданият, ўз навбатида, халқимизнинг узоқ ўтмишига бориб тақалади. Негаки, халқимизнинг миллий табиатига хос бўлган жамики эзгу инсоний фазилатлар ана шу маданиятимизда жамланган. Шу маънода, судьяларнинг маданиятлилиги суд ишларини холисона, билимдонлик асосида, жамият ва халқ манфаати учун куюнчаклик билан адолатли ҳал этишида кўзга ташланади.
Бешинчидан, судьяларнинг жамоатчилик вакиллари олдида ўзини тута билиши, мулоҳаза билан иш тутиши, хушфеъл, одобли, камтарин ва ширинсухан бўлиши – бу нафақат судьянинг, балки мустақил суд ҳокимиятининг ҳам обрўсини оширади. Бурч масъулиятини чуқур англаган судья ўз устида мунтазам ишлаб, билим ҳамда тажрибасини ошириб бориши лозим.
Олтинчидан, судьялар ўз қасамёдига ҳамиша содиқ қолиши, виждонан иш тутиши, сабр-тоқатли ва мустаҳкам ирода эгаси бўлиши даркор. Халқ ва Ватанга бўлган садоқатини, ўзининг фидойилигини ўзгаларга муносабатида намоён этиши зарур.
Еттинчидан, судьялар зиммасидаги ваколатларни масъулият ва шараф билан адо этиши баробарида, обрў-эътиборли, адолатпарвар инсон сифатида атрофдагиларда яхши таассурот қолдириши ҳам фарзу қарз.
Адолат халқимиз учун азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган. Амир Темур бобомиз “Куч — адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришган. Улуғ аждодимиз узук-муҳридаги ушбу адолатпарвар шиор муҳташам Оқсаройнинг ҳозирги кунгача сақланиб келаётган асосий пештоқида “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиори!”, деган янада чуқур мазмунда битиб қўйилганини таъкидлаш жоиз.
Шу ўринда Устоз Убайдулла Мингбоевнинг “Етти пуштни билмоқ истаги” номли китобида битилган мана бу ҳаётий сатрлар Соҳибқирон аждодимиз ўгитларига нечоғлик ҳамоҳанг эканлигига эътиборни қаратгимиз келди: “Инсон эсон-омон юрса, сабр-қаноат билан яшаса, кўп нарсани кўрар экан. Мен бу гапларни ўз ҳаётим мисолида айтяпман. Гоҳида ўйга толаман, мустақил Ўзбекистонимиз Олий судининг биринчи раиси бўлганимдан, биринчи Конституциямиз лойиҳасини тузишда иштирок этганимдан қониқиш ҳосил қиламан. Республикамизда биринчи бор “Судлар тўғрисида”ги қонунни тайёрлашда ишчи гуруҳга раҳбарлик қилганимни ҳам, 30–35-йилларда қатағон қилинганларнинг, 83–86-йилларда “Ўзбеклар иши” деб ноҳақ қамоқда ётганларнинг кўпларига адолатли суд қарорлари чиқарганимизни ҳам Тангри таолонинг менга кўрсатган инояти, берган неъмати деб биламан. Ҳарқалай, бу ишлар ҳам осонликча кечгани йўқ. Гоҳида ҳар бир иш учун, ундаги ҳар бир тақдир учун бевосита кураш олиб боришга тўғри келди… Мен қаерда ва қайси мансабда ишламай, адолатли фикр юритишни ва ҳар ишда беғараз бўлишни касб қилдим, оиладагиларимдан ҳам, дўстларимдан ҳам, қўл остимда ишлайдиган шогирдларимдан ҳам шуни талаб қилдим”.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, судья шахсида ўз мужассамини топган жамики яхши фазилатлар – одил судловни таъминлашнинг муҳим шарти. Бинобарин, Убайдулла аканинг маънавий-маърифий асарлари ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида, адолатпарвар, ҳақиқатсевар, бир сўз билан айтганда, баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ишончимиз комилки, таниқли ҳуқуқшунос Убайдулла Мингбоевнинг қарийб олтмиш йиллик самарали фаолияти бугунги ва келажак авлодлар учун суд тизими, судьялик касби, судьянинг вазифаси ва масъулияти ҳақидаги етарлича фойдали ҳамда ибратли маълумотлар хазинасидир. Президентимиз таъкидлаганларидек, «Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат».
Акмал Саидов,
академик
«Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 24 январь кунги 4 (1038)-сони
- Қўшилди: 24.01.2025
- Кўришлар: 661
- Чоп этиш