Бугун Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар, аҳолига яратиб берилаётган имкониятлар хусусида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш берилди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистоннинг Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Польша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари штат жадвалига қўшимча равишда битта штат бирлигидан иборат меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий этилди.
2024 йил 1 июндан “Хорижда иш” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда, йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда компенсация тўланади.
Суғурта ташкилотлари томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта 50 минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади.
Хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.
2024 йил 1 июндан ҳужжатларни онлайн талаб қилиб олиш бўйича консуллик йиғимлари миқдори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи миқдорига тенглаштирилади.
2024 йил 1 сентябргача меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган call-марказ фаолияти ташкил этилади. Чет элдан чиқувчи абонентлар учун cаll-марказ рақамига қўнғироқларни бепул асосда амалга ошириш имкони яратилади.
2025 йил 1 июлгача Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва давлат ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи ягона идоралараро ва тўлиқ интеграция қилинган электрон маълумотлар базаси яратилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 16.04.2024
- Кўришлар: 1784
- Чоп этиш