Марказий сайлов комиссиясининг сайлов бўйича дастлабки брифинги бўлиб ўтди

Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси Раиси иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомхўжаев Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига доир қабул қилинган муҳим қарорлар ҳақида маълумот берди.   

Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, бугундан, яъни 2024 йил 26 июлдан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари бўйича сайлов кампаниясига старт берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилади.   

Шундан келиб чиқиб, Календарь режа тасдиқланди. Календарь режада сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича туман, шаҳар ва вилоят сайлов комиссияларини тузиш, сайлов округлари ва сайлов участкаларини ташкил этиш, сайловчилар рўйхатини тузиш муддатлари, шунингдек, сайловда иштирок этувчи сиёсий партияларни рўйхатга олиш, уларнинг ваколатли вакилларини ҳамда номзодларини рўйхатга олиш тартиб ва муддатлари белгиланди.   

Брифингда қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат. Қонунчилик палатаси депутатларининг етмиш беш нафари эндиликда бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланади. Қолган етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати (яъни партия рўйхати) асосида сайланади.   

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга ўтказилади. Ушбу кенгашлардаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.   

МСК Раиси брифингда сайловнинг технологик янгилиги сифатида ишга туширилган “E-Saylov” ахборот тизими ҳақида ҳам маълумот берди. Қайд этилганидек, “E-Saylov” ахборот тизими орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади. Ахборот тизими бошқа электрон платформалар билан интеграция қилинган бўлиб, сайловдаги кўпгина тартиб-таомиллар инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.   

Шу билан бирга, брифингда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни очиқ ва ошкора ўтказиш бўйича батафсил маълумотлар берилди.   

Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech