Миллий гвардия ходими эндиликда фуқарога мурожаат этганида ўзини таништиради

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу масала бўйича Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари Сарвар Мамаюсупов маъруза қилди:

—  Мамлакатимизда мудофаа ва хавфсизлик соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилди. 2020 йилда унинг мақомини белгиловчи “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ҳозирги кунга қадар Миллий гвардия органлари фаолиятига оид 17 та қонун, 50 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилиниб, Миллий гвардияга қатор янги вазифа ва функциялар юклатилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида Миллий гвардия органларининг вазифалари тизимлаштирилмоқда. Шунингдек, битта янги вазифа киритилмоқда. Амалдаги қонунчиликда Миллий гвардия ходими хизмат вазифаларини бажариши юзасидан фуқароларга мурожаат этганда ёки унга фуқаро мурожаат этганда ўзини таништириш тартиби белгиланмаган эди. Бу эса амалиётда айрим эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Янгиланган Конституциямиз талабларидан келиб чиққан ҳолда “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) фуқарога мурожаат этганида ҳамда ўзига фуқаро мурожаат этган тақдирда ўзини таништириши ҳамда фуқарога унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши шартлигига оид норма билан тўлдирилмоқда, — деди маърузачи.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида Миллий гвардия фаолияти самарадорлиги таъминланади. Жамоат тартибини сақлаш ва қўриқлаш ишлари самарали ташкил этилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech