Янги ташкил этилган Миграция агентлиги 2026 йилгача фуқароларни хорижга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функцияларини хусусий бандлик агентликларига ўтказади.
Президент хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солишга доир қарорни имзолади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилди. 2026 йил 1 январгача янги агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.
У 2024 йил 1 ноябрдан хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотларни электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб боради.
Шу муддатда агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб агентлик томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади. Хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8500 бараваридан 4000 бараваригача туширилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 25.10.2024
- Кўришлар: 597
- Чоп этиш