Христос ГИЯКУМОПУЛОС: “Глобал форум учун мақбул жой ва вақт танланган”

  • Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Глобал форумнинг айнан қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши жуда ўринли, мантиқли ва теран рамзий маънога эга, – деди Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бошқармаси бош директори Христос Гиякумопулос. – Чунки ушбу заминда неча асрлар давомида инсониятга яхшилик ва манфаат келтирувчи билимларга бой қанчадан-қанча ноёб илмий асарлар яратилган.

Глобал форумни ўтказиш учун ҳам мақбул вақт танланган. Зеро, биз бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси натижаларини ҳамжиҳатликда баҳолаб турибмиз. Яқин кунарда эса БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган бутунжаҳон кампанияси бошанади. Мазкур Декларация қабул қилинганидан буён ўтган даврда бутун дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича қанчадан-қанча муҳим минтақавий шартномалар қабул қилинишига туртки бериб келмоқда.

Шундай ҳужжатлардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясидир. Бугунги кунда ушбу Конвенция Европа Кенгашининг қоқ юрагида яшайдиган 700 миллион нафардан ортиқ инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Европа Кенгаши ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. У ўзида 46 та аъзо-давлатни бирлаштирган бўлиб, ўзаро ҳамжиҳатликда инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги қадриятларига таяниб фаолият олиб боради.

Ўтган даврда Европа Кенгашининг 200 дан зиёд конвенцияси қабул қилинган. Уларнинг учдан икки қисми Европа Кенгашига аъзо бўлмаган давлатлар ҳам имзолаши учун очиқдир. Шу тариқа минтақавий ташкилотимизнинг стандартлари глобал стандартларга айланмоқда. Ўз навбатида, ана шу глобал аҳамиятга эга стандартлар турли ҳуқуқий тизимларни яратиш учун қўл келади.

Биз судьялар, прокурорлар, адвокатлар, юристлар, давлат хизматчилари, фуқаролик жамияти вакиллари инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ғоят муҳим манфаатдор томонлардир, деб ҳисоблаймиз. Бу, ўз навбатида, ҳозирги рақамли ва тез ўзгараётган дунёда уларни талаб даражасида қўллаб-қувватлашни тақозо этади.

Чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясига ихтисослашган мутахассислар зарур воситаларга эга бўлишлари даркор. Улар билимли, малакали ва кундалик иш жараёнида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартларни амалда изчил қўллаш кўникмаси ҳамда имкониятарига эга бўлишлари шарт.

Қисқасини айтганда, ана шундай жиҳатлардан олиб қараганда ҳам, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Самарқанд Глобал форуми улкан аҳамият касб этади. Фурсатдан фойдаланиб, шундай долзарб амалий халқаро мулоқот учун дунёнинг тури ҳудудларидан ўзаро ҳамфикр кўплаб инсонларни бир жойга жамлаган ташкилотчиларга самимий миннатдорик билдираман.

 

Ғулом МИРЗО ёзиб олди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech