Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтказди, дейилади Газета.uz хабарида.
Низомга кўра, карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин.
Бунда ушбу ҳуқуқдан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.
Ходимнинг масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Масофавий ишга ўтказиш юзасидан меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришда, меҳнатнинг бошқа шартлари билан бирга ходим ишлаши учун зарур бўлган жиҳозлар ва воситалар, жумладан, электрон ҳужжат алмашинуви, интернет ҳамда бошқа алоқа воситалари билан таъминлаш тартиби кўзда тутилади.
Шунингдек, ходимга иш беруви томонидан берилган жиҳозлар бузилганда зарарни қоплаш бўйича шартлар қўйилиши мумкин, ўз навбатида, ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш келишилади.
Меҳнат шартномасида ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари, ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда ходимни доимий ишга ўтказиш шартлари акс этади.
Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.03.2020
- Кўришлар: 4408
- Чоп этиш