Юртимизда “маҳалла еттилиги”нинг жорий этилиши, аввало, аҳоли муаммоларини маҳалланинг ўзида бартараф этиш, кўплаб масалаларга биргаликда ечим топиш имконини яратди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 330 та маҳаллага 169 нафар солиқ ходимлари бириктирилган.
Албатта, маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилиши билан маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг реал даромадларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш борасида пухта режа асосида ўз ишини тўғри ташкил этиб келаётган соҳа ходимлари меҳнати, аниқроғи, иш самарадорлиги муносиб рағбатлантирилмоқда.
Жумладан, самарадорлик кўрсаткичи натижаларига кўра, вилоятда жорий йил октябрь ойи якуни билан 100 балл олган 1 нафар ходимга 200 фоиз, 97 баллдан юқори кўрсаткичга эришган яна 1 нафар ходимга 150 фоиз, 95-97 баллгача кўрсаткичларни қайд этган 3 нафар ходимга 100 фоиздан ҳамда 90-95 баллгача самарадорликка эришган 22 нафар ходим эса 50 фоиздан ойлик маошига қўшимча равишда устама берилди.
Жумладан, вилоятнинг энг олис Конимех тумани Гулистон маҳалласига бириктирилган солиқ инспектори Улуғбек Умаров “маҳаллабай ишлаш” тизимининг октябрь ойи натижаларига кўра, 100 баллик кўрсаткични қайд этди.
– Солиқ хизмати органининг маҳалла даражасига туширилиши аҳолининг солиқ маданиятини юксалтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда кичик бизнесга йўналтириш, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди У.Умаров. – Октябрь ойи якуни билан ўзимга бириктирилган маҳалладаги 20 нафар ноқонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолият кўрсатишига кўмаклашдим. Натижада 20 та корхонада норасмий меҳнат қилиб келаётган 96 нафар ишчининг расмий бандлиги таъминланди. Вақтинчалик молиявий қийинчиликка дуч келган 3 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланди. 193 нафар жисмоний шахснинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашдим.
Солиқ хизмати ходимларининг маҳаллада ҳар бир солиқ тўловчи билан бевосита иш олиб бориши, уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиши натижасида вилоятда 3 минг 793 та корхонадаги 13 минг 875 нафар ходимнинг норасмий фаолияти қонунийлаштирилди. Натижада бюджетга қўшимча 2,9 миллиард сўм миқдорида даромад солиғи ҳисобланди.
Қонуний фаолият – барқарор ривожланиш ва хотиржамлик тамойили асосида вилоятда қонуний тартибда рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиб келган 4162 та хўжалик юритувчи субъект фаолияти қонунийлаштирилди. Ўз навбатида, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган 1824 та тадбиркорнинг фаолияти тикланди. 60533 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши таъминланди. Шунингдек, “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш натижасида 7 минг 785 та тадбиркорнинг товар айланмаси 14,7 миллиард сўмга оширилди. Яъни, қўшимча 6,9 миллиард сўм миқдорида айланмадан олинадиган солиқ манбаси шаклланди. Бугунги кунга қадар жисмоний шахслардан ундирилган 81,7 миллиард сўм миқдорида мол-мулк ва ер солиқларининг 8,2 миллиард сўми маҳаллалар ихтиёрида қолдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 26.11.2024
- Кўришлар: 639
- Чоп этиш