ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ БИЛИШ ВА ТАЪМИНЛАШ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2022 йилнинг 5-6 декабрь кунлари Самарқандда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича глобал форум ўтказилади. Ушбу нуфузли халқаро тадбирнинг мақсадлари ва вазифалари ҳақида биз Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Х.Саидов билан суҳбатлашдик.

 

– Акмал Холматович, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим нималарни кўзда тутади?

 

– Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳурмат қилиш ва уларга риоя этишни рағбатлантириш учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида, “Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак”, дейилади.

2011 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. Декларацияда ҳар бир инсон ўзининг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисида билиш, уларни сўраш ҳуқуқига ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш имкониятига эга бўлиши кераклиги кўрсатилган. Зеро, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқларининг умумийлиги, ажралмаслиги ва ўзаро боғлиқлиги тамойилларига мувофиқ жамият томонидан ҳурмат қилиниши ва уларга риоя этилишини рағбатлантириш учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимга тааллуқли қоидалар кўпгина халқаро ҳужжатларга, жумладан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенция, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияга киритилган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим қуйидаги уч жиҳатни қамраб олади:

биринчидан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларни, улар нимадан иборатлиги, қай тарзда кафолатланиши ёки ҳимоя қилинишига доир билимларни олиш;

иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг контексти ва усули ташкиллаштирилган ҳамда инсон ҳуқуқлари қадриятларига (масалан, фикр эркинлиги ва бошқалар) мувофиқлаштирилган бўлиши кераклигини ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимда ўқитиш жараёни унинг мазмуни каби муҳимлигини тан олиш;

учинчидан, таълим олувчилар мустақил равишда ёки бошқалар билан биргаликда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кўрган ҳолда, ўз ҳаётларида инсон ҳуқуқлари қадриятларини қўллаш имкониятига эга бўлишларини таъминлаш.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари Фолъкер Тюрк таъкидлаганидек, “Инсон ҳуқуқлари – бу инсониятнинг умумий тилидир. Биз учун ҳар бир овозга ҳамоҳанг бўладиган инсон ҳуқуқлари тизими зарур. Инсон ҳуқуқларига тааллуқли барча масалаларда биз ҳаммамиз якдил бўлиб иш кўришимиз керак”.

 

– Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим қандай амалга оширилмоқда?

 

– 1993 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим “мамлакатлар ўртасида барқарор уйғун муносабатларни ривожлантириш ва уларга эришиш ҳамда ўзаро англашув ва тинчлик учун жуда муҳимдир”, дея эътироф этилган. 1994 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 1995 – 2004 йилларни Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим 10 йиллиги”, деб эълон қилди ва БМТга аъзо барча давлатларни “инсон ҳуқуқларининг умумий маданиятини яратиш мақсадида ўқитиш, тарқатиш ва хабардор қилиш”га ёрдам кўрсатишга даъват этди. 2004 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси барча соҳаларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим дастурларини амалга ошириш учун махсус Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим умумжаҳон дастурини қабул қилди. Ушбу дастурда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқлари умумий маданиятини яратиш учун ўқитиш ва хабардор қилиш сифатида белгиланган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳар тарафлама таълим бериш фақат инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари тўғрисидагина эмас, балки кундалик ҳаётда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаш учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантиради. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим жамиятнинг барча аъзолари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган муносабатларни шакллантиришга ёрдам беради.

Умумжаҳон дастурининг қабул қилиниши асосан давлат таълим дастурлари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантиришга хизмат қилди. Жаҳон ҳамжамияти инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни тинчлик, демократия ва ижтимоий тараққиётни мустаҳкамлаш сифатида кўради.

Умумжаҳон дастури барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бизнес соҳасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашишга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий тамойилларни ва маърифий фаолият усулларини англаш, барча даражалардаги халқаро ташкилотлардан бошлаб амалий ишларни йўлга қўйиш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳар бир киши ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим ҳамда касбий тайёргарлик воситалари орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшиши керак. Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳар тарафлама таълим фақат инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билим ва уларни ҳимоя қилиш воситалари манбаи бўлибгина қолмасдан, кундалик ҳаётда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган кўникмаларга эга бўлиш имкониятини ҳам беради.

Умумжаҳон дастурининг уч босқичи амалга оширилди. Улар умумий ўрта таълим ва олий таълим тизимидаги ўқув жараёнларини, шунингдек ўқитувчилар, давлат хизматчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини  ҳам қамраб олди.

2020 – 2024 йилларда умумжаҳон дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда, у ҳуқуқлар ва имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилган. Ушбу дастурда ёшлар тўртинчи босқичнинг мақсадли гуруҳи сифатида белгиланган. Мазкур босқичда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик бўйича ўқитиш ҳамда тарбиялаш, бу тинчликсевар жамиятни шакллантиришга хизмат қилади;
  • 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби доирасида, “Ҳеч ким ёддан чиқарилмайди”, мақсадига мувофиқ аёллар ва болаларга алоҳида эътибор қаратиш, педагог ходимлар билан ишлайдиган ўқитувчилар учун инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ташкил этиш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича тегишли тадқиқотлар, баҳолашлар, илғор тажриба алмашинувларини амалга ошириш.

 

– Самарқандда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича глобал форумни ўтказиш жаҳон ҳамжамияти томонидан мамлакатимизнинг умумжаҳон муаммоларини ҳал этишга оид қарорлар қабул қилишнинг фаол ташаббускори сифатида тан олинишини англатадими?

 

– Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шундай. Самарқанд инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий анжуманларни ўтказишнинг ўзига хос марказига айланмоқда. 2018 йилда бу ерда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми, 2020 йилда эса “Ёшлар – 2022: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” номли инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида, шу жумладан таълимни такомиллаштириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таълимини шакллантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар тарафлама таъминлашга йўналтирилган ташаббуслар илгари сурилди ва бу изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда. Улар асосида ҳозирнинг ўзида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг бешта резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси миллий давлатчилиги тарихида биринчи марта мамлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. Бу жаҳон ҳамжамияти томонидан билдирилган юксак эътироф ифодаси, мамлакатимиз янги ташқи сиёсатининг, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг қўллаб-қувватланишидир. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англаймиз. Жаҳон тарихи ва демократик давлатлар тажрибаси ҳам шундан далолат беради”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим умумжаҳон дастури тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича миллий комиссия ташкил этилди, у Олий Мажлис Сенати, Ташқи ишлар, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, Омбудсман, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек минтақалар раҳбарларидан иборат. Миллий комиссиянинг асосий мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг нормалари ва тамойиллари, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро кафолатлари тўғрисида хабардорликни ошириш, шунингдек ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган.

Конституциямизда халқаро ҳуқуқ устуворлиги тамойили мустаҳкамланган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, аҳолининг турли тоифалари – аёллар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишга йўналтирилган кўплаб халқаро конвенцияларга аъзо бўлган. Бу орқали мамлакатимиз ўз ҳудудида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича муайян мажбуриятларни қабул қилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда:

  • умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари ғоялари ва қадриятларига, шунингдек, ўз халқаро мажбуриятларига содиқлик;
  • давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати ҳуқуқий давлатчилик ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда асосий миллий манфаатлардан келиб чиқиши;
  • Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қайд этилган шахс, жамият ва давлат манфаатлари мутаносиблиги тамойили;
  • амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг тадрижийлик хусусияти;
  • очиқлик ва бағрикенглик: Ўзбекистон ушбу соҳадаги барча муаммоларни фуқаролик жамиятининг барча тузилмалари, шунингдек халқаро ҳамкорлар билан мулоқотда муҳокама қилишга ва ҳал этишга тайёр.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ролини ошириш мақсадида ҳукумат томонидан бу соҳани қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга қаратилган иккита қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон тарихида 2020 йилда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ва унинг “йўл харитаси” қабул қилинди. Унда аниқ ифодаланган 78 та вазифани амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, қуйидаги устувор йўналишлар кўзда тутилган:

  • шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
  • инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни жорий қилиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, улар мониторингини амалга ошириш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича устувор йўналишлар: соҳага доир халқаро ва минтақавий тузилмалар, чет эл давлатларининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш миллий муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича умумжаҳон дастурини, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тайёрлаш декларацияси қоидаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Халқаро шериклар билан қалин ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари бўйича 120 дан ортиқ асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинди ва кўп нусхада нашр этилди.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларга, халқаро ҳужжатлар ҳамда миллий қонунчиликка риоя этиш масалалари умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг, шунингдек, педагоглар, тиббиёт ва ижтимоий соҳа ходимлари, журналистлар, судьялар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими ходимлари ва адвокатларнинг малака ошириш таълими бўйича ўқув дастурларига киритилган. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича магистрлик дастурини амалга ошириш мақсадида мамлакатдаги ҳуқуқшунослик мактаблари консорциумининг ташкил этилиши ҳам муҳим воқеа бўлди. Ушбу консорциум таркибига мамлакат Бош прокуратураси академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кирди.

Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари фаол вакилларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди, у ҳар йили Инсон ҳуқуқлари халқаро куни – 10 декабрда фаолларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги хизматлари учун берилади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш натижалари фуқароларнинг ушбу соҳада хабардорлигини оширишга хизмат қилади. Одамлар ўз ҳуқуқларини билишлари ва ҳимоя қилишлари, уларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланишига ишонч ҳосил қилишлари керак. Бу борада қайси органлар масъул экани, қандай халқаро шартномалар амал қилиши ва қўлланилиши, қандай ҳуқуқларни амалга оширишни талаб қилишга ҳақли эканларини тушунишлари зарур. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим одамларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиради, шунингдек, кишилар инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари инсониятнинг олий қадрияти эканини англашларига ёрдам беради.

 

Эркин Эрназаров суҳбатлашди   

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг

2022 йилдаги 4-сонидан олинди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech