Замон ва макон тушунчаси жуда қадимий тарихга эга. Таъбир жоиз бўлса, ушбу тушунчалар замирида мамлакат тарихи, бугуни ва эртаси ўз ифодасини топган. Яқинда Германиянинг 1945 йилдан бери чоп этиладиган “Berliner Zeitung” газетасида эълон қилинган сиёсий шарҳловчи, нашр Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...” сарлавҳали суҳбатини ўқиш асносида ана шу моҳият ўз ифодасини топганига амин бўлдим.
Аввало, ушбу фундаментал мулоқот Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган давлатчилик йўли, миллий ўзликнинг шаклланиши билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий, мафкуравий жараёнлар ва “Янги Ўзбекистон” концепциясининг моҳияти чуқур таҳлил қилингани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, унда Собиқ иттифоқ давридан қолган оғир ижтимоий-сиёсий мерос, минтақадаги геосиёсий вазият ва глобаллашув таъсирида мамлакатнинг мураккаб тараққиёт йўлидан ўтиши, шунингдек, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар ва янги ташаббуслар аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилган.
Маълумки, мустақилликка эришилгач, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда ҳам миллий ўзликни англаш, уни ҳимоя қилиш эҳтиёжи юзага келган эди. Айни вақтда узоқ йиллар ҳаёти амалда мустамлакачилик таъсирида кечган жамият олдида ўз келажагини буюк тарихига мос тарзда яратиш, мавжуд умумий идеологиядан воз кечиш ва янги миллий мафкурани шакллантиришдек мураккаб вазифалар турган эди.
Устига-устак мустамлака давридан қолган асоратлар, хусусан, Марказий Осиё давлатлари тарихий чегараларининг бузилгани – этник муаммолар, турли низо ва қарама-қаршиликлар манбаи бўлиб қолгани сир эмас. Бундан ташқари, минтақада ҳалигача турли хил тарихий талқинларнинг мавжудлиги ҳам қўшни давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ўзига хос муаммолар туғдирарди.
Ана шундай вазиятда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати диверсификация қилинди. Умумий тарихий, маданий ва этник хусусиятлар негизида минтақавий интеграциянинг сиёсий ва иқтисодий аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, ҳамкорликдаги йирик лойиҳалар илгари сурилди ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг етакчилик ролини таъминлаш, қўшни давлатлар билан барқарор алоқаларни тиклаш билан боғлиқ муҳим қадамлар қўйилди.
Ташқи сиёсатдаги очиқлик ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликнинг кучайиши нафақат минтақадаги барқарорликни таъминлашга, балки Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда мустақил ва таъсирчан иштирокини кучайтиришга ҳам хизмат қилди. Янги Ўзбекистон фақат қўшни давлатлар билан мулоқотдагина эмас, балки турли халқаро ташкилотларда ҳам ўзининг мустақил позициясини мустаҳкамлаб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” (2024 йил февраль), “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” (2024 йил август) резолюциялари БМТ бош қароргоҳида Ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан маъқуллангани бунинг ёрқин далилидир.
Таъкидлаш лозимки, “Янги Ўзбекистон” концепцияси нафақат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, балки миллатнинг маънавий қиёфаси билан ҳам узвий боғлиқ, албатта. Миллий ўзликни тиклаш, тарихий меросни қадрлаш ва жамиятни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мазмуни ҳам буни яққол намоён этмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бугун Янги Ўзбекистон жаҳонда чуқур маънавий қайта тикланиш ва миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш йўлига кирган мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. Мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар миллий ўзликни шакллантириш билан бир қаторда, минтақавий интеграцияга ва глобал майдондаги субъективликка йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. “Янги Ўзбекистон” концепцияси миллий қадриятлар, тарихий мерос ва замонавий дунёқарашни уйғунлаштириб, жамиятни барқарорлик ва ривожланиш сари етакламоқда.
Умуман олганда, мулоқотда Янги Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида белгилаб олган йўлидан оғишмай, дадил бораётгани чуқур таҳлил қилинган. Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон бугун нафақат ўз тарихи ва маданиятига асосланган миллий ўзликни тикламоқда, шу билан бирга, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Янги Ўзбекистон глобаллашувнинг кучайиб бораётган босимига қарши, ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда, барқарор ва фаровон келажак сари қадам ташламоқда.
Асаджон ХОДЖАЕВ,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори
ЎзА
- Қўшилди: 22.11.2024
- Кўришлар: 744
- Чоп этиш