МУТОЛААГА МАРҲАМАТ!

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг навбатдаги сони нашр этилди. Ушбу сон Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланди.

Журналнинг дастлабки саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Турсинхан Худайбергеновнинг “Маҳалла қадр масканига айланиши учун соҳага оид ислоҳотлар ижроси таъминланмоқда” номли мақоласи ўрин олган. Унда 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да мамлакатимизда маҳаллалар кесимида амалга оширилаётган халқчил ва инсонпарвар ислоҳотлар батафсил ёритилган. Маҳалла тизими олдида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда шу орқали одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш каби эзгу ва долзарб мақсад мужассам экани таъкидланган.

Бугунги кунда халқимизнинг диққат-эътибори юртимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён – конституциявий ислоҳотларга қаратилган. Шу боис, журнал саҳифаларида ушбу конституциявий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, Асосий қонунимизга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнига доир мақола ва интервьюларга кенг ўрин ажратилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституция комиссиясининг раиси, академик Акмал Саидовнинг “Халқ – конституция ижодкори” номли интервьюси тақдим этилган. Интервьюда Конституциямизни ислоҳ этиш – ҳаётий зарурат экани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларининг устуворлиги “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида Асосий қонунимизда мустаҳкамланаётгани, бу эса халқимиз фаровонлиги ва давлатимиз тараққиётига хизмат қилиши тўғрисида асосли фикрлар билдирилган. Конституциявий ислоҳотларга доир долзарб саволларга батафсил жавоб берилган.

Россия Федерацияси Ҳукумати қошидаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти етакчи илмий ходими, юридик фанлар номзоди Сергей Чиркиннинг “Конституционная реформа в Узбекистане – новые горизонты развития” (“Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар – ривожланишнинг янги уфқлари”) номли мақоласида эса Конституциямизга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар таҳлил қилинган. Айниқса, ислоҳотлар халқ муҳокамаси асосида амалга оширилаётгани юқори баҳоланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори Мирзатилло Тиллабаевнинг “Priority directions of constitutional reforms in the field of human rights protection and human dimension” (“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги конституцион ислоҳотларнинг устувор йўналишлари”) номли мақоласида ҳам айни долзарб мавзу ёритилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни имплементация қилиш масалалари таҳлил қилинган.

Журнал саҳифаларидан ўрин олган қисқа интервьюларда акс этган нуфузли халқаро экспертларнинг юртимиздаги конституциявий ислоҳотларга билдирган муносабатлари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази вакилларининг Асосий қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир таклиф ва мулоҳазалари ҳам журналхонларни бефарқ қолдирмаслигига аминмиз.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар ҳамда ушбу соҳага қизиқувчиларга эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) Дилмурод Касимовнинг “Тадбиркорлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” номли интервьюсини синчиклаб мутолаа қилишни тавсия этамиз. Интервьюда юртимиздаги тадбиркорлик муҳити ҳамда соҳа ривожида Бизнес-омбудсман институтининг тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Шунингдек, журналнинг ушбу сонида тақдим этилган Ж.Тошқулов, О.Ахмадов, С.Бегматова, Ж.Маткаримова, А.Худойбердиев, А.Каримов, С.Ишмуратова, З.Фармановнинг ўзбек тилидаги, Н.Жуманиязова, С.Аманиязова, Ҳ.Бурханов, Н.Назарова, Ш.Тошпулатов, Д.Хайруллаева, Т.Норбоев ва З.Машарипованинг инглиз тилидаги, С.Абдуразаков, А.Бозаров, О.Низомиддинхужаев, Д.Раджабов, А.Ариповнинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишлангани билан аҳамиятли.

Маълумот учун: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.  Халқаро идентификация рақами (doi®): 10.54952/p1696-2206-6326-y. Расмий веб-сайти: www.dhrjournal.uz.

 

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech