Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан фойдаланиши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланишга, сайлаш ва сайланишга, референдумда иштирок этишга, шунингдек, фойдаланиш имконияти бўлган мультимедиа воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ёрдамида таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция асосида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун фойдаланиш имконияти бўлган мулоқот шаклларини, шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахслар уларга бемалол кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Фракция аъзолари партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.
М.Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 23.04.2024
- Кўришлар: 1791
- Чоп этиш