Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз ва халқимиз бугуни ва эртасини белгилаб берадиган, ҳуқуқ ва манфаатларимиз, эркинликларимизни кафолатлайдиган Асосий қонундир. Бу йил Бош қомусимиз қабул қилинганига 32 йил тўлади.
Маълумки, 2023 йилда мамлакатимиз тарихида биринчи бор умумхалқ муҳокамасида пишитилган, халқимиз иштироки ва овози билан янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинди. Унга кўплаб янги модда ва нормалар, муҳим ўзгаришлар киритилди.
Жумладан, янги Конституциямизда акс этган нормаларга кўра, давлат ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларни камбағаллик ботқоғидан чиқариш, профессионал касб ўргатиш масъулиятини ўз зиммасига олди. Хусусан, Конституциямизнинг 42-моддасида “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши мустаҳкамланди.
Қайд этиш лозимки, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Бош қомусимизда акс эттирилиши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ўрнатиш тартиб-таомилларини яратиш бўйича 1928 йилдаги Конвенция, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича 1970 йилдаги Конвенция талабларига мос ва ҳамоҳанг бўлди.
Шунингдек, Бош қомусимизда ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Ҳаётимизда учраб турадиган бу каби ҳолатларнинг Конституция даражасида тақиқлаб қўйилгани аёлларимизга кенг имконият яратади, уларнинг манфаатлари, меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига замин бўлади.
Меҳнат ва ижтимоий ҳимояга оид яна бир муҳим жиҳат 43-моддада ўз аксини топган. Яъни, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши мазкур моддада белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадир. Дам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқ меҳнат муносабатлари соҳасида амалга ошади, унга тўсқинлик қилиш меҳнат ҳуқуқи нормаларини бузиш ҳисобланади. Ходимларга нафақат меҳнат таътили бериш, шунингдек, иш вақтининг давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари ҳам қонунларда аниқ белгилаб қўйилиши кўрсатилган. Бундай нормалар ходимларнинг дам олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Бош қомусимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ва дам олишга оид ҳуқуқларининг мустаҳкамлаб қўйилгани “Ўзбекистон – демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” тамойилига мос ва хосдир. Ҳар бир фуқаро ва унинг ҳуқуқлари, эркинликлари Асосий қонунимиз ҳимоясида эканлиги хотиржам ва фаровон яшаш ҳиссини қалбимизга жо этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 22.11.2024
- Кўришлар: 134
- Чоп этиш